ЎЗБЕКИСТОН РССПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
БУХОРО ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ
|
“ТАСДИҚЛАЙМАН”
Бухоро давлат университети ректори
____________ А.Тўлаганов
“___” ___________ 2018 й.
|
Лингвистика (Ўзбек тилшунослиги) мутахассислигидан докторантура, таянч докторантура ҳамда мустақил изланувчилик учун ИХТИСОСЛИК БЎЙИЧА ИМТИҲОН
ДАСТУРИ
10.00.01 – Ўзбек тили
Бухоро - 2018
КИРИШ
Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги Қонуни, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” ва давлат таълим стандартларида ҳар томонлама етук, салоҳиятли ва юқори малакали, рақобатбардош илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш алоҳида таъкидланган. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича 2017 – 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида ҳам «...таълим тизимини такомиллаштириш, сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш» алоҳида таъкидланган1. Бунга аждодларимиз илмий меросини пухта эгаллаш, жаҳон фан-техникаси, илмий технологиялари ютуқларини чуқур ўзлаштириш, илмий тадқиқотларнинг ижтимоий, иқтисодий самарадорлигини ошириш, уларда назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш асосида эришилади.
“10.00.01 – Ўзбек тили” ихтисослиги бўйича тузилган докторлик имтиҳони дастури филология фанининг ушбу тармоғини ва қисман, тил назарияси ва умумий тилшунослик масалаларини ҳам қамраб олади. Дастур талабгорнинг юқори малакали мутахассис бўлиши учун зарур бўлган муҳим манбаларни ўз ичига олади.
Мустақиллик йилларида республикамизда миллий маънавиятимиз, ўзлигимизнинг асосий манбаларидан бўлган тилимизга, уни илмий тадқиқ этувчи тилшунослигимизга том маънода эътибор қаратилди ва бу жараён изчил давом этмоқда. Ўтган давр мобайнида ўзбек тилшунослигида фан тараққиёти динамикаси сезиларли даражада юксалди. Бунда жаҳон тилшунослиги ютуқларидан ўринли фойдаланиш, уларни амалда қўллаш ўз ижобий натижаларини берди ҳамда эришилаётган ютуқларимиз нафақат мамлакатимиз тилшунослигида, балки жаҳон тилшунослигида ҳам маълум бўлиб бормоқда.
Ўзбек тилшунослиги ХХ асргача бўлган тараққиёт босқичида асосан луғатчилик билан машғул бўлди. Турли луғатлар тузилиб, улар ўзбек адабий тилининг тараққиётида, миллий яхлитликни таъминлашда алоҳида аҳамият касб этди.
ХХ асрда шаклланиб, унинг 80-йилларигача ҳукм сурган ўзбек формал тилшунослиги ўзбек адабий тилининг меъёрий қоидаларини ишлаб чиқиш ва академик грамматикалар яратиш, тегишли луғатлар тузиш ва чоп этиш бўйича улкан ишларни амалга оширди.
ХХ асрнинг охирги чорагида иш бошлаган ўзбек субстанциал тилшунослиги ўзбек тилшунослиги олдига 30-40-йилларда қўйилган ва 40-50-йилларда амалга оширилган вазифаси – ўзбек тили турли сатҳ бирликларининг замонавий таҳлил усулларида берилган мукаммал тавсифи, белгиланган адабий тил меъёрлари, таълимнинг турли босқичи учун яратилган ўқув қўлланмалари, дарслик ҳамда луғатлар асосида тўлақонли назарий тушунчалар ҳосил қилиш, хусусийликларда умумийликни, ҳодисаларда моҳиятни, оқибатларда сабабни, воқеликларда имкониятни очиш ишларини амалга оширди. Ўзбек тилининг яхлит миллий субстанциал таълимоти яратилди.
Ўзбек тилшунослиги янги асрда антропоцентрик моҳият касб этди. Ўзбек тили лисоний имкониятларининг нутқий воқеланишини тадқиқ қилувчи субстанциал-прагматик парадигма, тил ва маданият муштараклигини ўрганувчи этнолингвистика, тил ва билим муштараклигини текширувчи лингвокогнитология, тил ва социум муносабатини ўрганувчи социолингвистика бўйича ҳам қатор тадқиқотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбек тилшунослиги миллий тилшунослик фани сифатида ривожланиш билан бирга, жаҳон тилшунослиги ютуқларидан ҳам озиқланмоқда, ўзи ҳам унинг хазинасига муносиб ҳисса қўшмоқда. Шу боис дастурда умумий тилшуносликнинг долзарб масалаларига доир жиҳатлар ҳам қамраб олиниши зарур деб топилди. Зеро, етук мутахассисларни тайёрлаш талаби шундай йўл тутишни тақозо қилади.
Тил ва тилшунослик ҳақидаги билимлар уйғунлиги дастурнинг асосини ташкил қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |