Ўсимликлар флораси. Флоранинг чегараланиш тамоиллари.
(Ўзбекистон мисолида)
Режа:
1.Ўзбекистоннинг табиий шароити ва тик минтақаларига тавсиф
2.Ўзбекистон флорасининг таркиби
3.Ўзбекистон флорасининг тахлили
Таянч сўз ва иборалар:
Ўсимликлар, флораси, чегараланиш, тамоиллар, табиий шароит, тик минтақалар
Асосий матн:
Ўзбекистоннинг табиий шароити ва тик минтақаларига тавсиф
Ўзбекистон Республикасининг умумий ер майдони 447,4 минг км2 ёки 45115,9 минг гектарни ташкил қилади. Бу ҳудуднинг 27598,8 минг га. ёки 61.16% чўл ҳудудига, 4279,7 минг ёки 9.55% тоғ олди (адирликка), 961,9 минг га. ёки 2.13% тоғ ҳудудига ва 701,8 минг га. ёки 1.55% баланд тоғлар - яйловга тўғри келади. Маданий экин экиладиган майдон 11557,7 минг га. ёки 25,66% ни ташкил этади.
Юқоридан кўриниб турибдики Республика ҳудудининг кўп қисми текисликларга тўғри келади. Қорақалпоғистоннинг кўп қисмини Устюрт платоси ва Турон текислиги эгаллаган. Бу текисликнинг асосий қисми Аму ва Сирдарё оралиғидаги Қизилқум чўлларини ташкил қилади. Тоғ ҳудудлари 2 тоғ тизимига: Тянь-Шан ва Помир-Олой билан ўралган Республикамизнинг Шимолий-Шарқи Тянь-Шан тоғ тизимига тўғри келади. Улар Пском, Угом, Қурама, Фарғона тизмалари орқали Қозоғистон, Қирғизистон билан чегарадош. Республика жанубини жуда кўп қисми Амударё орқали Туркманистон Республикаси билан чегарадош. Жанубий-Шарқ томонлари Боботоғ, Хисор, Зарфшон тизмалари орқали Тожикистон Республикаси билан, сўнг Олой тизмалари орқали маълум даражада Қирғизистон ва Тожикистон билан чегарадош. Ўзбекистон ҳудудидаги энг баланд жой Сурхандарё вилояти Хисор тизмасида - 4.688 м, сўнг Тошкент вилояти Пском тоғ тизмасида - 4224м. денгиз сатхидан баландлик ҳисобланди.
Ўзбекистон ҳудудида қатор кўллар мавжуд бўлиб, улардан энг каттаси Орол денгизи ҳисобланади. Ўзбекистоннинг йирик сув артерияларидан Сирдарё, Амударё, Чирчиқ, Зарафшон, Сўх дарёси, Шохимардон, Ғовасой ва бошқалар ҳисобланади.
Тупроғи: Ўзбекистоннинг кўпчилик қисми бўз-қўнғир, қора тупроқлар ва қумликлар, тоғ ҳудудларида турли хил тоғ жинслари қолдиқлари, тош, сланец, ва бошқа таркибли тупроқлардан иборат.
Иқлими: Ўртача мўътадил ҳисобланади. Жанубда ёзнинг иссиқ кунлари 42-480С бўлади.
Ўзбекистон ҳудудининг тупроқ, иқлим, ўсимлик таркиби ҳисобга олинган ҳолда, бир нечта табиий провинциялар районлаштирилган. Уларга: Турон, Устюрт, Фарғона ва бошқа табиий провинцияларни мисол келтириш мумкин.
Ўсимлик олами: Ўзбекистоннинг наботот олами бир мунча хилма-хил ва турларга бой ҳисобланади. Ўзбекистон ҳудудида 145 оилага кирадиган 1228 туркум ва 3700 турга яқин ёввойи ўсимлик учрайди. 12 оила - қоқиўтдошлар (570 турга яқин), бурчоқдошлар (440), буғдойдошлар (200), карамдошлар (200), зирадошлар (200) , ялпиздошлар (190), шўрадошлар (180), лоладошлар (150-160), торондошлар (150-160), чиннигулдошлар (130), кампирчопондошлар (130), раъногулдошлар (100) турга бой, катта оилалар ҳисобланади. Ана шу 12 оилалар республика флорасининг 75% ини ташкил этади.
Ўзбекистон флораси фойдали ўсимликларга жуда бой, масалан, ёввойи ўсимликлардан 90% ем-хашак бўлиб хизмат қилади, жуда кўпчилиги муҳим доривор, эфир мойли ва зиравор ўсимликлар ҳисобланади.
Ўзбекистонда рельефининг мураккаблиги туфайли ўсимликлар ҳам турли-туман. Қумли чўлларда - селин, жузғун, саксовул, илоқ, қуёнсуяк, черкез сингари ўсимликлар, гипсли чўлларда - буюрғун, шувоқнинг бир неча тури, боялич, қўнғирбош, туяпайпоқ каби ўсимликлар ўсади. Шўрхок ва тоғ этакларидаги гилли чўлларида асосан, қорасаксовул, юлғун, янтоқ, шувоқ ўсади.
Тоғ этаклари уч қисмга бўлинади: 1). Чўллар ёки тоғ олди текисликлари. 2). Паст адирлар. 3). Баланд адирлар.
Шулардан чўллар ёки тоғ олди текисликлари (300-600м. баландликлар ораси) тоғлардан емирилиб тушган жинслардан таркиб топган. Бундай ерларда қўнғирбош, ранг, шувоқ ва бошқа эфемерлар ўсади. Кузги эфемерлар намгарчиликка қараб кузда ва қиш бошида кўкариб чиқади. Улар январ-феврал ойларидаёқ чорва моллари учун озуқа бўлади. Сернам йиллари бу ерлардан кўплаб пичан тайёрлаш мумкин.
Паст адирларда (600-800м.) юқорида айтилган тоғ олди текисликлари ўсимликларидан ташқари, чорва моллари учун қишда яхши озиқ бўладиган каррак, оққурай, ширач, чайир, қатрон ва бошқа ўсимликлар ўсади. Улар орасида айниқса, эфемерлар кўп. Бу ерлар асосан баҳорда, шунингдек, йил бўйи ўтлоқзор яйлов ҳисобланади.
Баланд адирлар (8000-1200м.) хилма-хил ўтлар: буғдойиқ, тактак, тоғарпа, андиз, гулхайри, қўзиқулоқ, шувоқ кўп ўсадиган қуруқ даштдан иборат. Тошлоқ тупроқли ерларда буталардан олча, бодомча, туясингрен, дарё водийларида: терак, тол ўсади. Баланд адирлардан йил бўйи яйлов сифатида ва боғдорчиликда фойдаланилади.
Тоғ ёнбағирларининг денгиз сатхидан 1200-1800м. баланд бўлган қисмида дарахтлардан арчанинг бир нечта тури, заранг, тоғолча, ёввойи олма, камхастак, ёнғоқ, дўлана, буталардан: шилви, тобулғи, ирғай, наматак, зирк, ўтлардан: беда, бетага, маврак, кийикўт, эрмон, андиз ўсади.
Тоғ ёнбағирларининг 1800-2700м. баландликдаги қисми бетага даштидан иборат бўлиб, бошқа ўтлардан яна сариқбош, қўнғироқгул, сўхта, арпабош, дарахтлардан арча кўп ўсади. 2700м дан юқорида ер бағирлаб ўсадиган арчалар бетага, альп ўтлоқ ўсимликлари, сўнгра қизилтикан, тоғчитир каби ёстиқсимон ксерофитлар учрайди. Ўзбекистон майдонининг 5,7% ўрмон ташкил қилади. Тоғ ўрмонларини 200 минг гектари арчазорлар. Бир гектар арчазор 18 млн.м3 ҳавони тозалайди ва О2 билан бойитади.
Do'stlaringiz bilan baham: |