Иккинчиси, демократиянинг миллий-маданий мерос билан боғлиқ миллий хусусиятларига таянишдан иборат. Бу икки йўналиш бир-бири билан узвий боғлиқ ва ҳақиқий демократик жамият қуришни бир-биридан ажралган ҳолда тасаввур этиб бўлмайди ҳам. Амалий ҳаётда бу муҳим қонунуниятнинг бузилиш ҳоллари турли халқлар турмуш тарзи ва уларнинг миллий манфаатларига зид бўлган, ижтимоий-сиёсий, маънавий оқибатларни келтириб чиқарган. Эътироф этилган тамойилларга таянмаслик, бу мамлакатни дунёвий, демократик жамият қуришдан йироқлаштирган бўлса, миллий-маънавий хусусиятларини ҳисобга олмасдан демократик жамият қуриш йўли эса, ҳақиқий демократия талабларига зид ҳолатдир. Бундай ўзига хос ва мос ривожланиш йўли демократик жамият қуриш қонуниятига тўғри келмайди.
Ўзларини диний ақидапарастлик ва терроризмга қарши курашаётган, дунёвий демократик тузум тарафдорлари деб кўрсатаётган баъзи халқаро ташкилотлар ва жамғармалар, хорижий ташкилотларнинг баъзи вакилларига халқнинг миллий қадриятлари, урф-одатлари, ўй-фикрлари, одоб-ахлоқи, ор-номусини ҳисобга олмай, бу қадриятларни Fарб демрократиясига қарши қўйиб, ўзларини гўёки инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси қилиб кўрсатмоқчи бўлмоқдалар. Бундай ҳолатни айрим миллатлар ва халқларнинг демократияга бўлган ишончини сўндиришга интилиш, дейиш мумкин.
Ўзини инсон ҳуқуқларининг холис ҳимоячиси деб таништирадиган хорижий ташкилотлардан айримларининг “Маҳалла давлатнинг тазйиқ кўрсатувчи идорасига айланяпти” деган фикрлари қанчалик асосли? Эмишки, эр-хотин ўртасида тушунмовчилик юзага келиб, жанжалли масалалар кўтарилганида, уларнинг судга эмас, маҳаллага мурожаат этишлари, инсон ҳуқуқларининг бузилиши экан.
“Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти фани 1) ижтимоий-сиёсий, 2) ижтимоий-гуманитар, 3) аниқ-табиий фанлар билан узвий боғлиқ бўлиб, у мазкур фанлар қарашларини эътироф этган ҳолда, бу фанларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаёти билан ҳам назарий ҳам амалий хусусиятларига эътибор қаратади. Ўзбекистонда демократик эркин, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуриш, иқтисодий ислоҳотларни янада либераллаштириш жараёнларининг ўзига хос хусусиятларини ўрганади.
Мамлакатда Конституция ва қонуннинг устунлиги, инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари билан боғлиқ умумий қоидалар ва демократик тамойиллар, жамият ва шахс муносабатлари, жамоат бирлашмалари, оила, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши билан боғлиқ соҳалар демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти фанининг ўрганадиган соҳалари ҳисобланади. Бу тушунчаларнинг айрим жиҳатларини бошқа ижтимоий-сиёсий фанлар ҳам ўрганади. Лекин ижтимоий-сиёсий фанларнинг ҳар бири жамиятда содир бўлаётган ҳодиса ва воқеалар жараёнини ўз предмети, объекти, мақсади ва қонуниятидан келиб чиққан ҳолда ўрганади. Масалан, онг муаммосини барча ижтимоий фанлар ўрганиши маълум. Лекин фалсафа онгни инсонга хос хусусият сифатида, унинг жамият ривожида муҳим омил сифатида ўрганса, социология жамиятдаги муайян гуруҳ ёки ижтимоий қатламнинг онги, унинг ўзига хос хусусиятларининг намоён бўлишини ўрганади. Сиёсатшунослик эса, унинг сиёсий кўринишини, яъни сиёсий онг шаклини, унинг намоён бўлишини ўрганади. Ҳуқуқшунослик ҳуқуқий онгни ўрганса, «Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти» фани эса онгнинг демократик шаклини, яъни демократик онгнинг ўзига хос жиҳатларини, унинг қадриятларини, шаклланиш асослари ҳамда жараёнини умуминсоний демократик қонуниятларининг муҳим омили сифатида ўрганади.
«Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти» фанини ўрганиш муҳим назарий ва амалий аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқаросини мамлакатда амалга оширилаётган демократик жамият қуришнинг мақсадлари, унинг шаклланиши ва ривожланишининг миллий-маънавий негизлари, демократик жамият тўғрисидаги ғоялар, қарашлар билан таништиради. Фуқароларнинг онг ва тафаккурига сингишида, ишонч ва эътиқодларига кўчишида муҳим ўрин тутади. Демократик жамият қуришнинг қонуниятларини билишда, унинг жаҳонда эътироф этилган тамойилларини ҳар бир мамлакат ва халқнинг миллий ва маънавий хусусиятлари билан боғлиқ ҳолда амалга ошириш зарурлигини ҳис этиш ва унга амал қилиш кўникмаларини шакллантиради. ҳақиқий демократия билан сохта демократиянинг фарқини кўришда, уни баҳолаб, муносабат билдиришда, фуқаролик позициясини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
«Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти» фанини ўрганиш орқали эркин, демократик, фуқаролик жамияти қурилиши билан боғлиқ унинг назарий асосларини, дунёда демократик жамият қуриш билан боғлиқ умумий қонуниятларни билиш билан бирга, демократиянинг ўзига хос миллий кўринишлари, «миллий моделлари»нинг маъно-мазмунини тўғри тушуниб олишга муваффақ бўлиш мумкин.
Ижтимоий тараққиёт ва бугунги глобаллашув жараёнлари дунё халқларининг ҳаётига, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий негизларига ўзининг таъсирини ўтказмоқда. Дунё халқлари бир-бири билан узвий боғланиб бормоқда. Шундай шароитда ўзлигини сақлаб қолиш, ўзига хос ва мос миллий-маънавий қадриятларини унутмасдан, уни демократик жамият қуриш тамойиллари билан боғлиқ ҳолда амалга оширишга эришиш, демократик жамият қуришни мақсад қилиб олган Ўзбекистон халқи учун ҳам муҳим ва долзарб вазифадир.
Бу ҳар бир фуқародан мамлакатнинг миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда миллий қадриятларини ҳурмат қилишга, демократиянинг миллий ва умумбашарий тамойилларини узвий боғлаб олиб боришга ўргатади.
Мазкур фанни ўрганиш орқали Ўзбекистон жамиятининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий ҳаётида амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар, уни мамлакатда белгилаб олинган озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт қуришга эришишнинг узвий боғлиқлигини юракдан ҳис этишга, унинг фаол иштирокчиларига айланишга яқиндан ёрдам беради.
Ўзбекистонда демократик жамият қуриш вазифаларининг фуқаролик жамияти асослари билан муштараклиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг қонун олдида тенглигини амалда таъминлашига қаратилгандир. Унга эришиш шарт-шароитларини, асосий йўналишларини билиш демократик жамият тўғрисида яхлит тасаввур беради. Бу бугунги кунда ҳаётимизда учраб турган демократияга зид бўлган айрим носоғлом хатти-ҳаракатлар, «демократия ниқоби билан» унинг миллий-маънавий хусусиятларини, Ўзбекистон халқи турмуш тарзи, миллий-маънавий қадриятлари: тарихи, тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарини ҳисобга олмасдан, демократияга баҳо беришдаги бир томонлама, нохолис уринишларнинг ҳам туб масқадларини, асл муддаоларининг моҳиятини англашга, фарқлай олишга ёрдам беради.
Фанни ўрганиш орқали фуқароларда Ўзбекистон Республикасининг демократик жамият қуришдан иборат олдига қўйган мақсад ва вазифаларни аниқ билиб олиш мумкин. Ўзбекистон жамияти ҳаётининг барча жабҳалари тўғрисида: давлати, халқ ҳокимиятчилиги, инсон ва фуқароларнинг демократик жамиятда иштироки, асосий ҳуқуқ ва эркинликлари, бурчлари, демократик жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий негизлари, унга хос хусусиятлар, жамоат бирлашмалари, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши ва фуқаролик жамияти қурилишининг асослари, унинг миллий ва умумбашарий негизлари тўғрисида билимга эга бўлиш муҳим сиёсий ва ижтимоий-маърифий аҳамиятга эга. Фуқароларда ватанпарварлик, миллатпарварлик, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат туйғуларини шакллантиришга ҳам хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, муҳим тарбиявий вазифаларни ҳам амалга оширади. Миллий истиқлол ғоясининг асосий тамойилларига таянади ва демократик жамият қурилиши билан боғлиқ қадриятларни кенг жамоатчиликнинг ишонч ва эътиқодига айланишига хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |