3.2 - расм. Турли ўсимликларда фотосинтез ёруғлик эгри чизиқлари.
.2-расмдан кўринадики, бодринг баргларида ФФР нинг энергетик ёритилганлиги компенсацион нуқтадан тахминан 70 Вт/м2 гача ошганида фотосинтез маҳсулдорлиги чизиқли ортади, сўнгра ФФР нинг энергетик ёритилганлининг янада ортишида фотосинтез жадаллиги ортиши секинлаша бошлайди. ФФР энергетик ёритилганлиги 400-420 Вт/м2 ларгача ошганида эса (СО2нинг миқдори одатдагича бўлганида) фотосинтез жадаллиги деярли ортмай қолади ёки фотосинтезнинг ёруғлик эгри чизиғи қарийб ётиқ давом этади.
Бу ҳолатни фотосинтезнинг ёруғликка тўйиниши деб юритилиб, у берилган шароитда фотосинтез жадаллигининг максимал қийматига мос ФФР энергетик ёритилганлиги қийматини билдиради. Ёруғлик эгри чизиғининг абсцисса ўқи билан ҳосил қилган бурчаги эса фотосинтезда нурий энергиядан фойдаланиш самарадорлигини тавсифлайди.
Биргина ўсимликнинг баргларидаги ёруғлик эгри чизиқларининг ўзгариши ҳаво ҳароратига ва нисбий нам-лигига боғлиқ.
Шунингдек 3.2-расмдан бошқа ўсимликларда ҳам фотосинтез ёруғлик эгри чизиқлари характери юқоридагига ўхшашлигини, аммо улардаги фотосинтезнинг ёруғликка тўйиниши ФФР энергетик ёритилганлигининг турлича қийматларига мос келишлигини кузатиш мумкин.
Ўсимликка тушаётган ФФР нинг энергетик ёритилганлигини ўлчашга қараганда ФФР дан вужудга келган ёритилганликни ўлчаш осон. Шунинг учун кўпинча фотосинтез жадаллигининг ёритилганликка боғлиқлик графиклари келтирилади.
Шундай деб олганимизда кўпчилик қишлоқ хўжалик экинлари учун компенсацион нуқтада ёритилганлик 2-5 минг лк (люкс) га, фотосинтезнинг ёруғликка тўйиниши эса (50-70) минг лк ёритилганликка тўғри келади.
Кундузи ўсимлик устидаги ФФР миқдори юқорида келтирилган қийматлардан ошиқ бўлади, аммо экинларнинг пастки қисмларига тушадиган ФФР миқдори булутли кунларда етарли бўлмаслиги мумкин.
Чунки экинларнинг бўйи ортган сари пастки ярусларга ўтувчи ёруғлик оқими камаяди. Бунда экинларнинг устки қисмида фотосинтез учун ФФР етарли бўлсада, аммо пастки ярусларда ФФР нинг энергетик ёритилганлиги компенсацион нуқтадан кам бўлиши мумкин.
Ҳозирги вақтда бирор жойга тушувчи ФФР ни, ўша жойга тушувчи тўғри ва сочилган радиацияларнинг ўлчанган қийматлари асосида ҳисобланади. Б.И. Гуляев, Х.Г. Тооминг, Н.А. Ефимовалар ФФР ни ҳисоблаш учун қуйидаги тенгламани тавсия этганлар:
(3.1)
Бу ерда; QФФР - Фотосинтетик фаол радиация, S1 - горизонтал юзага тушувчи тўғри радиация, D - сочилган радиация. Одатда амалий мақсадлар учун QФФР,, S1, D ларнинг ўн кунлик, ойлик ва вегетация даври учун йиғинди қийматлари ҳисобланади.
Агар йиғинди қуёш радиацияси ҳақида маълумотларга эга бўлсак, ФФР учун тахминан йиғинди радиация қийматининг ярмисини олиш мумкин, яъни
(3.2.)
Ҳозирги вақтда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудудларига вегетация даврида тушадиган ФФР хариталари тузилган ва улардан қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун табиий ресурсларни баҳолашда фойдаланилади.