Давронов Шуҳрат Рахмонбой ўғли
ТДИУ Иқтисодиётда ахборот
техналогиялари ва тизимлари
МИО-01 гуруҳ 2-курс магистранти
Аннотация. Ушбу мақола Республикамиз тижорат банкларининг кредитлаш амалиётида мавжуд муаммолар тижорат банкларида кредит сиёсати ва унинг фаолиятини такомиллаштириш ва муаммоли кредитлар ҳамда уларнинг ечимлари тўғрисида баён қилинган.
Annotation. This article describes the existing problems in the lending practice of commercial banks of the Republic, the improvement of credit policy and its activities in commercial banks and problem loans and their solutions.
Аннотация. В статье описаны существующие проблемы в кредитной практике коммерческих банков республики, совершенствование кредитной политики и ее деятельности в коммерческих банках, а также проблемные кредиты и пути их решения.
Тижорат банкларининг даромадларини ташкил этувчи кредитларнинг шакллари, таркиби ва хусусиятларини чуқур ўрганиш ҳозирги замон бозор иқтисодиёти шароитида муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирги давр иқтисодий муҳитига хос бўлган хатарлилик ва ноаниқлик шароитида банкларда кредитлаш бўйича турли вазиятлар ва ҳолатларда юзага келадиган муаммоли кредитлар масаласи мавжудлиги ва улар таъсири юқори эканлиги яққол намоён бўлмоқда. Шу сабабли ҳам тижорат банклари фаолиятини ислоҳ қилишга оид деярли барча расмий ҳужжатларда мазкур муаммонинг ечимини топишга катта эътибор берилмоқда. Бу масалани ҳал қилишда биринчи навбатда тижорат банклари кредит сиёсатини мукаммал ишлаб чиқиш, ҳозирги замон бозор иқтисодиёти субъектларига хос бўлган хатарлилик ва ноаниқлик табиати билан таҳлил қилиш ва уларни бошқариш усулларини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Мустақиллик йилларида банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар уларнинг мамлакат иқтисодиётидаги ролини кучайтиришга, капиталлашув даражасини оширишга, иқтисодиётнинг реал секторини кредитлаш кўламларини кенгайтиришга ҳамда кўрсатилган хизматлар сифатини яхшилашга имконият яратди. Кредит кредит ресурсларига эҳтиёжни қондиришга йўналтирилган қайта тақсимлашни амалга ошириш ҳамда кредит фаолиятининг субъектлари учун даромад олиш имконини беради.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 6 июль куни, банк активларида хусусий сектор улушини 15 фоиздан 60 фоизга оширишга қаратилган 2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясини амалга ошириш ҳамда мамлакат тижорат банкларининг трансформация жараёнини жадаллаштириш бўйича йиғилиш ўтказди. Йиғилишда банкларнинг кредит портфели ва лойиҳалар сифатини ошириш масаласи муҳокама қилинди. Стресс-тестлар натижаларига кўра, муаммоли кредитлар улуши бир неча баробар кўпайиши мумкинлиги, бу эса банк тизими учун жиддий хатар экани қайд этилди. Шу муносабат билан муаммоли кредитларни ҳудудлар кесимида батафсил таҳлил қилиб, кредит портфели сифатини сақлаб қолиш бўйича таъсирчан механизм ишлаб чиқиш кўрсатмаси берилди. Марказий банк барча тижорат банклари кредит портфеллари хатловдан ўтказилгач, қийин аҳволга тушиб қолган ҳар бир мижознинг молиявий имкониятларини тиклаш бўйича аниқ чораларни ишлаб чиқиши лозимлиги алоҳида таъкидланди. Демак, бугунги кунда иқтисодиётни реал секторини кредитлашда кредит олувчиларнинг тўловга лаёқатлилик муаммоси мавжуддир. Шу муносабат билан кредитлаш жараёни ва унинг самарадорлиги билан боғлиқ ҳар қандай иш долзарб ҳисобланади.
Маълумки, ҳар қандай кредитлаштириш фаолияти банкнинг ўзига, мижозига боғлиқ ва улар иккаласига ҳам боғлиқ бўлмаган хатарлар мавжудлиги билан характерланади. Шунинг учун ҳам бундай ички ва ташқи, объектив ва субъектив кредит хатарларни олдиндан кўра билиш ва улар оқибатларини тахминлаш ва салбий таъсирини кескин камайтириш тижорат банклари кредит сиёсатини самарали бошқаришнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.
Қарз олувчилар маълум бир муддатга ўзларининг тижорат, ишлаб чиқариш ва бошқа шу каби манфаатларига етишиш мақсадида йирик пул капиталидан фойдаланиш имконига эга бўладилар. Кредиторлар эса фоиз кўринишида даромад оладилар. Бундан ташқари, кредит ишлаб чиқаришга инвестициянинг кириб келишини рағбатлантиради, прогрессив таркибий силжишларга туртки бўлади. Бугунги кунда кредит иқтисодиётни макродаражада тартибга солишнинг муҳим воситаларидан бирига айланган. У миллий валюта ва баҳолар барқарорлигини, иқтисодий ўсишни таъминлаш каби бирламчи масалаларни ҳал этишда ёрдам беради. Кредит ёрдамида иқтисодиётнинг тўлов воситаларига бўлган эҳтиёжи таъминланади, пул маблағларини фаол тўлов оборотидан чиқиб қолишига барҳам берилади, иқтисодиётнинг капиталлашув даражаси ошади. Айни вақтда, ортиқча кредитлаш иқтисодиётга ва у орқали жамият ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши ҳам мумкин. Масалан, иқтисодиётга ҳаддан зиёд кўп кредит ажратилса, бу ҳолат инфляциянинг кучайишига сабаб бўлиши мумкин. Тижорат банкларининг кредитлаш механизмини ташкил қилиш, унинг самарадорлигини таъминлаш хусусидаги масалалар тўғрисида тўхталиб, Д.Мак Нотон ривожланаётган мамлакатларда кредитлаш механизмини ташкил қилишнинг зарурий шартларидан бири кредитларни гаров таъминоти асосида беришни одатий ҳол сифатида қабул қилишдир, деган хулосага келди. Унинг фикрига кўра, гаров сифатида олинадиган мулкнинг сотилиш баҳоси кредит ва унинг фоизини қайтаришга етиши лозим. Бу эса, мулкни доимий равишда қайта баҳолаб туришни тақозо қилади. Бизнинг фикримизча, олимнинг мулкни даврий баҳолаш тўғрисидаги фикри республикамиз амалиёти учун ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Чунки мулкларнинг жорий баҳосининг тез-тез ўзгариш ҳолати мамлакатимизнинг хўжалик амалиётига хос бўлган ҳолат ҳисобланади. Жорий фаолиятда кредитдан фойдаланиш шарт-шароитларида сезиларли ўзгаришлар юз берди. Бу ўзгаришлар, бизнинг назаримизда, биринчи навбатда, халқаро банк амалиётида кенг қўлланилаётган Базель талаблари билан боғлиқ. Бунда кредит рискини бошқаришга нисбатан белгиланган талабларни кучайишида, дунёнинг кўплаб давлатларида кредитнинг ялпи ички маҳсулот таркибидаги салмоғининг сезиларли даражада ўсаётганлигида, кредитлашнинг нисбатан янги шаклларидан фойдаланиш кўламини кенгаяётганлигида ва кредит таъминотига нисбатан талабларнинг ўзгариб бораётганлигидан далолат беради.
Республикамиз тижорат банкларининг кредитлаш амалиётида мавжуд муаммолардан бири – республикамизнинг қатор тижорат банкларида кредитларнинг активлар ҳажмидаги салмоғини нобарқарорлиги ва нисбатан паст даражадалигидир. Банкларда бу муаммони ҳал этиш учун даромад келтирмайдиган активлар ва асосий воситалар миқдорини камайтиришга эришиш лозим. Шунингдек, баъзи тижорат банкларида кредит портфелини диверсификациялаш талабига риоя этилмаётганлиги муаммоси мавжуд.