ЎЗБЕКИСТОН ВА ҲИНДИСТОН ЎРТАСИДАГИ СИЁСИЙ МУНОСАБАТЛАР ТАРИХИДАН
Сайфуллаев Бехруз Дилшод ўғли
Тошкент давлат транспорт университети.
sayfullayev_behruz@mail.ru
Аннотация
Мазкур мақолада Марказий ва Жанубий Осиё минтақасидаги ётакчи давлатлардан Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги сиёсий муносабатларнинг қарор топиб ривожланиб бориши тарихийли нуқтаи назар ёритиб берилган.
Калит сўзлар: Ўзбекистон, Ҳиндистон, глобаллашув, сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳуқуқий асос.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон муносабатлари ХХI аср дунё харитасидаги энг муҳим ҳамкорликлар қаторида ривожланиб бормоқда. Иккала мамлакат ҳам бугунги глобаллашув даврида ўзаро муносабатларни яхшилашга интилмоқда. Ҳиндистон учун Марказий Осиё минтақаси, жумладан Ўзбекистон савдо ва тижорат нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга бўлган ҳудудлардан ҳисобланади. Ўзбекистон учун Ҳиндистон иқтисодий ва маданий алоқаларга эга бўлган, ҳамда Жанубий Осиёга кириш имкониятини тақдим этадиган, шунингдек Ҳинд океани, Шарқий Осиё мамлакатларига чиқиш имконини берадиган жонли алоқа эга бўлган бўлган мамлакатлардан ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек: “Ҳиндистон бугунги кунда жадал ривожланиб, жаҳон иқтисодиётидаги ўрнини мустаҳкамлаб бораётган глобал давлат. Сўнги тўрт йилда мазкур давлат билан икки томонлама муносабатлар янги босқичга олиб чиқилди1. Ушбу давлат Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бўлиб қолмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда икки томонлама муносабатларнинг сиёсий, тарихий жиҳатларини илмий тадқиқ этиш икки давлат ўртасидаги алоқалар ривожига ҳисса қўшади.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ўзаро манфаатли сиёсий алоқаларининг қарор топиши Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.Каримовнинг 1991 йил 17-19 август кунлари Ҳиндистонга қилган расмий ташрифидан бошланади. Зеро, бу Ўзбекистон Президентининг хорижга қилган биринчи мустақил – тарихий ташрифи эди. Учрашувда икки давлат раҳбарларининг имзолаган иқтисодий-тижорий, илмий-техник ва маданий ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар икки мамлакат ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг ўзаро муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, 1991 йил 26 декабрда Ҳиндистон биринчилар қаторида Ўзбекистон сувернитетини эътироф этиб, 1992 йил 18-март куни Тошкентда икки мамлакат ўртасида элчихоналар даражасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш ҳақидаги Протокол имзоланди. Ўша йилнинг сентябрида Деҳлида Ўзбекистон Республикасининг консулхонаси иш бошлади, 1994 йили у элчихонага айлантирилди. 1987 йил 7-апрелда Тошкентда очилган Ҳиндистон Бош консуллиги ҳам 1992 йили элчихона мақомини олган эди. Деҳлида 1993 йил январь ойида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг бўлими очилди.
Ҳамкорлик кўламини кенгайтириш мақсадида 1993 йил 23—25- май кунлари Ҳиндистон Бош вазири Нарасимха Рао давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди. Музокаралар давомида „Ўзбекистон Республикаси билан Ҳиндистон Республикаси ўртасида давлатлараро муносабатлар ва ҳамкорлик принциплари тўғрисида“ шартнома, фойда ва мулкка икки ёқлама солиқ солмаслик тўғрисида, ҳаво йўллари тўғрисида ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланиши ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини шакллантириши билан бирга муносабатларни мустаҳкамловчи механизмдир. Шу билан бирга, Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида "Ҳиндистон кафедраси" ташкил қилинди.
Мустақил Ўзбекистон Республикаси номидан 1994 йил январь ойида И.Каримов биринчи амалий ташриф билан Ҳиндистонда бўлди. Деҳлида икки давлат раҳбарлари ва ҳиндистонлик ишбилармонлари иштирокида музокаралар бўлиб ўтди. Музокаралар якунида “Ўзбекистон Республикаси билан Ҳиндистон Республикаси ўртасида телекоммуникация соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида Ўзаро тушуниш меморандуми”, “Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикаси ўртасида илмий-техник ҳамкорликка кўмаклашиш бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон марказини тузиш тўғрисида Баённома” ва Тошкентда ҳинд маданий марказини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланди.
Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатларига оид манбалар таҳлилида шуни ҳам таъкидлаш керакки икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосларининг шаклланиши ва ривожланишида ташқи ишлар вазирликлариаро сиёсий маслаҳатлашувлар муҳим аҳамият касб этиб, бундай учрашувлар 1997 йил август ойидан бери мунтазам равишда ўтказиб келинади. Жумладан, 1999 йил 18-20 март кунлари Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Ж.Синкх Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. Учрашув давомида «Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ҳукуматлараро битим имзоланди. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга давлатларимиз ўртасида 2011 йилда имзоланган стратегик шериклик тўғрисидаги Қўшма баёнот мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мустақиликка эришган кундан бошлаб 2018 йилгача бўлган давр оралиғида: Ҳиндистонга Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг беш марта 1991, 1994, 2000, 2005, 2011 йилларда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг тўрт 1996, 2003, 2004, 2017 йилларда, шунингдек Ўзбекистонга Ҳиндистон Бош вазирларининг уч 1993, 2006, 2015, 2016 йилларда хамда Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирининг етти марта 1996, 1999, 2003, 2009, 2010, 2013, 2018 йилларда расмий ташрифлари амалга оширилган.
Ҳамкорликнинг кейинги босқичида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натҳ Ковинднинг таклифига биноан 30 сентябр – 1 октябр кунлари давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтарди. Ню-Деҳлида ўтган олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон – Ҳиндистон мулоқоти якунида дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан озод этиш, туризм, қишлоқ хўжалиги, фан-техника ва инновациялар, коинотни тадқиқ этиш ва ундан тинчлик мақсадларида фойдаланиш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт илми соҳасида ҳамкорлик тўғрисида икки мамлакат ҳамкорлигини турли соҳаларида 20 та ҳужжат имзолангани қайд этилди.
Давлат раҳбарлари ўртасидаги кейинги учрашув Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019-йилнинг 17-18 январь кунлари ушбу мамлакатда бўлиб, “Жўшқин Гужарат – 2019” IX халқаро инвестиция саммитида иштирок этди. Давлатимиз раҳбари 18 январь куни Гандинагар шаҳрида халқаро саммити доирасида Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди билан учрашди.
Саммит арафасида Гужаратда Ўзбекистон-Ҳиндистон ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб, тадбирда икки мамлакат компаниялари ўртасида саноат кооперацияларини янада ривожлантириш, ҳинд компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш, ҳамкорликда бизнес форум ва кўргазмалар ташкил қилиш, Тошкентда Ҳиндистон саноат конфедерациясининг доимий ишлайдига офисини очиш каби масалаларда келишиб олинди.
Бугунги кунда дунёда коронавирус пандемияси туфайли вужудга келган эпидимологик вазият даврида ҳам алоқаларни ривожлантириб бориш ва пандемияга қарши курашишда ўзаро тажрибаларни ўрганиб бориш мақсадида икки мамлакат ўртасида онлайн видео конференциялар, саммитлар ташкил қилиб борилмоқда. Жумладан, 2020-йилнинг 11-декабрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди видео анжуман тарзда учрашув ўтказилди.
Онлайн даражадаги музокаралар якунида Қўшма баёнот қабул қилиб иқтисодиёт ва инновациялар, молиявий техник кўмак, божхона иши ва савдони техник тартибга солиш, кадрлар тайёрлаш ва қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, кибер хавфсизлик, рақамли технологиялар ва қайта тикланадиган энергетика бўйича тўққизта шартнома имзоланди.
Хулоса ўрнида айтганда, бугунги глобаллашув даврида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар янги форматда ривожланиб бормоқда. Икки давлат ўртасидаги сиёсий алоқаларнинг ривожланиб боришида давлат раҳбарлари ва ҳукуматларнинг расмий ташрифларида имзоланган шартномалар ва битимлар муносабатларни мустаҳкамловчи ҳуқуқий асос бўлиб ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |