Она юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Мамлакатимизда ҳар бир инсон ўз қобилиятини юзага чиқариши учун давлатимиз томонидан барча чоралар кўриляпти. Президентимизнинг ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича бешта ташаббуси ҳам айнан шу мақсадга қаратилган. Шундай экан, юртимизнинг ақлини таниган ҳар бир фуқароси, ёшидан, касбу коридан қатъи назар, Ватанимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга интилиши керак.
Балки, «ёшидан қатъи назар» деган жумламиз баъзиларга эриш туюлар. Кимдир «Мункиллаб қолган чолдан ёки эндигина мактаб партасига ўтирган ўқувчидан нима кутиш мумкин?» дер. Кинояга ҳожат йўқ. Қарияларимиз ўзларининг пурмаъно маслаҳату насиҳатлари билан бошқаларга қувват бўлишади. Уларнинг дуолари шарофатидан юртимизга файзу барака ёғилади. Алифбони тугатиб, эндигина бошқа фанларни ўзлаштиришни бошлаган болакай мурғак юрагига улкан орзуларни тугса, олдига катта мақсадлар қўйса, шу йўлда зарур бўлган билимларни чуқур эгалласа, юксак чўққиларни забт этиши шубҳасиз. Ахир, улуғлардан бири «Умид билан суқилган таёқ бир кун берар меваю япроқ» деб бежиз айтмаган. Фақат бунинг учун ота-оналар ўзларининг фарзандларини болалигиданоқ буюк ишларга чоғлаши, руҳлантириши керак.
Қурилишда ишлаётган бинокор ёки автобусни бошқараётган ҳайдовчи ҳаёлидан «Бир оддий касб эгаси бўлсам, Ватан тараққиётига ҳисса қўшишга менга йўл бўлсин» деган ўй ўтмасин. Қурувчи ўз ишини сидқидидан бажарса, у бунёд этган уйларда яшаётганлар «Қўлинг дард кўрмасин» деб алқашади. Автобус ҳайдовчиси йўловчиларни манзилларига ўз вақтида, эсон-омон, хавф-хатарсиз, хушмуомалалик билан етказиб қўйса қандай яхши. Аллома шоиримиз Ғафур Ғулом айтганидек:
Шуҳрат қолдирмоққа Геростратдек
Диана маъбадин ёқмоқ шарт эмас.
Кўпларнинг бахтига ўзликни жамлаб,
Шу улуғ бинога бир ғишт қўйсак бас.
Фақат бундай улуғ ният қилиш, шу ниятни рўёбга чиқариш йўлида жидду жаҳд кўрсатиш учун киши қалбида Ватан такдирига дахлдорлик туйғуси бўлиши керак. Хўш, бу туйғу қандай пайдо бўлади? Таъбир жоиз бўлса, у инсонга мурғак болалигидаёқ сингдира бошлаши лозим.
“Ватан остонадан бошланади” деб бежиз айтишмайди, Инсон юртга муҳаббат ўз уйида меҳрдан бошланади. Кейин ўзи ўсиб, вояга етган маҳалласига, қишлоғига, шаҳрига меҳр қўяди. Фақат бу меҳру муҳаббатнинг киндик қони тўкилган хонадонининг остонасидан нари ўтмаслигидан худо асрасин. Зеро, фақат ўзини, ўз оиласини ўйлайдиган худбин кимсанинг элу юртга нафи тегиши даргумон.
Ана шу меҳру муҳаббатдан дахлдорлик ҳисси туғилади. Оиласига дахлдорлик оталик, оналик, фарзандлик бурчини чиройли тарзда адо этишдир. Болаларига яхши тарбия бериш, уларни илм олишга рағбатлантириш, иқтидорини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириши учун шароит яратиш ота-онанинг бурчидир. Фарзанд эса бундай ғамхўрликнинг қадрига етиб, ота-онасини ҳурмат қилиши, уларнинг маслаҳатлари асосида иш кўрмоғи лозимдир.
Меҳнат жамоаси аъзоларининг ҳар бири эса умумий иш, натижа учун масъулиятни ҳис этса, кўзланган самарага эришилади. Бу ҳар бир ходимнинг ишга ўз вақтида келиши, вазифасини бекаму кўст бажариши дегани. Қадрдон жамоасининг ютуғига ҳисса қўшаман деган ходим ўзидан кўра тажрибалироқ ҳамкасбларининг тажрибасини ўрганишдан ор қилмайди. Ва аксинча, малакали ходимлар ёш ҳамкасбларига билганларини ўргатишдан эринмайди.
Муҳаммадсаид МАВЛОНОВ, Навоий шаҳар И
Do'stlaringiz bilan baham: |