3.8. Сочилган қуёш радиацияси
Сочилган қуёш радиациясининг бошланғич манбаи тўғри қуёш радиацияси бўлганлигидан, унинг катталиги тўғри радиация каби Қуёшнинг уфқдан баландлигига, атмосфера тиниқлигига ва осмоннинг булут билан қопланиши даражасига боғлиқ.
Сочилган радиация максимуми, тўғри радиация максимумидан анча оз бўлиб, Ўзбекистон ҳудудида тушки пайтда ўртача 0,10-0,18 кВт/м2 қийматларига эришади. Қуёшнинг уфқдан баландлиги қанчалик юқори бўлса сочилган радиация оқими ҳам шунчалик кўп бўлади. Қуёш уфққа яқинлашган сари эса сочилган радиация оқими камая боради. Атмосфера ифлосланиши кўпайган сари сочилган радиация миқдори ҳам ортади (чунки атмосферадаги қуёш радиациясини сочувчи заррачалар кўпаяди).Сочилган радиациянинг булутликка боғлиқлиги мураккаб характерга эга.
Тропосферада анча юқорида (10-11 км) ҳосил бўлувчи юпқа ва ёрқин (оқ) булутлар сочилган радиация оқимини орттиради. Юқори тўп-тўп булутлар сочилган радиацияни осмон очиқ кундаги қийматига нисбатан 8-10 марта кучайтиради.
Осмонни тўла қоплаган қалин ва кучли энг қуйи қават булутлари сочилган радиацияни, осмон очиқ кундаги миқдоридан камайтириб юборади.
Тошкент шаҳрида ўртача қуёш вақти билан соат 1230 да осмон очиқ куни сочилган радиациянинг энергетик ёритилганлиги январ ойида 0,10, апрелда 0,17, июлда 0,15, октябрда 0,14 кВт/м2га тенг.
Ўзига тушаётган тўғри радиациянинг 70-90% қисмини қайтарадиган қор қоплами сочилган радиация оқимини бирмунча кучайтиради. Осмон очиқ куни олинган жойнинг денгиз сатҳидан баландлиги ошган сари сочилган радиация миқдори камаяди, чунки баландлиги ошган сари тўғри радиацияни сочувчи атмосфера қатламларининг қалинлиги камайиб боради.
Сочилган радиациянинг осмон очиқ кундаги суткалик ва йиллик ўзгариши тўғри радиацияникига ўхшаш бўлади. Аммо эрталаб сочилган радиация Қуёш чиқишидан олдин пайдо бўлади, сўнгра Қуёш уфқдан кўтарилган сари сочилган радиация орта боради, соат 12-13 ларда максимал қийматига эришади ва кечқурун ғира-шира пайтнинг тугаши билан нолга тенг бўлиб қолади.
Йиллик ўзгаришида осмон очиқ бўлганда сочилган радиация максимуми июл, минимуми эса январ ойида кузатилади. Осмон булут билан тўла қопланганда ҳам сочилган радиациянинг йиллик ўзгаришининг бориши анча содда бўлади.
Булутли кунларда эса сочилган радиациянинг суткалик ва йиллик ўзгаришининг бориши анча ўзгариб кетади.
Do'stlaringiz bilan baham: |