Ес= Еер - Еа
Фаол қатламнинг самарали нурланиши унинг ҳароратига, ҳаво ҳарорати ва намлигига ҳамда булутликка боғлиқ. Ер сиртининг ҳарорати кўтарилиши билан Ес кучаяди, ҳаво ҳарорати ва намлиги ортиши билан Ес камаяди.
Самарали нурланиш миқдорига айниқса булутлар кучли таъсир қилади. Булутлик ортиши билан учрашувчи нурланиш ҳам кучайиб, самарали нурланиш эса камаяди. Булутли об-ҳаводаги самарали нурланиш, осмон очиқ бўлгандагига нисбатан кам бўлганидан булутли тунда ер сирти камроқ совийди. Агар булутлар қуюқ (зич), ҳарорати эса фаол юза ҳароратига яқин бўлса, ҳаттоки Еер ~ Еа тенглашиб, самарали нурланиш Ес ~ О га тенг бўлиб қолади.
Самарали нурланиш кундузи ҳам мавжуд. Аммо кундузи уни қуёш радиациясининг ютилган қисми тўлиғича ёки қисман қоплайди.
Ер сиртининг турли жойларида осмон очиқ бўлганда самарали нурланиш кундузи ва кечаси ўртача 0,07-0,14 кВт/м2 чегарасида ўзгаради.
Самарали нурланишнинг суткалик ўзгаришида максимуми соат 12-13 ларда, минимуми эса Қуёш чиқиши олдидан кузатилади. Самарали нурланишнинг максимуми 0,21-0,28 кВт/ м2 гача етади.
Самарали нурланиш йиллик ўзгаришининг бориши фаол юзанинг қандай иқлимли жойда эканлигига боғлиқ. Масалан, континентал иқлимли жойлардаги самарали нурланишнинг йиллик ўзгаришида максимуми ёз ойларига, минимуми эса қиш ойларига тўғри келади.
Биз аввал тўғри радиация атмосферадан ўтиб ер юзига тушганича бирмунча кучсизланишини таъкидлаганмиз. Фаол юзага тушган қуёш радиацияси уни иситади. Исиган тупроқ, экинлар, сув юзаси ўз навбатида узун тўлқинли инфрақизил нурларни чиқаради. Фаол юзанинг узун тўлқинли нурланишини ҳаво таркибидаги сув буғи, карбонат ангидрид гази ютиб, атмосферадан ташқарига ўтказмайди.
Ер учун атмосфера худди иссиқхона ойнаси каби вазифани бажаради.
Маълумки, иссиқхона ойнаси ўзига тушувчи қуёш радиациясининг тақрибан 70% га яқин қисмини иссиқхона ичига ўтказади. Қуёш радиациясининг иссиқхона ичига ўтган қисми тупроқни, экинларни қиздиради. Уларнинг исиб нурланиши эса узун тўлқин узунликли инфрақизил нурланиш бўлганидан, уларни иссиқхона ойнаси ёмон ўтказади. Натижада иссиқхона ичидаги ҳаво ҳаро-рати ташқаридаги ҳароратдан бир неча градусга юқори бўлади. Атмосфера ҳам Ер учун худди шундай «иссиқхона эффекти» вазифасини бажаради.
Агар Ер атрофида атмосфера қатлами бўлмаганида Ер сиртининг ҳарорати ўртача ҳозирги мавжуд 15С эмас, балки –23,0С га тенг бўлиши керак эди. Бунда Ернинг юзини абадий муз қоплаган ва Ердаги ҳаёт шароитлари бутунлай ўзгариб кетган бўлар эди.
Атмосферанинг мавжудлиги сабабли Ер юзида ҳозиргидай ҳаёт шароитлари вужудга келган.
Do'stlaringiz bilan baham: |