ХОТИМА Ўзбекистон ва унинг жанубида жойлашган Қашқадарё, Сурхондарё воҳаси қадимдан маданият, санъат, илм-фан ривожланган ўлкалардан бири бўлган. Бироқ Чор Россияси истилоси ва мустабид тузуми даврида Ўзбекистон, саноат учун хом ашё етказиб беришга айланиб қолди. Сиёсий ва иқтисодий ҳаётда бўлганидек, маънавий-маданий соҳада ҳам мустамлакачилик тартиблари жорий этилди. Босқинчилар маҳаллий халқ урф-одатларини, тилини, фани ва маданиятини оёқ ости қилиб, улуғ давлатчилик манфаати йўлида рус маданиятини ёйиш ва маҳаллий аҳволини руслаштириш сиёсатини олиб борди.
Халқимизнинг ўтмиш маданиятидан муносиб ўрин эгаллаган мактаб ва мадрасалари фаолиятига ҳурматсизлик билан қаралди. Ўлка аҳолиси бутунлай саводсиз деган ғоялар илгари сурилди. Миллий таълим тизимига қарши кескин кураш олиб борилди. Ўлкада рус-тузем мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. Мадрасаларни тугатиб чиққан зиёлиларнинг имкониятлари чекланди. Шундай қийин бир шароитда, таълим тизимидаги муаммоларни англаб етган маърифатпарварлар янги усулдаги “усули жадид” мактабларини очиб, халқни маърифатли қилишга киришдилар. Лекин, миллий таълим тизими муассасалари фаолияти ҳар хил баҳоналар билан таъкиқланди ва уларнинг мавқеи синдирилди. Халқимизнинг ўтмиш маданиятига беписандлик билан қараш ҳолатлари кучайди.
-1917 йил октябр тўнтариши натижасида ҳокимият тепасига келган большевиклар давлати рус босқинчилари сиёсатини давом этшриб, ерли халқ миллий маданияти, урф-одатлари, кадриятларига қарши муросасизларча кураш олиб борди. Уларнинг коммунистик мафкурасига асосланган зўравонлик йўли, рус миллати манфаатларини кўзлаб амалга оширган ишлари, ерли халққа ўтказган зуғуми чор Россияси босқинчиларидан ҳам ўтиб кетди.
20-йилларнинг бошларида миллий таълим тизимидаги муассасалар сони онгли равишда қисқартирилган бўлса, 30-йиллар бошида уларнинг фаолияти бутунлай тақиқланди. Масжидлар вайрон қилинди, миллий мактаб ва мадрасаларнинг бинолари бузиб ташланди, ёки улардан турли мақсадларда фойдаланилди. Ноёб асарлар, илмий ва диний китоблар, дарсликлар, қўлёзмалар йўқ қилинди. Халқимиз маънавий ҳаётдан муносиб ўрин эгаллаган мактаб ва мадрасалар ҳақидаги бор ҳақиқат бир томонлама талқин этилиб, кенг жамоатчиликка етказилди.
Совет давлати Ўрта Осиёда ҳукумронликни таъминлашга қаратилган сиёсатини амалга ошириш учун кенг таълим тизимини жорий этди. Етарли моддий-техника ва ўқув қуроллари заҳирасини яратмасдан Европа услубидаги мактабларни ташкил этишга киришди. Сунъий шуҳрат кетидан қувган большевиклар аҳолини ёппасига саводхон қилишга киришиб, барча катта ёшдаги аҳолини саводсизлик мактабларига жалб этди. Таълим тизими шўро давлати манфаатлари нуқтаи-назаридан келиб чиқиб, фаолият олиб борди. Таълим бериш жараёнида тарбияланувчилар миллий тарбиянинг мазмуни ва асосларидан узоқлаштирилиб, улар онгига социализм ғоялари сингдирилди.
Кишилик жамияти тараққиётида кадрлар ҳал қилувчи рол ўйнайди. 20- йилларда Совет ҳукумати томонидан очилган мактаблар учун олий ва ўрта махсус маълумотли ўқитувчи кадрлар тайёрлаш энг асосий масалалардан бири эди. Дастлабки йилларда совет тизимига ҳайриҳоҳ бўлган маҳаллий зиёлилар совет мактабларида муаллимлик қилишга жалб этилди. Шу билан бирга ишчи деҳқонлар орасидан зиёлилар қатламини вужудга келтириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. Совет ҳукумати таълим соҳасининг синфий душмандан тозалаш сиёсатини олиб борди. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг совет мактабларида меҳнат қилган кўпгина зиёлилар қатағон қилинди.
Шўролар ҳукумати кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш соҳасида маълум ишларни амалга оширди. Ўрта ва олий маълумотли ўқитувчи кадрлар тайёрловчи ўқув даргоҳлари ташкил этилди. Қисқа муддатли педагогик курслар фаолияти йўлга қўйилди. Жанубий вилоятларда маҳаллий аҳоли вакилларидан кадрлар тайёрлаш мақсадида педагогика билим юртлари ташкил этилди. Икки йиллик курслар фаолиятига эътибор қаратилди.
Бироқ, урушгача бўлган йилларда Қашқадарё ва Сурхондарё мактаблари ўқитувчи кадарлар билан етарлича таъминланмади. Миллий мутахассисларнинг табиий фанларни ўрганишга бўлган қизиқишига йўл берилмади. Иқтидорли миллий мутахассислар томонидан яратилган тадқиқотлар, кашфиётлар назар писанд қилинмади. Педагогик таълим кўпроқ ғоявий усулда ташкил этилиб, мавжуд тузум ғоясини сингдиришга мослаштирилди. Шунинг учун мактабларда таълим берган ўқитувчиларнинг асосий қисми педагогик курсларни битирганлар ҳисобидан тўлдирилди. Бу эса зиёлилар сафини билими ва савияси паст кишилар билан тўлдирилишига олиб келди. Кадрлар тайёрлашда фуқароларнинг қобилияти, маълумоти эмас, балки ижтимоий келиб чиқишига асосий эътибор қаратилди.
Октябр давлат тўнтариши натижасида ҳокимият тепасига келган большевиклар партияси ўз мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида маданий-маърифий муассасалар фаолиятини кенг йўлга қўйди. Қизил чойхоналар, қизил бурчаклар, клублар ташкил этди. Уларнинг олдига совет давлати сиёсатини қўллаб-қувватлаш, аҳоли ўртасида ташвиқот ишларини олиб бориш, партия аъзолари сонини оширишга ёрдамлашиш, аҳолини жамоалаштириш ишига фаол қатнашишга даъват этиш каби вазифалар қўйилди. Ўзбек халқи миллий урф-одатлари, қадриятлари, диний эътиқодлари эскилик сарқити сифатида қораланди.
-Хотин-қизлар масаласи жаҳоннинг барча давлатларида энг муҳим ижтимоий масалалардан бири ҳисобланади. Шўро ҳукумати томонидан амалга оширилган “Ҳужум” ҳаракатининг ўзига хос ижобий ва салбий жиҳатлари мавжуд. “Ҳужум” компаниясининг шошма-шошарлик билан амалга оширилганлиги сабабли, Ўзбекистоннинг жанубида ҳам кўплаб хотин-қизларнинг бошига оғир мусибатлар тушди. Аёллар эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлиб, энг оғир иш жараёнларида ҳам уларнинг меҳнатидан фойдаланилди. 1930 йилда Ўзбекистоннинг пахтакор туманларида ишчи кучининг 80 % аёллар ташкил этди. 1939 йилга келиб эса эркаклар ба-жарадиган ишларнинг 50 фоизи аёллар зиммасига тушди. Бунинг оқибатида ота-боболаримиз томонидан эъзозланиб, ардоқланиб келинган аёллар оила, фарзанд тарбиясидан йироқлашиб борди. Оилаларда маҳаллий миллат фарзандлари учун ёт бўлган тарбия усуллари қўлланила бошланди.
-Маданий-маърифий ишларнинг асосий тармоқларидан бири |кутубхоналардир. Шўро ҳукумати ўрнатилган дастлабки йилларданоқ, кутубхона соҳасини яхшилаш мақсадида қатор қарорлар қабул қилди. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ташкил этилган кутубхоналарнинг асосини туман, қишлоқ, колхоз, мактаб, клублар ихтиёридаги кутубхоналар ташкил этди. Кутубхоналар сон жиҳатидан ошиб борди. Аммо уларнинг фаолиятида талайгина муаммолар мавжуд эди.
1920-1940 йилларда жанубий вилоятлардаги кутубхоналарнинг биронтаси ҳам махсус биноларга эга эмас эди. Колхоз ва қишлоқ кутубхоналари номигагина мавжуд бўлиб, уларнинг китоб фонди жуда оз эди. Кутубхоналарнинг китоб фонди русча нашрлар билан тўлдириб келинди. Ўзбек миллий мумтоз ва диний руҳдаги асарлар китоб жовонларидан олиб ташланди ва йўқ қилинди. Кутубхоналарни мутахассис кадрлар билан таъминлашга жиддий эътибор берилмади. Урушгача бўлган йилларда жанубий вилоятларда кутубхоначи кадрлар тайёрловчи ўқув юртлари ташкил этилмаган эди.
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ва вилоятларнинг бир қатор туманларида газеталар нашр этиш йўлга қўйилди. Газеталар саҳифаларида маҳаллий аҳолини социалистик қурилишга жалб этиш, коммунистик партия сиёсатини қўллаб-қувватлаш, социалистик мусобақани кенг ёйишга бағишланган мақолаларга ўрин ажратилди. Газета большевиклар партияси сиёсатини халққа етказувчи, халқ билан партия алоқасини мустаҳкамловчи ҳамда “социализм” душманларини қораловчи, қатағон қилувчи махсус материалларни ёритувчи восита бўлиб, ҳукмрон мафкура қўлидаги ўткир қурол вазифасини бажарди.
Маъмурий-буйруқбозлик тузуми йилларида шарқ меъморчилиги асосида асрлар давомида бунёд этилган бинолар, масжид ва мадрасалар, янги шаҳарлар қуриш баҳонаси билан, эскилик сарқити сифатида бузиб ташланди ёки маъмурий идоралар ихтиёрига берилди. Мадрасаларнинг биноларидан қамоқхона, тери касалликлари диспансери, устахона, ҳатто, омборхона, отхона ва шунингдек бошқа камситувчи воситалар учун ҳам фойдаланилди. Бу эса шарқ меъморчилиги анъаналарини ўзида мужассам этган қадимий обидаларнинг унутилишига сабаб бўлди. Ёш авлод шарқона меъморчилик сирларидан бенасиб этилди.
Ўзбекистоннинг Жанубий вилоятларидаги шаҳар ва қишлоқларда азалдан ота-боболари ҳунармандчилик билан шуғулланган аҳоли кўпчиликни ташкил этарди. Совет давлати ҳукмронлиги йилларида хусусий мулкчилик тақиқланиб, унинг ўрнини умумхалқ мулки эгаллади. Ҳунармандлар кооперативларга мажбуран бирлаштирилди. Завод ва фабрикалар ташкил этилди. Бу янги масканларда ишлаб чиқарилган маҳсулотларда хилма-хиллик, нафислик, гўзаллик аста-секин ўз мавқеини йўқотиб борди. Шунингдек миллий ҳунармандчилик, санъат, рассомчилик, заргарлик, шарқона уй-жой қуриш, безаш каби миллий анъаналарни йўқотишга ҳамда бу борадаги касб эгаларининг ишсиз қолишига олиб келди.
1920-1940 йилларда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари аҳолисининг миллий қўшиқчилигида халқ оғзаки ижоди катта аҳамият касб этади. Шеробод, Бойсун, Қамаши, Чироқчи, Ғузор худудларида достончилик мактаблари мавжуд эди. Қашқадарё ва Сурхондарё воҳаси бахшилари устоз-шогирд анъанасини давом эттириб халқимиз томонидан эъзозланиб келинаётган достонларни ижро этдилар. Уларни сақлаб қолишга, келгуси авлодга етказишга катта ҳисса қўшдилар. Аммо, шўролар истибдоди йилларида бахши-шоирлар таъқиб остига олиниб, миллий адабиётни, ҳалқ орзу-умидларини реалистик асосда ёритишга, миллий қадриятлар, анъаналар руҳида асарлар ёзиш, ёрқин келажак ҳақида фикр юритиш қатъиян тақиқланди, уларнинг эркин ижод қилишларига йўл берилмади.
Урушдан олдинги йилларда санъатнинг янги тури бўлган, кино санъатига асос солинди. Кино халқнинг маънавий дунёсини бойитишда маълум рол ўйнади. Бироқ, юртимизда кинотеатрлар қуриш, уларни махсус асбоб-ускуналар билан таъминлаш даражаси собиқ иттифоқнинг марказий ҳудудларидан анча орқада эди.
Совет давлати ҳукмронлиги йилларида театр соҳасини ривож-лантиришга алоҳида аҳамият берилди. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳам театрлар ташкил этилди, уларнинг оммага маънавий таъсири сезиларли даражада ортди. Бу соҳа ҳам ҳукмрон мафкура исканжасида фаолият кўрсатиб, театр саҳнасида миллатнинг ички зиддиятларини кўчайтиришга ҳаракат қилиниб, миллий озодлик ҳаракати тескари талқин этилди. Ватан учун курашганлар гуёки халқ душмани қилиб кўрсатилди. Шундай бўлса-да, вилоятларда етишиб чиққан исътедодли актёрлар санъатимиз ривожига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар.
Ўзбекистоннинг жанубий вилоятлари маданият тарихи жуда бой бўлиб, узоқ ўтмишга бориб тақалади. Уни чуқур ўрганиш, соҳада эришилган муваффақиятлар ва йўл қўйилган нуқсонлар негизини аниқлаб, тегишли хулосалар чиқариш бугунги мустақиллик даври маънавияти ва маданияти муаммоларини аниқ тасаввур қилиш имконини беради. Келгусида маданият соҳаси истиқболларини белгилашда қўл келади.
1920-1940 йилларда Ўзбекистоннинг жанубий вилоятлари маданият соҳаси тарихини ўрганиш қуйидаги таклиф ва мулоҳазаларни баён этиш имконини беради:
Совет ҳукуматининг маҳаллий халқ урф-одатлари, қадриятларини таҳқирлаш масжид, мадрасаларни бузиш, миллий таълим тизимини ислоҳ қилиш ғояси билан чиққан зиёлиларнинг таъқиб остига олинганлиги ҳолатларини кескин қоралаб, бугунги ёш авлодга тарихий обидаларни асраб-авайлаш, ўтмиш тарихимизни холисона бақолаш ва қайта ўрганиб ёшлар онгига миллий қадриятлар, миллий мустақиллик ғояси ва мафкурасини чуқур сингдириш жамиятшунослар олдида турган асосий вазифалардан биридир.
Совет давлатининг янги мактаб тизими фаолиятини йўлга қўйиш тажрибаларини умумлаштириш, йўл қўйилган хатоларга холисона баҳо бериш ва ундан тегишли хулосалар чиқариб, мустақиллик шароитида фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури”, “Таълим тўғрисида”ги қонунга асосланиб, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида мустабид шўролар давридан қолган таълим-тарбия тизимига хос мафкуравий қарашлардан ва сарқитлардан тўлиқ қутилиш, ўқув жараёнларини янги педагогик технология билан бойитиш муаммоларини ижобий қал этиш, ҳозирги давр талаби асосида тараққий топган демократик давлатлар талабларига мос услублардан фойдаланиш, Академик лицейлар ва коллежларнинг таълим-тарбия борасидаги сифат ва самарадорлигини мунтазам ошириш, мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, болаларнинг ақлий ва жисмоний қобилиятларини ривожлантириш учун барча шарт-шароитларни яратиш, иқтидорли ёшлар учун махсус мактаблар ва интернатлар сонини ошириш бугунги куннинг асосий талабидир.
-Совет давлатининг педагог кадрлар тайёрлаш ишини ташкил этишнинг 1920-1940 йиллардаги тажрибаларини умумлаштириш, уларнинг ғаразли мақсадларига ҳаққонийлик билан баҳо бериш асосида мустақиллик даврига мос хулосалар чиқариш лозим. Ўқитувчи кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш масаласи Ўзбекистон республикасининг “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” талабларига мос равишда амалга оширишни тақозо этади. Республиканинг жанубидаги ўқитувчи кадрлар тайёрловчи олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан ўзгартириш, уларни ривожланган мамлакатлар мутахассислари билан рақобатлаша оладиган даражага етказиш зарур.
Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида сақланиб қолган меъморий обидаларни асраб-авайлаш қатори таъмирлаш, уларнинг маънавиятимиздаги ўрни ёки авлод онгига сингдиришга эришиш мақсадга муофикдир.
Мустақиллик даврида маданий-маърифий ишларни амалга оширишда 1920-1940 йиллар тажрибаларидан фойдаланиш, маданий-маърифий муассасаларни ёшларни ҳақиқий санъат, чинакам бадиий гўзаллик руҳида тарбияловчи масканлар даражасига кўтариш лозим. Бу даргоҳларда турли анжуманлар, давра суҳбатлари, баҳс-мунозаралар, учрашувлар уюштириш замон талабидир.
Бугунги кунда қонун устивор бўладиган одил демократик давлат барпо этиш сари бораётган Ўзбекистонда, бошқа соҳалар сингари кутубхоначилик ишини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниши мақсадга мувофиқдир. Кутубхоналарда пуллик хизматлар ташкил этиш, хайрия жамғармалари, саховатли кишиларнинг беминнат хизматларидан фойдаланиш, кутубхоналар қошида уларни қўллаб-қувватловчи жамғармалар тузиш, халқаро алоқа тизими хизматини йўлга қўйиш кун тартибидаги муҳим вазифалардир. Китоблардан фойдаланишнинг электрон нусхаларига ўтиш замон талабидир.
Ўзбекистон Жанубида Республика аҳолисининг 15,3 фоизи истиқомат қилади. Шу ҳолатни ҳисобга олиб, Қарши ёхуд Термиз шаҳрида олий маълумотли кадрлар тайёрловчи маданият институтини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.
1920-1940 йилларда яшаган бахши-шоирларнинг маданий меросини тўплаб, нашр эттиришни йўлга қўйиш, улар ижодини мактабларда, Академик лицей ва коллежлар ҳамда олий ўқув юртларида ўрганиш мақсадга мувофиқ бўларди. Бахши-шоирлар ижодига бўлган эътиборни кучайтириш, устоз-шогирдлик анъанасини йўлга қўйиш кечиктириб бўлмайдиган масалалардан биридир.
Қатоғон йилларида жанубий вилоятларда ишлаб, жисмоний ва маънавий жиҳатдан жароҳатланган маданият ходимлари, “Ҳужум” ҳаракати қурбонлари фаолиятини қайта ўрганиб, хизматларига яраша муносабат билдириш келажак авлодни маънавий-маърифий тарбиялашнинг кечиктириб бўлмайдиган вазифалардандир.