Барча агрометеорологик кузатишлар қишлоқ хўжалигида махсус ажратилган участкаларда олиб борилади. Қишлоқ хўжалигига тегишли муассасаларнинг хўжалик далаларида: экинзорларда, тажриба далаларида, боғларда, полизларда, яйловларда уни танлаб олиниши ва станция ёки постларга кузатиш олиб боришга бириктирилиши агрометеорологик кузатиш участкалари (АКУ) дейилади
АКУни танлашда қуйидаги маълум қоидаларга риоя қилиш керак:
1. Тажриба кузатиш олиб бориладиган ердаги экинларнинг майдони бир гектардан кам бўлмаслиги керак;
2. Метеорологик майдонча (ёки пост) билан кузатиш участкаларининг оралиғидаги масофа 3 км дан ошмаслиги керак. Транспорт билан таъминланган станцияларда 5-10 км бўлиши мумкин, лекин дала шароитида рельеф бўйича ва табиий омилларнинг таъсири жиҳатдан фарқ қилмаслиги керак;
3. Метеорологик майдончага яқин хўжаликларда турли экинзорлар, боғ-полизлар ва бошқалар мавжуд бўлса кузатувчининг ишини-йўлини қисқартириш учун АКУни шу хўжаликдан танлаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
АКУ танлашда суғориладиган ёки суғорилмайдиган ер бўлиши-дан қатъий назар хўжаликдаги ишлаб чиқариш жабҳаларидаги экинларга мос бўлишига эътибор бериш ва агротехника тадбирларини ўтказиш талаб даражасида бўлиши керак. Ҳар қайси кузатиш участкалари доимий сон-рақам билан белгилаб қўйилади. Бу қўйилган рақам участкаларнинг чизма шаклларида ва дала китобчасига ёзилади. АКУ нинг ҳудуди иложи борича бир турда бўлишини таъминлаш керак. Масалан, рельефга нисбатан АКУнинг танлаш нисбий бўлиб бунда текис ва эгри-бугри ерлар бир-биридан 200 м баландликдан ошмаслиги лозим. Қиялик очиқ ерларда шимолдан, шарқдан, ғарбдан ва жанубдан ерга ёруғлик тушадиган жойлар танланади. Очиқ текис далаларда АКУ танланган ерларнинг қиялиги 2(градус) дан ошмаслиги керак. Хўжаликларда экинлар жойлашган нишаб ерларнинг ёнбағирларидаги майдонларнинг қиялиги 2-5, ўртача қиялик 5-10, тикроқ қияликларида - 10 дан ошиши мумкин.
АКУ ни танлашда тупроқ ости чуқурликлардаги сувларнинг кўтарилиши ва пастга силжиши каби маълумотларга эътиборни қаратиш керак. Бунда қуйидагиларга риоя қилинади:
а) йил давомида қумлоқ тупроқларда ер ости сувининг кўтарилиши 5 м дан, қумтош тупроқларда 3 м дан зиёд бўлмасин. Тупроқнинг яхлашига ва намлик тартиботига ер ости сувининг таъсири сезилмасилиги керак;
б) ер ости суви қумлоқ тупроқларда 2 дан 5 м гача, қумтош тупроқли далаларда - 1 дан 3 м гача бўлиши керак. Бунда фақат айрим даврларда тупроқнинг музлашида ва намлик тартиботида ер ости сувларининг таъсири бўлади.
в) йилнинг айрим даврларида ер ости сувларининг кўтарилиши қумлоқ тупроқларда 2 м ва ундан кам, 1 м ҳам бўлиши мумкин.
АКУ ни танлашда тупроқнинг агрогидрологик хусусиятларини ҳам эътиборга олиш зарур. Тупроқнинг 10 см қатламида ўсимликнинг сўлиш намлиги миқдори 3%, максимал гигроскопиклиги эса абсолют қуруқ тупроққа нисбатан 2% бўлса; қумтош аралашган далаларда сўлиш мумкин бўлган намлик миқдори 2%, максимал гигроскопик намлик 1% бўлган майдонлар бир турдаги участкалар деб ҳисобланади.