7.4. Ёғинларнинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун аҳамияти. Ёғинлар қишлоқ хўжалик далаларидаги намнинг асосий манбаи бўлиб,ўсимликлар ҳаётида муҳим аҳамиятга эга.
Ёғинларни тупроқнинг ўзлаштириши жойнинг рельефига, тупроқ структураси ва намланганлигига, таглик сиртнинг турига, шунингдек ёғинларнинг жадаллиги ва давомийлигига боғлиқ.
Ёғинлар жойнинг рельефига боғлиқ равишда тупроқни бир текисда намламайди. Кичик горизонтал далани ёғин бир текисда намлайди деб айтиш мумкин. Аммо катта горизонтал майдонларни ёғин бир хил намлайди деб тасдиқлаш қийин.
Тепалик ва пастқамлик рельефли жойларда ёмғир суви пастга оқиб тушади. Натижада ёнбағирнинг устки қисми намни кам, пастки қисми юқори қисмларидан намни 1,5-2 марта ортиқ олади.
Юқори структурали тупроқлар намни структурасиз ёки кам структурали тупроққа қараганда яхши ўзлаштиради.
Атмосфера ёғинлари структурасиз тупроқлардан секин ўтади.
Экинларга тушган ёғинларнинг бир қисми ўсимлик сиртини ҳўллашга сарфланади, қолган қисми эса тупроққа етиб боради.
Маълумотларга қараганда баҳори буғдой экинида пояларнинг қалинлиги ва иқлим шароитларига боғлиқ равишда бутун вегетация даврида ёққан барча ёғинларнинг 10-35 фоизи ўсимлик сиртини ҳўллашга сарфланади ва тупроқка етиб бормайди.
Шунинг учун ёғиндан очиқ ер (шудгор) ёки қатор ораларини чопиқ қилинадиган экинлар остидаги тупроқ, зич ўсимлик қоплами остидаги тупроқдан кўпроқ нам олади.
¶овак тупроқ зич тупроққа нисбатан намни кўп ўзлаштиради. Кам намланган тупроқ намни кўпроқ намланган тупроққа нисбатан кучлироқ ўзлаштиради.
Буркама ёғинлар тупроққа яхши сингади, чунки уларнинг жадаллиги унчалик катта эмас ва ёғиш вақти эса анча катта.
Жала ёғинлар кўпинча қисқа муддатда ёғади ва жадаллиги катта бўлади. Бунда тупроқ ёғин сувини шимиб (сингдириб) улгуролмай қолади, натижада тўпланган сув пастқам ерларга қараб оқади, сув оқимлари ёнбағирлардан тупроқни ювиб ва бўш илдиз олган ўсимликларни кўчириб олиб кетади.
Ёғинларнинг ўсимликка таъсири ўсимлик ривожланишининг фазаларига ва ҳолатига, ёғинларнинг жадаллиги ва ёғиш давомийлигига қараб фойдали ёки зарарли бўлиши мумкин. Ўриб уюм -уюм қилиб тўплаб кетилган ғалла поялари ва бошоқлари бир неча кун ёмғир остида қолиб кетса, ғалланинг униб чиқишини вужудга келтиради. Бундай ҳолат, янчиш ишларининг боришига салбий таъсир қилади.
Масалан ёмғирлар кунгабоқарнинг гуллаши олдидан ва гуллаганидан кейинги ҳафта муддатида қулай (фойдали). Аммо ёмғирларнинг икки ҳафтадан кейин ҳам давом этиши кўпинча ҳосилнинг камайишига олиб келади.
Мевали дарахтларнинг гуллаганидан кейин ҳам кучсиз қисқа муддатли ёғинлар фойдали.
Ток учун гуллашдан кейин мўл ва қисқа муддатли ёғинлар қулай, чунки улар тупроқдаги намлик заҳирасини тўлдиради.
Шамол билан биргаликда ёғадиган кучли ёмғирлар ток новдаларини синдириб, тупроқ қатламини ювиб кетади, гулларнинг яхши чангланмаслигига ва кўплаб тўкилиб кетишига олиб келади. Узум пишишига яқин ёққан ёмғирлар таъсирида ғужумлар пўсти ёрилиб, ҳосил сифатига путур етади. Ўзбекистонда дўл ёғиши кўпроқ ток авж олиб ўсаётган давр (апрел-май ойларига) тўғри келади. Дўл айниқса, ёш новдалар жадал ўсаётган, ток гуллаётган, ғужумлар ривожланаётган даврда жуда хавфли ва келгуси йил ҳосилига жиддий зарар етказади. Дўл таъсирида ўсимликнинг найсимон-ўтказувчан тизими ҳамда моддалар алмашинуви (метаболизм) жараёни бузилади.
Шундай қилиб, ўсимлик ривожланишининг сувга энг кўп талаб даврларида ёққан ёмғирлар энг самарали бўлади. Ўсимлик ривожланишининг критик даврларида яъни сувни энг кўп истемол қиладиган даврларида нам етарли бўлса, ўсимлик тўхтовсиз ўсади ва ривожланади. Ҳосилни йиғиштириб олиш даврида узоқ давом этган ёмғирлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига зарар етказади. Дон экинларининг ҳосили пишган даврдаги кучли ёмғирлар бу экинларнинг ётиб қолишига сабаб бўлади, шунингдек ўсимлик пояларининг қайтадан кўкариб ўсишига олиб келиб ғалла ўриш комбайнларининг ишини қийинлаштиради. Аммо ёғинларнинг узоқ вақт бўлмаслиги ҳам қурғоқчиликни келтириб чиқаради. Ҳаттоки тупроқ намлиги етарли бўлган ерларда ҳам июн, август ойларида 8-10 кун ёғин бўлмаса ҳайдалма қатламда намлик етишмай қолади. Ёғинлар узоқ муддат бўлмаса ва ҳавонинг ҳарорати юқори бўлса ҳайдалма қатлам тупроғи қурий бошлайди.
Бу эса ўсимликларнинг органик моддаларни тўплашини секинлаштиради, аста–секин қуриб қолишига олиб келади.
Ёғингарчиликнинг кам бўлиши, тупроқ сувининг буғланиб кетиши, ҳавонинг нисбий намлигининг кам бўлиши, ўсимлик ўзлаштирган сувдан, буғланиб сарфланган сувнинг кўп бўлишига ва ўсимликнинг сўлиб қолишига сабаб бўлади. Бундай ҳолат узоқ муддат таъсир этса ўсимлик қуриб қолади, шикастланади, ҳаттоки нобуд бўлади.
Қурғоқчилик айниқса суғорилмайдиган майдонларда катта зарар келтиради. Ёғинлар режимига боғлиқ равишда ғалла экинларини ўриб йиғиштириб олиш турли усулларда бажарилади. Чўл районларда ғаллани аввал ўриб ташланади ва 4-5 кун ўтгач қуриганидан кейин комбайн билан янчилади.
¶аллани ўриш даврида ёғингарчилик бўлиб турадиган ерларда эса ҳосилни бир йўла комбайн билан ўриб олинади, қуритилади ва янчилади.
Ўзбекистон иқлими шароитида ғаллани ҳосил тўлиқ пишганда бир йўла ўриб йиғиштириб олиш усули кенг тарқалган.
Ниҳоят қишки қор шаклидаги ёғинларнинг тупроқ намлигини оширишини, қор қопламининг баҳорда эриб дарёларни сув билан таъминлашини яна бир бор эслатиб ўтамиз.