Алишер Навоий (1441-1501)
Шу даврнинг йирик классик намоёндалардан бири Алишер Навоийдир. У назариётчи ва амалиётчи сифатида давлат сиёсатининг адолатли асослари ва унинг маънавий мезонларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшади. Айниқса, адолатсизлик ва зулм давлатни таназзулга, жамиятни жаҳолатга олиб келиши тўғрисидаги қарашлари ўз ифодасини топади: «...давлат иши билан машғул бўлган амалдорлик чоғларимда кўнгил мулкини турли одамларнинг ҳужуми булғалади. Гоҳ амирлик ўрнида ўтирдим ва ҳукумат маҳкамасида ҳалқнинг арз-додини сўрдим ва гоҳ подшоҳ ёнида вазирлик қилдим ва менга умидвор назар билан қараб турган элга мурувват кўрсатдим» дейди.
Ўзбек тили ва мумтоз адабиётининг асосчиси, мутафаккири, давлат арбоби. Ўз «Ҳамса»си билан бутун оламга кўрсатган буюк сўз саънаткори «Бадойи ул-бидоя», «Наводир ул-ниҳоя», «Зубдат ут-таворих», «Чор китоб», «Мажолис ун-нафоис», «Маҳбуб ул-қулуб» каби асарларни ҳам бизга мерос қилиб қолдирган.
А. Навоий адолат тўғрисидаги қарашларида инсон руҳияти билан боғлиқ ижтимоий иллатларнинг моҳиятини излайди. Жамиятда ёвузликнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил этади. Адолатли жамиятга эришишда нафақат подшоҳнинг одиллиги, балки фуқаролар ўртасидаги муносабатларнинг адолатли, маънан соғлом бўлиши лозимлигига эътиборни қаратади: «Оламда бўлмиш ҳар навъ одам билан кўришдим; катта- кичикнинг феълу атворини ўргандим; яхши-ёмоннинг хислатларини тажрибадан ўтказдим; яхшилик ва ёмонликларнинг шарбатини ичиб, заҳрини тотиб кўрдим. Бахил ва пасткашларнинг захмини, саховатли кишиларнинг малҳамини кўнглим дарҳол сезадиган бўлиб қолди» дейди. Айни пайтда, у инсон руҳияти билан боғлиқ иллатлар моҳиятига шундай нисбат беради: «Яхшиликка мукофот - қўполлик; одоб билан қилинган хушмуомала эвазига кеккайиш, такаббурлиғдан Ўзгача муносабат кўрмайсиз. Бировга бир хизмат қилсанг, ундан ўн зарб ейишга тайёр турмоқ керак; кимгаки бир тавозеъ кўрсатсанг, минг қўполлик ва дилсиёҳликка ҳозир бўлиб турмоғинг лозим». Шу тариқа, у «Маҳбуб ул-қулуб» асарида ҳар хил одамларнинг феъл-атвори ва аҳволи, яхши феъл хосияти ва ёмон хислат касофати ҳақидаги қарашлари асосида жамият ижтимоий муносабатларининг яхлит назарий тизими, фуқаро-жамият-давлат ўртасидаги ахлоқий мажбуриятларни умумлаштиришга эришади.
Уларда жамиятни бошқариш асослари, ижтимоий табақаларнинг ўзаро муносабатлари, адолатли ва адолатсиз подшоҳ фазилатлари, фуқароларга одил муносабати, ахлоқ ва таълим-тарбия масаларини таҳлил этган. шу тариқа давлат бошқарувига оид ижтимоий қарашларни ўз навбатида ўтмиш давлатчилик маданий меросимиз билан боғлиқ бўлган қадриятларимизни янада бойитишга хизмат қилган.
Юқорида таъкидлаганимиздек, ХIV-ХV асрдаги ижтимоий ва маданий юксалиш ўз мазмун - моҳияти билан IХ-ХII асрлардаги Ўрта Осиёдаги уйғониш даврининг узвий давоми эди. Хулоса шундаки, бундай маданий меросларнинг монандликка интилиши, унинг даврий уйғунлашуви ҳалқлар ҳаётида тараққиёт ҳамда юксалишига пойдевор бўлган назарий таълимотларнинг ривожланиш босқичларини кузатамиз. Аммо Ўзбекистон ҳалқлари давлатчилик тарихи ўз тараққиётида бир хилда ривожланган эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |