173-модда. Маҳкумларнинг озод қилиниши тўғрисида
хабар бериш ва озод бўлган шахсларни кузатиб бориш
Жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти маҳкумларнинг озод этилганлиги тўғрисида:
биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига, ҳомиладор аёллар ва ёш боласи (болалари) бор аёлларга, шунингдек вояга етмаганларга нисбатан - уларнинг қариндошлари ёки қариндошларининг ўрнини босувчи бошқа шахсларни;
ишга кириш ва турмушини йўлга қўйишга муҳтож бўлган шахсларга нисбатан - вилоятлар (туманлар, шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги ижтимоий мослашув марказларини;
сил ёки таносил касалликларига дучор бўлган, шунингдек алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликдан мажбурий даволаш курсини тугалламаган шахсларга нисбатан - вилоят, шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари (бўлимлари) ёки соғлиқни сақлаш органларининг даволаш муассасаларини;
маъмурий назорат остига олиниши лозим бўлган шахсларга нисбатан - ички ишлар ҳудудий органларини олдиндан хабардор этади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маҳкумлар касаллиги ёки меҳнат қобилиятини йўқотганлиги оқибатида, амнистия акти ёки афв асосида озод этилган ҳолларда, шунингдек маҳкумлар жазодан шартли равишда муддатидан илгари озод этилган тақдирда, билдириш қоғози улар озод этилган куни жўнатилади.
Ҳукм қилинган чет эл фуқароларининг озод этилганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги уларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хабардор қилинади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бирор бир давлатнинг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси мавжуд бўлмаган тақдирда, бундай давлатнинг ваколатли органини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хабардор қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига озод этилганлик тўғрисидаги билдириш қоғози жўнатилади.
Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси бўйича яшаган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс озод қилинаётганда жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти маҳкум қамоққа олингунига қадар рўйхатга олинган жойдаги ички ишлар ҳудудий органининг мамлакатга кириш, ундан чиқиш ва рўйхатга олиш билан шуғулланувчи тегишли хизматини хабардор қилади.
Соғлиғи ҳолатига кўра доимий парваришга муҳтож шахслар, шунингдек ўн олти ёшгача бўлган вояга етмаган шахслар қариндошлари ёки бошқа шахслар ёхуд муассаса маъмурияти вакилининг кузатувида яшаш жойига жўнатилади.
Ногиронлар ва қариялар, ўз илтимосига кўра, ногиронлар ва қариялар уйига жўнатилади.
Вояга етмаган маҳкумлар ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига жўнатилади. Ота-онаси йўқ вояга етмаган шахслар, зарур ҳолларда, интернатларга жўнатилади ёки ҳомийлар қарамоғига берилади. (ЎзР 30.08.2003 й. 535-II-сон Қонуни таҳриридаги модда матни), (Олдинги таҳририга қаранг)
Do'stlaringiz bilan baham: |