бу ерда; Р - атмосферанинг тиниқлик коэффициенти, m - тўғри қуёш радиациясининг ўтган атмосфера массалари сони.
Юқоридаги (3.3) дан m=1 десак, Р= Sm/Sо келиб чиқади. Демак, тиниқлик коэффициенти, бу қуёш зенитда бўлганида (m = 1) атмосферанинг юқори чегарасига тушган тўғри қуёш радиациясининг қанча қисми ер юзига етиб келишини кўрсатадиган сондир. Тиниқлик коэффициентининг қийматлари ҳар доим 1 дан кичик бўлади. Сув буғи бўлмаган ва аралашмалардан тозаланган «идеал» атмосфера учун Р = 0,9 га тенг.
Реал атмосферада эса тиниқлик коэффициентининг қийматлари атмосферадаги сув буғи ва аэрозоллар миқдорига боғлиқ. Масалан, нурлар ўтган массаларнинг сони бир хил бўлсада, аммо уларнинг йўлида сув буғи ва аэрозоллар қанчалик кўп бўлса, тиниқлик коэффициентининг қийматлари шунчалик оз бўлади.
Тиниқлик коэффициентининг қийматлари одатда 0,60-0,85 чамасида ўзгаради. Турлича тўлқин узунликдаги нурлар учун Р нинг қийматлари ҳар хил. Масалан, тўлқин узунлиги 0,30 мкм да Р=0,36 , тўлқин узунлиги 0,70 мкм да Р=0,97 га тенг.
Шундай қилиб, атмосферада тўғри радиациянинг кучсизланишига биринчидан, массалар сони m билан тавсифланадиган нурларнинг атмосферада ўтадиган йўлларнинг узунлиги, иккинчидан атмосферанинг тиниқлигини тавсифлайдиган нурлар йўлидаги кучсизлантирувчи заррачалар концентрациясининг таъсири сабаб бўлади.
Биз юқоридаги (3.3) формулани монохроматик қуёш радиацияси оқимига ёзганмиз. Тўғри радиациянинг умумий (интеграл) оқими учун бу формулани қўллашда р нинг ўртача қийматларидан фойдаланилади.
Умуман олганда, булутсиз атмосферадан ўтишда ютилиш сабабли қуёш радиацияси 20-25% га камаяди. Агар осмон пастки қават булутлари билан тўла қопланган бўлса, ер юзига оз миқдордаги сочилган радиация етиб келади.
Энди атмосферада қуёш радиациясининг сочилишини ҳамда унга боғлиқ вужудга келадиган ҳодисаларни қараймиз.
Тўғри қуёш радиацияси атмосфера қатламларидан ўтишида аввал айтганимиздек атмосфера газлари, сув буғи, карбонат ангидрид гази ва турлича ўлчамли аэрозол заррачаларида ютилиши сабабли қисман кучсизланади. Бундан ташқари бу зарраларда тўғри радиациянинг қисман сочилиши сабабли ҳам бир оз кучсизланади. Агар атмосферада аэрозол заррачалар қанчалик кўп бўлса, қуёш радиациясининг сочилиши ҳам шунчалик кучаяди.
Бирор йўналишда тарқалаётган радиациянинг (тўғри радиация айнан шундай тарқалади), барча йўналишларда тарқалувчи радиацияга айланишига қуёш радиациясининг сочилиши деб юритилади. Турли хил заррачаларда сочилганидан кейин осмон гумбазининг турли нуқталаридан ердаги горизонтал юзага тушадиган радиацияни сочилган радиация деб аталишини аввал қайд қилганмиз.
Сочилиш жадаллиги эса ҳажм бирлигидаги қуёш радиациясини сочувчи заррачалар миқдорига, уларнинг табиатига ва катта-кичиклигига боғлиқ. Сочувчи заррачаларнинг ўлчамлари сочилаётган нурланиш тўлқин узунлигидан жуда кичик, тенг ёки катта бўлиши мумкин.
Даставвал сочувчи заррачаларнинг ўлчами шу заррачаларда сочилаётган нурларнинг тўлқин узунлигидан 10 марта кичик бўлган ҳолни қарайлик. Бундай кичик ўлчамли заррачаларга атмосфера газлари молекулалари киради. Қуёш радиациясининг бундай кичик заррачалардан сочилиши инглиз олими Рэлей топган молекуляр сочилиш қонунига бўйсунади. Бу қонунга мувофиқ молекуляр сочилиш жадаллиги К, сочилаётган нурлар тўлқин узунлиги нинг тўртинчи даражасига тескари мутаносибдир, яъни:
Do'stlaringiz bilan baham: |