Маъруза №15.Махсулот сифати, унинг таърифи, сифат кўрсаткичлари, сифат халкаси ва сифатни бошкариш асослари.
Таянч иборалар:
Маҳсулот; Маҳсулот таърифи; халқаро стандарт ISO 8402; маҳсулотнинг хавфсизлиги; маҳсулотнинг экологиклиги; сифат ҳалқаси; рақобатдош; конструкторлик.
Маъруза режаси:
Махсулот сифати, унинг таърифи;
Маҳсулот сифатининг кўрсаткичи;
Сифат халкаси;
Саноат маҳсулотининг таснифланиши;
Маҳсулотнинг сифатини баҳолаш;
Маҳсулот сифатини ошириш ва бошқариш асослари.
Махсулот сифати, унинг таърифи.
Маҳсулот деганда меҳнат фаолияти жараёнининг моддийлаштирилган натижаси тушунилиб, у фойдали хоссаларга эга бўлади, аниқ ишлаб чиқариш жараёнларида олинади ва муайян жамоа ва шахсий ҳарактерли эҳтиёжларни қаноатлаштириши учун мўлжалланади.
Маҳсулотлар тайёр ҳолда, аниқ бозорда сотилиши учун яроқли ёки тайёрлаш жараёнида, ишлашда, етиштиришда, таъмирлашда ва шунга ўхшашларда бўлиши мумкин.
Маҳсулот таърифи яна бошқа бир ҳужжат – халқаро стандарт ISO 8402 (1991й) да қисқа ҳолда келтирлган бўлиб, «маҳсулот - фаолият ёки жараён натижаси» деб таърифланган.
Маҳсулот моддийлаштирилган (масалан, қисмлар, қайта ишланадиган материаллар) ёки моддийлаштирилмаган (масалан, ахборот ёки тушунча) ёки уларнинг ўзаро уйгунлашган бирикмаси бўлиши мумкин. Маҳсулот ўз ичига хизматни ҳам олади.
Маҳсулотни яратилишида, сотилишида ва истеъмолида ёки ишлатилишида намоён бўладиган холисона унинг хоссаси ҳисобланади.
Маҳсулот кўпгина турли хоссаларга эга бўлиб, у яратилишида, сотилишида ва истеъмолида ёки ишлатилишида намоён бўлиши мумкин. «Ишлатилиши» атамаси шундай маҳсулотга нисбатан ишлатилиши мумкинки, бунда маҳсулотдан фойдаланиш жараёнида у ўз ресурси ҳисобига сарфланади.
«Истеъмол» атамаси шундай маҳсулотга нисбатан ишлатиладики, унинг вазифасига кўра, ишлатилишида ўзи сарфланади.
Маҳсулот хоссаларини шартли равишда оддий ва мураккаб турларга бўлиш мумкин.
Маҳсулотнинг оддий хоссасига масса, сиғим, тезлик ва бошқа кўрсаткичлар киради.
Маҳсулотнинг мураккаб хоссасига мисол сифатида буюм ишининг ишончлилигини олишимиз мумкин. Бу эса ўз навбатида бир қатор оддий хоссаларни ўз ичига олади (бузилмаслиги, чидамлилиги, таъмирланувчанлиги ва сақланувчанлиги кабилар).
Маҳсулот сифати деганда, унинг вазифасига биноан муайян эҳтиёжларни қаноатлантиришга яроқлилигини белгилайдиган хоссалар мажмуаси тушунилади.
Маҳсулот сифати, уни ташкил этувчи буюм ва материалларнинг сифатига боғлиқ. Агар маҳсулот машинасозлик буюмларидан ташкил топган бўлса, маҳсулотнинг сифатини белгиловчи, унинг айрим буюмларининг ҳамда бирхиллик, ўзаро алмашувчанлик ва бошқа шундай хоссаларининг мажмуасидан ташкил топади. Масалан, пахта териш машинасининг сифати, уни ташкил этувчи двигателнинг, шпинделларнинг, болт ва гайкаларнинг, ғилдирак ва ундаги резина кабиларнинг сифатига боғлиқ.
Маҳсулот белгиси деганда маҳсулотнинг ҳар қандай хоссалари ва ҳолатларининг миқдорий ва сифат тавсифлари тушунилади. Сифат белгисига материалнинг ранги, буюмнинг шакли, деталнинг сатҳида ҳимоя ва безак учун маълум қопламаларнинг бўлиши, прокатнинг ён томони (бурчак, тавр, швеллар ва шунга ўхшашлар), маҳсулот деталларининг бириктириш усуллари (пайвандлаш, ёпиштириш, парчинлаш ва шунга ўхшашлар), созлаш усуллари (қўлда, ярим автоматик, автоматик ва шунга ўхшашлар) киради.
Сифат белгилари орасида маҳсулот сифатини бошқаришда катта аҳамиятга эга бўлган статистик назоратда қўлланувчи муқобил белгиси бўлиб, фақатгина иккита бир – бирини инкор қилувчи имкониятлари бўлиши мумкин. Масалан, буюмларда яроқсизликнинг борлиги ёки йўқлиги, деталларда химоя катлами борлиги ёки йўқлиги ва шунга ўхшашлар.
Маҳсулотнинг миқдорий белгиси унинг параметридир. Маҳсулот сифати ўзининг кўрсаткич аломати билан ифодаланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |