11-модда. Прокуратура органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ваколатлари
Прокуратура органлари:
ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;
ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади;
ҳуқуқбузарликлар профилактикасини, шу жумладан солиқ, валютага оид ҳуқуқбузарликлар, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш профилактикасини амалга оширади, шу жумладан мазкур ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этади;
ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этади;
аҳоли ўртасида жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий тарғибот бўйича фаолиятда иштирок этади;
ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасаларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
Прокуратура органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
1. Прокуратура органлари Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил
29 августда қабул қилинган «Прокуратура органлари тўғрисида»ги қонунида келтирилган ваколатларга асосланиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади. Бу борада улар ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурлари бўйича таклиф ва тавсиялар бериш ёки ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларининг лойиҳаларини тақдим этиш кабилар орқали иштирок этадилар.
2. Прокуратура органлари қонун ҳужжатларида белгиланган ваколати доирасида прокуратура органлари тизими бўйича (республика, вилоят, туман (шаҳар) кесимида) мавжуд криминоген вазият ҳамда жиноятчиликнинг сабаб ва шароитлари таҳлилидан келиб чиқиб ёки ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан тасдиқланган давлат ёхуд ҳудудий дастурлар ижросини таъминлаш мақсадида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир соҳавий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширилишини таъминлайди.
Прокуратура органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан тасдиқланган давлат ва ҳудудий дустурларнинг ижросини таъминлаш жараёнида соҳавий дастурларни республика, вилоят, туман (шаҳар) кесимида юқоридан қуйига бўйсинувчи шаклда ишлаб чиқадилар, тасдиқлайдилар ва амалга оширадилар.
3. Прокуратура органлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг «Прокуратура» номли XXIV боб 118-моддаси ҳамда 2001 йил 29 августдаги «Прокуратура органлари тўғрисида»ги қонуннинг
1 ва 2-моддаларида белгиланган мақоми ва ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни амалга оширадилар.
Бу борада прокуратура органларининг асосий вазифалари қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишдан иборат ҳисобланади. «Прокуратура органлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида прокуратура органларининг назорати йўналишлари белгилаб қўйилган.
4. Прокуратура органлари мазкур қонун, шунингдек «Прокуратура органлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддаси ҳамда «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасида белгиланган тартиб асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини, шу жумладан солиқ, валютага оид ҳуқуқбузарликлар, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш профилактикасини амалга оширади, шу жумладан мазкур ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этади. Бу борада солиқ интизомини мустаҳкамлашга, солиқ, валюта соҳасидаги жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашга, шунингдек давлатга етказилган иқтисодий зарарни қоплашга қаратилган қонунларнинг ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади.
5. Прокуратура органлари «Прокуратура органлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида кўрсатилган «қонун ижодкорлиги фаолиятида ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ишида иштирок этиш» йўналишидаги фаолияти доирасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этади.
6. Прокуратура органлари «Прокуратура органлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида кўрсатилган «қонун ижодкорлиги фаолиятида ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ишида иштирок этиш» йўналишидаги фаолияти доирасида аҳоли ўртасида жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий тарғибот бўйича фаолиятда иштирок этади.
7. Прокуратура органлари «Прокуратура органлари тўғрисида»ги қонуннинг «Жиноятчиликка қарши кураш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш» номли 8-моддасида, шунингдек мазкур қонуннинг прокуратура органлари ҳузурида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича тузилиб, фаолият юритадиган мувофиқлаштирувчи кенгашлар фаолиятини тартибга солувчи 20-моддасида келтирилган ваколати доирасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасаларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
8. Прокуратура органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади. Бундан ташқари, «Прокуратура органлари тўғрисида»ги қонуннинг «Халқаро ҳамкорлик»ни тартибга солувчи 52-моддасида берилган ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига мувофиқ чет эл давлатларининг тегишли органлари билан прокурор назорати, жиноятчиликка қарши кураш соҳасида ҳамда бошқа масалалар бўйича ҳамкорлик қилишлари мумкин.
9. Прокуратура органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳам муайян ваколатларни амалга ошириши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |