Маҳаллий диний культлар ва тасаввурлар
Режа:
Ўрта Осиё халқлари диний тасаввурларининг шаклланиши.
Жонивор ва қушларга сиғиниш.
Тангричилик – қадимги туркларнинг диний эътиқоди.
Ўрта Осиё халқлари диний тасаввурларининг шаклланиши.
Ўрта Осиёдаги маданий ёдгорликлар ушбу минтақа халқлари ҳаётида диний тасаввурларнинг бой ва хилма-хил бўлганлигидан далолат беради. Бундай ранг-баранг ҳолатнинг вужудга келишига асрлар давомида маҳаллий аҳолининг деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келганлиги, давр ўзгаришлари,ҳалқларнинг кўчиб юришлари, бошқа халқлар эътиқодларининг ва минтақа учун янги бўлган диний тизимларнинг келиб тарқалиши сабаб бўлди. Дастлабки диний тасаввурларнинг пайдо бўлиш ва ривожланиш жараёнларини бевосита турли-туман бирламчи манбалар – петроглифлар, археологик топилмалар, ёзма ва оғзаки ривоятлар мисолида кўришимиз мумкин.
Тарихгача бўлган даврда (бундан аввалги 10 мингинчи йилларгача) мавжуд бўлган энг қадимий тасаввурлар Ўрта Осиё халқларининг ҳозирги кундаги диний тажрибаларининг асосини ташкил этади. Масалан, улар қаторига тоғ эчкиси ва тоғ қўйи билан боғлиқ тасаввурларни киритса бўлади.
Тарихгача бўлган даврда пайдо бўлган тоғ эчкисига сиғиниш Ўрта Осиё халқлари диний тажрибасида ҳозирги кунга қадар сақланиб келмоқда. Масалан, Ўзбекистондаги Тешиктош мавзеидан топилган неандерталь бола мурда-скелети тоғ эчкиси шохи билан ёнма-ён қўйилган; шундай шохлар шу кунларимизда ҳам Тожикистон ва Қирғизистоннинг чекка жойларидаги мусулмон масжидларини безаб келмоқда. Зиёратгоҳ жойларга тоғ эчкиси ва қўчқор шохларини осиб қўйиш нисбатан тоғли минтақаларда кўпроқ тарқалган. Ёввойи ҳайвонлар шохларининг сакрал хосияти ҳақидаги тасаввурлар умуман Шарқ мамлакатларида кенг тарқалган. Сосонийлар (224-651) подшоҳининг тожида ҳам ушбу ҳайвон шохлари тасвирланган. Исломий муқаддас жойларда осиб қўйилган шохларни янги дин тарафидан ўзлаштирилган қадимий диний тасаввурлар қолдиқлари сифатида қарашимиз мумкин. Авлиёлар мазорларига, фарзанд тилаб зиёрат қилувчи аёллар ушбу шохни аста чертканлар, агар шохдан авлиёнинг муқаддас қабри устига чумолилар тушса, унда аёл фарзандли бўлади, деб ишонганлар. Туркманистонда шу кунларгача яқин кишиси қабрига марҳумнинг у дунёси обод бўлиши учун тоғ эчкиси шохини қўядилар. Манғишлоқ, Устюрт ва Каспий денгизининг шимоли-шарқий қирғоқларида жойлашган қабрларга ўрта асрларда ва кейинги XVII-XIX асрларда ўн минглаб қўй-тошлар қўйилган. Қўй-тошлар ётган ҳайвон шаклида кўпроқ учрайди. Одамлар тасаввурида, қабрларга қўй-тошлар ўрнатилса, вафот этган одам билан бирга қут-барака кетмасдан, уйда қолади, деб ишонишган. Тожикистоннинг тоғли ҳудудларидаги уйларнинг деворларида муваффақият ва омад рамзи сифатида қизил ва сариқ рангда ишланган тоғ эчкиларининг расмлари учрайди. Қўй-тошларга сажда қилиш қозоқ, қирғиз, тоғли ҳудудларда яшовчи тожиклар, туркманлар ижтимоий ҳаёти ва санъатига чуқур сингган, чунки хонакилаштирилган қўй ва эчкилар чорвадорлар хўжалигида асосий тирикчилик манбаи бўлиб келган. Ҳаттоки, чорвадорлар тоғ эчкисининг гўштини мўъжизакор кучга эга деб ҳисоблайдилар. Улар йилда бир маротаба тоғ эчкисининг гўштини тановул қилган одамнинг йил давомида билиб-билмай қилган барча гуноҳлари ювилиб кетади, деб ҳисоблаганлар.
Бошқа ҳолларда ҳам қўчқорнинг муқаддас аҳамиятга эга эканлиги ҳақидаги тасаввурларни учратишимиз мумкин. Масалан, аввалги ўғли вафот этган оилада янги туғилган чақалоққа ёмон таъсир ўтказиши мумкин бўлган руҳларни қўрқитиш мақсадида Қўчқор деб исм қўйишган. Яқин кунларимизгача Хоразмда аҳолининг кўпчилик қисми кўз тегишдан сақланиш мақсадида ҳовлиларида қўчқор боққанлар. Уларнинг тасаввурича, ёмон назар қўчқорнинг шохига тегиб ўз кучини йўқотади.
Do'stlaringiz bilan baham: |