ФАРИШТАЛАР БАДБЎЙ НАРСАЛАРДАН ОЗОРЛАНАДИ
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар
ғазотида: “Ким мана бу ўсимликдан, яъни саримсоқдан еса, масжидимизга зинҳор яқинлашмасин!”
деганлар (Бухорий ривояти).
Абдулазиз ибн Суҳайбдан ривоят қилинади: “Анасдан саримсоқ ҳақида сўралди. Шунда у:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким мана бу дарахтдан еса, бизга яқинлашмасин, биз билан
намоз ўқимасин!” деганлар”, деб айтди” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Табароний ривоятида: “Сиз мана бу икки кўкатни (яъни, саримсоқ ва пиёзни) еган ҳолда
масжидимизга кирманглар. Агар (ейиш) лозим бўлса, оловда яхшилаб ўлдириб (пишириб) енглар”,
дейилган.
Бу гап терлаб, бадани ёки кийимидан бадбўй ҳид келиб турган ҳолда масжидга кирувчиларга ҳам
тегишли. Мусулмон одам қўли билан, тили билан, ҳатто ҳиди билан ҳам ҳеч кимга озор етказмайди,
қўлини зиён-заҳматдан, зулмдан, тилини беҳуда гаплардан тияди, ҳамиша ювиниб, озода бўлиб юради.
Айниқса, масжидга бораётганида бунга кўпроқ аҳамият беради.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва
саллам: “Кимда-ким пиёз ёки саримсоқ еган бўлса, биздан (ёки масжидимиздан) узоқлашсин, уйида
ўтирсин”, деганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига қозон олиб келинди. Унда кўкатлар, сабзавотлар
(солинган таом) бор эди. У зот (сабзавотлар) ҳидини сездилар. Кейин сўрадилар. Қозонда қанақа
сабзавотлар борлиги айтилди. Шунда Расулуллоҳ уни айрим саҳобаларига олиб боришни буюрдилар. У
зот уни кўриб, ейишни ёқтирмадилар, “Сен еявер. Зеро, сен муножот қилмайдиганлар (яъни,
фаришталар) билан мен муножот қиламан”, дедилар (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти).
Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон – Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан – келтирган ривоятга кўра,
у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен Аллоҳнинг фаришталаридан уяламан, лекин у (яъни, саримсоқ,
пиёз каби сабзавотлар, кўкатлар) ҳаром эмас”, деганлар.
Мазкур икки муҳаддис келтирган бошқа ривоятга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Сизлар еяверинглар. Зеро, мен сизлардан биронтангиз каби эмасман. Мен соҳибимга азият етказишдан
қўрқаман”, деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги ҳадисларда ҳалол, аммо ҳиди ёқимсиз пиёз,
саримсоқ еб масжидга келишдан қайтармоқдалар. Шундай экан, Аллоҳнинг ягоналигига шубҳасиз
ишонган, охират куни нажот топишдан умидвор ҳар бир банда масжидга пок ҳолда келади, нохуш
ҳидлардан, ёқимсиз нарсалардан йироқ юради, ёнида намоз ўқийдиган инсонларга ҳам, у ерда ҳозир
бўладиган фаришталарга ҳам азият етказмайди.
Яна бир нарсани билиб олиш лозим: ит, сурат ёки ҳайкаллар бор уйга фаришталар кирмайди.
Абу Талҳа розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Фаришталар ит
ва сурат бор уйга кирмайди” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти).
Ҳадис мазмунига кўра, ит, жонли нарсалар сурати бор уйга ҳеч қандай фаришта кирмайди. Аммо
баъзи уламолар айтишича, банда амалини ёзиб борувчи, уни ҳимоя қилувчи фаришталар бундан
мустасно. Жумладан, имом Нававий “Саҳиҳу муслим” шарҳида шундай деган: “Ит ва сурат бор уйга
кирмайдиган фаришталар раҳмат, барака, истиғфор айтадиган фаришталардир. Аммо ҳафаза (сақловчи)
фаришталар ҳар бир уйга киради. Улар одам боласи қилган амалларни ёзиб боришга буюрилган”.
Do'stlaringiz bilan baham: |