II-БОБ. Ишлаб чиқариш жараёни ва унинг натижалари
Биз олдинги бобда айтганимиздек, инсон яшамоғи учун овқатланиши, кийиниши, шунингдек, уй-жой, рўзғор буюмлари, турли жиҳозларга эга бўлмоғи зарурдир. Бу зарур ҳаётий воситаларнинг барчаси инсон меҳнати билан яратилади. Кимдир ғалла етиштиради, кимдир ун тайёрлайди, кимдир бу ундан нон ишлаб чиқаради, кимдир пахта хом ашёси етиштиради, кимдир пахтадан тола ишлаб чиқаради, яна кимдир толадан ип қилиб тўқийди, кимдир кийим-кечак тикади ва ҳоказо.
Шундай қилиб, инсоният истеъмол қилмаса яшай олмаганидек, ишлаб чиқармасдан ҳам тура олмайди. Шунинг учун инсоният тараққиётининг ҳамма босқичларида ва барча замонларда, барча мамлакатларда инсон ҳаётининг асосини моддий неъматлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш ташкил этади. Лекин минг афсуслар бўлсинки, кўпгина иқтисодиёт назарияси китобларида, айниқса кейинги вақтларда нашрдан чиққан дарслик ва ўқув қўлланмаларида ишлаб чиқариш жараёнини ёритиш эътибордан четда қолиб кетмоқда. Бу бир томондан, талабаларнинг маҳсулотлар (товарлар ва хизматлар) қаерда, ким томонидан, қандай ишлаб чиқарилишини, техника ва технологияларнинг қаерда қўлланилишини ва қандай бўлишини тушунмасликка олиб келса, иккинчи томондан, бутун ишлаб чиқариш жараёнида содир бўлаётган ишлаб чиқариш муносабатларидан бехабар қолишига сабаб бўлмоқда. Холбуки, ишлаб чиқариш жараёнида содир бўладиган муносабатлар айирбошлаш, тақсимот ва истеъмол жараёнларида бўладиган муносабатларга йўналиш беради ва таъсир қилади. Ишлаб чиқариш бўлмаса айирбошланадиган, тақсимланадиган нарсанинг ўзи бўлмайди. Чунки ишлаб чиқариш жараёнида қандай шаклдаги муносабатлар содир бўлса, бошқа фазалардаги муносабатлар ҳам шундай шаклда содир бўлади. Шунинг учун ишлаб чиқариш жараёнидаги муносабатларни билмаслик кўпгина чалкашликларга олиб келади.
Айрим адабиётларда даромадлар яратилади ва ишлаб чиқарилади деган фикрларнинг учраб қолишининг сабаби ҳам ишлаб чиқариш жараёнидаги муносабатларни билмасликдан деб ўйлаймиз. Маълумки, ишлаб чиқаришда фақат маҳсулот ишлаб чиқарилади, улар сотилиб тақсимлангандан кейингина турли кўринишдаги даромадлар шаклланади. Шунинг учун биз ишлаб чиқариш жараёнида содир бўладиган муносабатларни ўрганиш илмий ва услубий аҳамиятга эга деб ўйлаймиз ва, шунга кўра, бу жараённи батафсил кўриб чиқиш зарур деб ҳисоблаймиз.
Бу бобда бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган ишлаб чиқариш омиллари ва ишлаб чиқариш жараёнига тегишли муаммолар қараб чиқилади. Дастлаб ишлаб чиқаришнинг омиллари тавсифланади, ишлаб чиқаришнинг мақсади ва мазмуни очиб берилади, сўнгра унинг натижалари ва самарадорлиги билан боғлиқ масалалар баёни берилади. Таҳлилда «ишлаб чиқариш имконияти» тушунчасига ҳам ўрин ажратилади. Бобнинг охирида кейинги қўшилган маҳсулот ва унинг камайиб бориши, кейинги қўшилган меҳнат ва капитал унумдорлигининг пасайиб бориши қонунининг мазмунига тегишли маржиналистик ғоялар билан таништирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |