1.3. Керамик маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг технологик схемасини танлаш
Маҳсулотлар асосан бир технологик жараёнда бир неча бир-бирига боғлик бўлган қурилмаларда олинади. Бунда ҳар бир қурилмада маҳсулотнинг физик ҳолати ва кимёвий таркиби ўзгаради, шунинг билан бирга машина ва аппаратларга кирувчи ҳар бир қурилмалар ҳар-хил шароитларда ишлайди.
Шунинг учун аппарат ўз конструкцияси – формаси, ўлчами ва ички тузилиши бўйича қайта ишланаётган материалнинг хусусияти, унда бораётган жараённинг талаб ва шароитларига мос келиши керак. Керамик материаллари ва буюмларининг ишлаб - чиқариш технологияси асосан қуйидаги жараёнларни ўз ичига олади.
Хом ашёни қазиб олиш - асосан эксковатор ва бульдозерларда бажарилади.
Лой тайёрлаш - Карьерда қазиб олинган ва корхонага ташиб келтирилган гил табиий ҳолатда, одатда, буюмлар қолиплаш учун яроқсиз бўлади, уни қайта ишлаш йўли билан табиий тузилишини бузиш, ундаги зарарли аралашмаларни майдалаш, гилга қўшимчалар аралаштириш, шунингдек, қулай қолипланадиган масса ҳосил қилиш учун уни намлаш керак бўлади.
Хом ашё аралашмаси ярим қуруқ, пластик ёки ҳўл - (шликер) усулларда тайёрланади. Бу усуллардан қайси бирини танлаш хом ашё материалларининг хоссаларига, керамик массанинг таркибига ва буюмларни қолиплаш усулига, шунингдек, уларнинг ўлчамларига ва вазифасига боғлиқ.
Қолиплаш - 3 хил усулда қолипланади:
Пластик усулда қолиплаш - буюмларни пластик гил массалардан прессларда тайёрлаш – қурилишбоп керамик буюмлар ишлаб чиқаришда энг кўп тарқалган усулдир.
Намлиги 18-23 % қилиб тайёрланган гил массаси лентали пресснинг қабул қилиш бункерига йўналтирилади. Масса шнек ёрдамида қўшимча аралаштирилади, зичланади ва алмашинувчи мундштук билан жиҳозланган пресснинг чиқиш тешиги орқали брусс кўринишида ўлчамлари турлича бўлган брусс олиш мумкин. Прессдан тўхтовсиз чиқаётган брусни тайёрланаётган буюмларнинг ўлчамларига мувофиқ автоматик кесиш қурилмаси уни алоҳида қисмларга қирқиб ажратади.
Замонавий лентали пресслар вакуум камера билан жиҳозланган бўлиб, уларда гил массасидан қисман ҳаво чиқариб юборилади. Масса вакуумланганда унинг пластиклиги ортади ва қолипланиш намлиги камаяди, хом ашёни қуритиш вақти қисқаради ва бир йўла мустаҳкам бўлади.
Қоплама плиткалар, пол плиткалари ва бошқа юпқа керамик буюмлар ярим қуруқ усулда қолипланади. Бундай усулда пластиклиги паст, кам гилли хом ашёдан ғишт ва бошқа буюмлар тайёрлаш мумкин, натижада қурилишбоп керамик буюмлар ишаб чиқаришнинг хом ашё базиси кенгаяди. Ярим қуруқ усулда қолиплашнинг платик усулда қолиплашга нисбатан муҳим афзаллиги - намлиги кам (8-12%) гил массаси ишлатилади, бу хом ашёнинг қуришини анча қисқартиради ёки ҳатто истисно қилади.
Ярим қуруқ усулда ҳар бир буюм алоҳида юқори унумли прессларда қолипланади, бунда пресс кукунни қолипларда 15 МПа гача босим остида икки томонлама прессланиши таъминланади. Ярим қуруқ усулда прессланадиган хом ашё аниқ шаклга, ўлчамларга, мустаҳкам бурчак ва қирраларга эга бўлади.
Қуйиш усули санитария-техник фаянс ва қоплама плиткаларни тайёрлаш учун қўлланилади. Бу усулда намлиги 45% дан ортиқ, олдиндан майдаланган гил массаси (шликер) махсус қолипларга қуйилади ёки плиткаларни қолиплашда фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |