1.3. Ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар ва унинг босқичлари
Ўзбекистонинг ўз янгиланиш ва таракқиёт йўлига асос қилиб олинган етакчи тамойилларидан бири кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишдир. Бунда ҳар қандай иқтисодий ислоҳотнинг натижаси ҳалқ манфаатлари ва унинг ижтимоий ҳимоясини таъминланишга қаратилган.
Мустақилликкача бўлган даврда, ҳусусан, собиқ иттифоқнинг мустабид сиёсати натижасида 1980-йилларнинг иккинчи ярмига келиб, Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети дефицити ҳамда инфляция даражасининг ортиб бориши, халқ истеъмоли товарларининг етишмаслиги, ишлаб чиқариш ва меҳнат самарадолигининг тушиб кетиши каби бир қатор салбий тенденциялар иқтисодий-сиёсий вазиятнинг кескинлашувига олиб келди.
Ушбу даврда республика аҳолисининг ўсиш суръатлари собиқ иттифоқнинг бошқа давлатларига нисбатан 3 баробар юқори бўлиши ҳамда унда болалар улушининг юқорилиги демографик вазиятнинг мураккаблигидан далолат берарди. Шу билан бирга, узоқ йиллар давомида мутаносиб суръатларда иш жойлари ва яшаш шароитлари яратилмаганлиги оқибатида ишсизлик даражасининг ўсиши, ишлаб чиқариш самарадорлигининг тушиб кетиши, аҳоли даромадларининг камайишига олиб келди. Буларнинг умумий маҳсули эса аҳоли фаровонлиги даражасининг тушиб кетишига сабаб бўлди. Статистик маълумотларга кўра, ушбу даврда мамлакат аҳолисининг 45 фоиз даромадлари яшаш минимумидан паст даражада бўлган (даромадлар аҳоли жон бошига нисбатан 75 рублдан тўғри келган. 1990 йилда яшаш минимуми 85 рублни ташкил этган). Бу кўрсаткич иттифоқ аҳолиси бўйича 11 фоизни ташкил этишини ҳисобга олганда, ундаги ҳар тўртинчи киши Ўзбекистон фуқаросига тўғри келиши маълум бўлади.
Бу даврда республика аҳолисининг ижтимоий ҳолати, ижтимоий таъминоти ва ижтимоий ҳимояси масалалари умуман қониқарсиз холатда бўлиб, бунда қишлоқ аҳолисининг 5 фоизигина водопровод ва канализация билан, тахминан 50 фоизи ичимлик суви билан, 17 фоизи табиий газ билан таъминланган бўлиб, уй-жой, соғликни сақлаш, мактаблар, болалар боғчалари, маданият объектлари билан етарли даражада таъминланмаган эди.
Мана кескин шароитда Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қўлга киритди.
Туб ўзгаришларнинг бошланғич босқичи 1991 - 1995 йилларда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва ноозиқ-овқат молларни истеъмол қилиш кескин камайиши, оммавий ишсизлик пайдо бўлишининг олдини олиш, аҳоли турмуш даражасининг кескин тушиб кетишига йўл қўймаслик, ижтимоий соҳалар - соғлиқни сақлаш, таълим, фан ва маданият тармоқлари доимий ишлашини таъминлашга муваффақ бўлинди.
Ислоҳотларнинг бу босқичида Ўзбекистон ижтимоий ҳимоя сиёсати-нинг асосий вазифаси – имконқадар ялпи ишсизликка йўл қўймаслик ҳамда нархларнинг эркинлаштирилиши натижасида аҳоли даромадларидаги “йўқотишлар”ни камайтириш бўлди.
Давлатнинг ижтимоий-иқтисодий, миллий ва демографик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, истеъмол бозорлари ҳимояси ва давлатнинг истеъмол хавфсизлигига асос солинди. Асосий озиқ-овқат ва истеъмол молларининг кескин камайиб кетишига йўл қўймаслик учун чегараланган маҳсулотларнинг нормалаштирилган тизими ишлаб чиқилди. Шунингдек, ҳимоя чораси сифатида истеъмолчиларга субсидиялар бериш тизими ва истеъмол бозоридаги асосий озиқ-овқат товарларини мамлакатдан ташқарига чиқиб кетишидан ҳимоялаш-нинг турли шаклларидан кенг фойдаланилди. Нархларни эркинлаштириш шароитида аҳолининг харид қобилиятини ҳимоя қилиш учун бу чоралар муҳим аҳамият касб этди.
Ҳукумат томонидан қишлоқ аҳолисига ҳусусий томорқаларнинг ажратилиши, шунингдек, аҳоли асосий қисмининг реал маоши камайишини компенсация қилиш мақсадида тадбиркорлик фаолияти қўллаб-қувватланди. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу йиллар ичида қишлоқ аҳолиси хусусий тасарруфидаги ер ҳажми икки баробарга ошди, натижада, ҳар бир оила тасарруфидаги томорқалар 1990 йилдаги 12 сотихдан 30 сотихга етди. Бу чора-тадбирлар бозор типидаги юқори самарали томорқа хўжаликларини ташкил этиш имконини яратди.
Бозор иқтисодиёти тизимида ишлашга мослашмаган таълим ҳамда соғликни сақлаш тизими ҳам ислоҳотларнинг дастлабки босқичида туб ўзгаришларни талаб қиларди. Бунда аҳолининг соғлиғи ва таълим даражасини бир бутун тизим сифатида сақлаб қолишга қаратилган чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этди.
Бу сиёсат ўтиш даврининг энг мураккаб – бошланғич даврларида ижтимоий соҳадаги асосий мақсад ва вазифаларни амалга оширишга кўмак берди. Шундай ёндашув туфайли ислоҳотлар арафасида энг ноқулай бошланғич шарт-шароитларга ва сезиларли ижтимоий зиддиятларга эга бўлган Ўзбекистон ижтимоий можароларни четлаб ўтишга муваффақ бўлди.[19]
Бу давр ичида Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг ижтимоий таъминоти ҳамда ҳимоясининг ҳуқуқий асослари яратилди. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида” (20.11.1991), “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида” (13.01.1992), «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида» (02.07.1992), “Таълим тўғрисида”(02.07.1992), “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида” (06.05.1993), “Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида” (07.05.1993), “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” (03.09.1993) каби бир қатор ижтимоий муҳим қонунлар қабул қилинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |