Энди «очерк» жанрининг ўзига хос жиҳатларига келсак, бунда ҳам маълум бир воқеа – инсон қисматининг бир бўлаги қаламга олинади-ю, аммо ҳикоядан фарқи ўлароқ.
Очеркда мавжуд – бор-ҳаётий одам қаламга олинади. Шу боис муаллифнинг ўша одамга – қаҳрамонга муносабати очиқ-ойдин бўртиб туради. Шунинг учун ҳам аксар очеркларда ижобий хислатли кишилар тасвирланади…
«Эссе»га келсак, бу жанр ҳикоя, очерк жанридан жуда ёш бўлишига қарамай, ёзувчига беҳад кенг эркинликлар беради: яъни эссе ёзувчи адиб тасвирлаётган ёхуд баён этаётган воқеа-ҳодисага – яна ўша гап: инсон қисматининг маълум даври-бўлагига нисбатан ўз муносабатини (очеркдаги каби) очиқ-ошкор билдириб туриши баробарида (бу йўруғда) ўз кўнглида туғилган қандайдир ҳис-ҳаяжондан ҳам, ҳатто шахсий мулоҳазаларини ҳам бемалол ёзиш имконига эгадир.
Демак, айтиш мумкинки, эссе жанри очерк билан ҳикоя ўртасидан ўсиб чиққан жанр-тасвир усулидирки, у мақола-мақола илмий бўладими, бадиийроқ бўладими, барибир, – мақолага хос унсурлардан ҳам фойдаланади, тўғрироғи, уларни-да ўзиники қилиб олади.
Адабиётдаги ҳар битта жанр ўз даврига хос, унинг эҳтиёжларини тўлароқ ифодалаш замирида пайдо бўлади.
Эссе ҳам шу тариқа пайдо бўлган экан. Дарвоқе, унинг пайдо бўлган макони – Франция ҳисобланади. Умуман, француз адабий тафаккури ҳамиша бошқалардан олдинроқда юрган ва замоннинг талабу эҳтиёжларини бошқа дунё адибларидан илгарироқ ҳис этган.
– Эссе, менинг назаримда, ёзувчининг ҳаёт, инсон ва жамиятни тушуниш ва тушунтириш шаклларидан биридир.
– Эссега мурожаат қилишимнинг боиси – феълимда бўлса керак: болаликдан эркинликни севардим. Эссе – эркин жанр, бундан ташқари, у агар таъбир жоиз бўлса, – «размерсиз жанр»ки, кийим танлаганда бўйинггаю энингга ўлчаб ўтиргандай сиқилмай…
– 70-йилларда Европа адабиётида эссе-роман, эссе-қисса, эссе-ҳикоя, ҳатто фантастик эсселар ҳам яратиш авж олиб кетди. Шунинг учун бўлса керак, Ғарб адабиётшунослигида романтика ва фантазияга қурилган адабиёт ўрнини бир кун келиб эссе эгаллайди, деган шов-шувли мунозаралар пайдо бўлди. Аммо 30-йил вақт ўтди ҳамки, прозанинг барча жанрлари баравар ижод шакли сифатида ривожланмоқда. Сизнинг шу баҳсларга муносабатингиз қандай?
– Рост айтасиз, ўша йилларда эссе-роман, эссе-қисса…лар кўп яратилди ва адабиётшуносликда бошқа жанрларнинг «шўри қуриди», деган гаплар ҳам пайдо бўлган эди.
Бунинг сабабини мен ўша Ғарбдаги маънавий-адабий ва бошқа-бошқа эҳтиёжлардан, деб биламан. Қолаверса, ўша тур асарларнинг муаллифлари жуда унақа – “адабиёт – менинг қисматим” деган ижодкорлар бўлишмаган.
Адабиётшуносларнинг каромату башоратларида эса адабиётга нисбатан енгилтакликни кўраман. Сизга бир мисол айтайин: ўтган асрда рангли фотография санъати яратилди. Ва… каромату башоратчилар нималар дейишди: «Тасвирий санъатнинг куни битди!» деб айюҳаннос солишди… Йўқ, сал вақт ўтмасидан Тасвирий санъат инсоният яратган энг улуғ санъатлардан бири эканига яна иймон келтирдилар. Бундай гаплар бўлаверар экан. Ахир, ҳар битта жанр каби Санъатнинг ҳар бир тури ҳам – минг-минг йиллик ақлий ва ҳиссий, маънавий ва маданий изланишлар ҳосиласидир. Биз уларни фақат бойитишимиз, янада камол топтиришимиз лозим, холос…
Шу ўринда битта чекиниш қилсам: яқинда Комил Аваз деган қаламкашнинг «Қўналға» номли эссе-роман деб жанрини белгилаган асари қўлимга тушди. Бу ҳақда хоразмлик оғам – гўзал шоир Эркин Мадраҳимов (Ошиқ Эркин) айтган эдилар: «Шукуржон, шуни бир ўқинг». Хуллас, ўқиб чиқсам, жуда ғаройиб эсселар мажмуаси экан. Бекорга «мажмуа» демаяпман. Илло, биронта эссенинг бошқа биронтаси билан деярли алоқаси йўқ. Тағин «биринчи роман» деган илова ҳам бор.
Тавба, бунинг нимаси роман? Ўйлаб-ўйлаб шу фикрга келдим: романли бўлишни истабдилар-да Комил оға. Ҳа, орзуга айб йўқ. Қолаверса, «роман» номи билан қанақанги хом-хатала, алжирашга ўхшаб кетадиган асарлар чиқиб кетмаётир.
Мана шунақа гаплар. Сиз Ғарб адабиётида пайдо бўлган эссе-романларни гапириб юрибсиз. Ўтаверади… Шошманг, агар «Қўналға» – эсселар тўплами деб эълон қилинганида, камина Комил Авазни табриклаган бўлардим.
– Шукур ака. Сизга яна бир савол бермоқчи эдим, жаҳон эссенависларидан қайси ёзувчи кўпроқ ёқади?
– Жаҳон эссенависларидан… Эсимга келмаяпти. Ҳа, ўтган йили Скандинавия ёзувчиларидан Фарли Моуэтнинг шимол музликларида яшаётган элатлар ҳаётидан ёзилган эсселар тўпламини топиб ўқидим. Кейин руслардан Юрий Нагибиннинг «Дунё бўйлаб» деган каттагина эсселар тўпламини ўқиб чиқдим. Фарли Моуэтнинг айрим эсселари Жек Лондоннинг шимол ҳикоялари билан бўйлашар экан. Юрий Нагибин эса – аслида эссенавис экан. Мен у адибни «ёзувчи, сценарист» деб юрардим.
– Бугунги кунда ўзбек адабиётида кимларни эссечиликда фаол қалам тебратаяпти деб ўйлайсиз?
– Бугунги ўзбек адабиётида Дадахон Нурийни энг фаол эссечи, деб биламан. Унинг бир неча эссе тўпламлари чиқди. Уларга ман-ман деган адабиётшунослар сўзбоши ёзишган. Чунончи, Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов… ва бошқалар. Аммо матбуотда шу публицист адибнинг дурустроқ мақталганини билмайман. Ҳолбуки, бунақангги жонкуяр, юртпарвар адибни топиш қийин.
Бошқа эссенавислардан домламиз Озод Шарафиддиновни айтгим келади. Аммо-лекин, шу пайтгача Одил Ёқубовнинг «Фарзандлар бурчи» номли эсселаричалик гўзал эсселарни ўқимаганман. Бугунги кундаги эссенавислардан тағин Собиржон Қодировни, Карим Баҳриев, Қулман Очил, Фотима Шариповаларни мамнуният билан тилга оламан.
– Мана сиз 68-йилдан бери шу жанрда ижод қилмоқдасиз. Айниқса, кейинги пайтларда жуда кўплаб ёзувчи, шоирлар, умуман санъат аҳли ҳақида, жамоат арбобларига бағишлаб ёзилган эссе ва бадиаларингиз бор. Айтинг-чи, эсселарингиз орасида сизга энг маъқули қайси бири?
– Деярли, барча эсселарим ўзимга ёқади. Чунки… улардан биронтасини қайта ёзгим келмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |