2
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ!
МУҚАДДИМА
Бизни Ўзигагина ибодат қилишга, намозни тўкис адо этишга буюрган, хушуъли бандаларига
жаннат хушхабарини берган Меҳрибон Парвардигоримиз Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтамиз!
Хушуъ қилувчилар пешвоси, тақводорлар имоми, муаллим Пайғамбаримиз Муҳаммад
Мустафога,
оила аъзоларига, саҳобаи киромларига салавотлар, саломлар йўллаймиз!
Маълумки, ҳар қандай ишни қунт билан бажарилса, кўнгилдагидек натижага эришилади.
Масалан, уста эшик-деразаларни меҳр
билан ясаса, шошилмасдан, пишиқ қилиб ишласа, маҳсулоти
харидоргир бўлади. Агар ишни қўл учида бажарса, сифатга эмас, сонга кўпроқ эътибор берса, ясаган
буюмлари ўтмас матоҳга айланади.
Дин устунларидан бўлмиш намоз гуноҳлар билан кирланган кўнглимизни ѐритувчи ибодатдир.
Намоз билан Яратганга сиғиниш завқини, тириклик ҳикматини англагандек бўламиз.
Намоз
ҳаѐтимизни тартибга солади, қисқагина умрни мазмунли ўтказишни ўргатади. Намоз илоҳий ҳузурга
етишишнинг энг гўзал воситасидир. Мукаммал ўқилган намоз одамни ғафлат уйқусидан уйғотади,
иродани тоблайди, Аллоҳ билан банда ўртасидаги риштани боғлаб туради. Қалбни очишда, руҳий
хасталикдан сақланишда намознинг ўрни беқиѐс. Аллоҳга
илтижо этиш, ҳузурида туриш ила банда
қалби ором олади. Ибодатда инсоннинг бутун вужуди, онгу шуури, қуввату иқтидори иштирок этиб,
ҳаловатга эришади.
Эътибор берсак, Қуръони каримда намозни тўла-тўкис адо этиш қайта-қайта буюрилган.
Қолаверса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни чала-чулпа ўқишдан огоҳлантирганлар,
хушуъ қилмайдиган қалбдан паноҳ сўраганлар. Чунки намоз хушуъ билан ўқилсагина кўзланган
мақсадга етилади. Хушуъсиз намоз хулқни гўзаллаштирмайди, одамни гуноҳлардан, бузуқ ишлардан
қайтармайди. Намоз ўқиб туриб эгри қадам босиш, ѐлғон гапириш, бировнинг ҳақидан ҳайиқмаслик
сабаби хушуъсизликдир.
Қуруқ тана ҳаракатларидан, ҳиссиз ѐтиб-туришлардангина иборат намоз совуқ, руҳсиз
намоз
бўлиб қолади. Бундай ибодат дунѐда ҳам, охиратда ҳам наф келтириши даргумон. Намознинг руҳи
хушуъда. Хушуъсиз намоз жонсиз танага ўхшайди.
Хушуъ Аллоҳ берган улуғ неъмат, фойдали илм саналади. Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу
алайҳи ва саллам намоз ўқиш бобида ҳам биз учун ибратдирлар. У зот намозни жуда чиройли адо
этардилар, айниқса, мушкул вазиятда қолганда намоз ўқиб Парвардигордан мадад сўрар, ибодатдан
чексиз ҳузур-ҳаловат олардилар. Шу сабаб: “Кўзимнинг қувончи намоздадир” дея марҳамат
қилганлар. Шунингдек, муаззин Билол розияллоҳу анҳуга: “Эй Билол, азон айтиб бизни роҳатлантир!”
дея мурожаат этардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан таълим олган саҳобалар,
улардан кейинги авлод
вакиллари – тобеинлар, табаа тобеинлар намозга жиддий эътибор беришган, уни тўкис адо этишга бор
куч-ғайратларини сарфлашган, ҳар бир намозни кўтаринки кайфиятда кутиб олишган. Чунки уларнинг
Аллоҳга муҳаббатлари, намозга иштиѐқлари ўта кучли бўлган. Аммо, энг яхши уммат дея
таърифланган Ислом умматининг бугунги вакиллари аҳволи қандай? Албатта, ҳолимиз ўзимизга
маълум. Афсуски, бугун хушуъга эътибор анча суст. Намозхонларда
хушуънинг асари
кўринмаѐтгандек гўѐ. Намоз ўқийдиганлар кўп, бироқ уни тўкис адо этиш ҳаракатидагилар оздек
туюлади. Намоз ўқиймиз-у, лекин хаѐлимиз кўпинча дунѐ ишлари билан банд бўлиб қолади,
ибодат
чоғида фикрни бир ерга жамлаш қийин кечади. Хўш, намозни Аллоҳ ва Расули буюрганидек ўқиш
учун нималарга эътибор қаратиш керак? Қандай иллатлар хушуъга халал беради? Нима қилсак,
намозимиз ҳусни қабул этилади? Қўлингиздаги китобда шулар хусусида сўз юритилади.