Кузатувчи турган жойда осмон гумбазидаги булутлар тўпламига булутлик дейилади. Метеорологик станцияларда булутларнинг баландлиги, миқдори ва кўчиш йўналиши аниқланади.
Осмоннинг булут билан қопланиш даражасини булут миқдори деб юритилади. Булут миқдори 10 баллик шкала бўйича кўз билан баҳо-ланади. Осмонда булут йўқ бўлганда «0» балл қўйилади. Агар булут осмон гумбазининг 0,1 қисмини қопласа 1 балл, 0,2 қисмигача қопласа 2 балл, осмон булут билан тўла қопланганда 10 балл қўйилади. Агар булутлар қопламида умумий майдони 0,5 баллдан кичик очиқ қисмлар бўлса, у ҳолда 10 сони квадрат ичига, яъни шаклида ёзилади.
Булутлар миқдорини аниқлашда дастлаб умумий булутликни, яъни 10 барча қават булутларнинг умумий миқдорини, сўнгра пастки қават булутлари алоҳида баҳоланади.
Агар булутлар миқдори 0-2 балл бўлса осмон очиқ, 3-7 балл бўлса осмон ярим очиқ ва 8-10 балл бўлса осмон булут билан қопланган ҳисобланади.
Ўзбекистон текисликларида январ ойида булутли кунларнинг ўртача кўп йиллик такрорланиши умумий булутлик бўйича 55-60 фоизни ташкил этади ва фақат Қизилқум чўлининг марказий қисмида 50 фоизгача камаяди.
Қуйи қават булутлик кунларининг такрорланиши умумий булутлик бўйича Устюртда ва Орол денгизи қирғоқларида 40 фоиздан ва Қизилқум чўлининг марказий қисмида 28-30 фоизгача ўзгаради.
Ёзда (июлда) булутлар миқдори анча кам. Июл ойида умумий булутлик кунларининг такрорийлиги Устюртда 25%, Қизилқум чўлида 15%, Қарши чўлида эса 3-4% ни ташкил қилади.
Умумий булутлик бўйича булутли кунларнинг ўртача кўп йиллик сони Устюртда 90-100 кундан, Қизилқум чўлининг жанубий қисмида эса 50-55 кунгача ўзгаради. Бу ерларда қуйи қатлам булутлик кунларининг ўртача сони мос равишда 40-50 ва 13-15 тенг. Ҳаво очиқ кунларининг ўртача кўп йиллик сони Устюртда энг кам 73-75 кундан, Қарши чўлида эса энг кўп 140-150 кунгача ўзгаради.
Фарғона водийси ва Сурхондарё ҳавзасида январ ойида умумий булутлик бўйича булутли кунларнинг такрорийлиги 53-63% атрофида ўзгаради.
Қуйи қатлам булутларининг такрорийлиги Ўзбекистоннинг тоғ олди туманларида 30-40% ташкил қилади. Июл ойида эса тоғ олди туманларида барқарор кам булутли ҳаво кузатилади.
Тошкент шаҳрида январ ойида умумий булутлик кунларнинг ўртача кўп йиллик такрорийлиги 64 фоизга, қуйи қават булутлик кунларининг такрорийлиги эса 28 фоизга тенг бўлади. Тошкент шаҳрида июл ойида умумий булутлик кунларнинг ўртача кўп йиллик такрорийлиги 11 фоизга, пастки қават булутлик кунларнинг такрорийлиги эса 2 фоизгагина тенг.
Текисликларда булутликнинг суткалик ўзгаришида булутли осмоннинг такрорийлик максимуми қишда (65-67%) кундузги муддатларда рўй беради. Баъзи тоғ олди метеорологик станцияларда (Тошкентда) максимум эрталаб кузатилади.
Текисликларда ўрта қават булути Aс энг кўп такрорланади (21-24%). Тошкентда қишда патсимон булутлар Ci (68%) ва юқори тўп-тўп булутлар Aс (55%) афзал бўлади.
Ёзда патсимон булутларнинг такрорийлиги 39-48% гача камаяди, аммо вертикал ривожланиш булутлари Cu нинг такрорийлиги эса кучаяди.
Ёғин берадиган ёмғирли қатлам булутлар совуқ ярим йилликка хос (17%), ёмғирли тўп-тўп булутлар эса апрел-май ойларида вужудга келади.