36-модда. Шахсни профилактик ҳисобга қўйиш асослари
Шахсни профилактик ҳисобга қўйишга қуйидагилар асос бўлади:
ваколатли органнинг ёки мансабдор шахснинг ушбу Қонун 35-моддасининг олтинчи хатбошисида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарори;
ваколатли органнинг ёки мансабдор шахснинг жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги ёхуд реабилитация қилмайдиган асослар бўйича жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарори;
ўзига нисбатан қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораси танланган айбланувчи сифатида ишда иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги терговчининг ёки прокурорнинг қарори;
суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми;
шахснинг жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинганлиги тўғрисидаги маълумотнома;
Олдинги таҳрирга қаранг.
вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиянинг қарори.
(36-модданинг биринчи қисми еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-446-сонли Қонунитаҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 978-модда)
Бир шахсни профилактик ҳисобга қўйиш учун бир қанча асослар мавжуд бўлган тақдирда, асосларнинг ҳар бири бўйича алоҳида-алоҳида профилактик ҳисобга олиш амалга оширилади.
Шахсни профилактик ҳисобга қўйиш қачонки, қонуний асослар бўлсагина амалга оширилади. Акс ҳолда Ушбу қонунинг қонунийлик принципи талаблари қўпол равишда бузилган ҳисобланади.
Шахсни профилактик ҳисобга қўйишда қуйидаги асослар ва уларнинг мазмунини билиш ўта муҳимдир:
1. Ваколатли органнинг ёки мансабдор шахснинг ушбу Қонун 35-моддасининг олтинчи хатбошисида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарори;
Ваколатли органнинг ёки мансабдор шахснинг Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40, 41, 45, 47, 52, 56, 58, 61, 106, 131, 1651, 183, 184, 1841, 1842, 1843, 187, 188, 1881, 189, 1891, 190, 191, 201, 202, 2021, 240, 241-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарори (агарда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ходимлари ёки ҳарбий хизматчилар томонидан мазкур-моддаларда кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда, улар профилактик ҳисобга олинмайди, ходимга нисбатан интизомий чора кўриш учун унинг иш жойига ҳужжатни расмийлаштирган ваколатли орган ёки мансабдор шахс томонидан хабарнома юборилади);
2. Ваколатли органнинг ёки мансабдор шахснинг жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги ёхуд реабилитация қилмайдиган асослар бўйича жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарори;
Ваколатли органнинг ёки мансабдор шахснинг Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 373–374-моддаларида белгиланган тартибда қабул қилинган жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги ёхуд ЖПКнинг 84-моддасида келтирилган реабилитация қилмайдиган асослар бўйича жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарори;
3. Ўзига нисбатан қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораси танланган айбланувчи сифатида ишда иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги терговчининг ёки прокурорнинг қарори (ЖПКнинг 250-254-моддаларида белгиланган: гаров, муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат, шахсий кафиллик, жамоат бирлашмаси ёки жамоанинг кафиллиги, вояга етмаганларни кузатув остига олиш учун топшириш, ҳарбий хизматчининг хулқ-атвори устидан қўмондонлик кузатуви эҳтиёт чораларини қўллаш назарда тутилиб, ЖПКнинг 44-боби талаблари асосида қабул қилинган);
4. Суднинг (ЖПКнинг 463, 465–468-моддаларида белгиланган тартибда қабул қилиниб) қонуний кучга кирган айблов ҳукми;
5. Шахснинг жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинганлиги тўғрисидаги маълумотнома. Мазкур маълумотномалар жазони ўтаб бўлганлик ёки жазодан озод қилинганлик тўғрисида белгиланган намунада бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 25 апрель куни қабул қилинган Жиноят-ижроия кодексининг 169-моддаси 2-қисми ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2012 йил 29 декабрь куни қабул қилинган «Ўзбекистон республикаси ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 174-сонли буйруғида қайд этилган тартибда жазони ижро этиш муассасалари томонидан берилади;
6. Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиянинг қарори.
Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиянинг қарорлари (мазкур қарорларнинг мазмуни, уларни ижро этиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 январь куни қабул қилинган «Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 13-сонли қарори билан тасдиқланган «Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар тўғрисидаги Низом»да батафсил ёритилган) мажлисда қатнашган комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Комиссия қарори ёзма шаклда, далиллар билан асосланган бўлиши лозим.
Таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш тўғрисидаги қарорда: комиссиянинг номи; ишни кўриб чиқиш санаси; иши кўриб чиқилаётган шахс тўғрисидаги маълумотлар; ишни кўриб чиқиш чоғида аниқланган ҳолатлар; мазкур ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат, иш юзасидан қабул қилинган қарор кўрсатилади.
Туман (шаҳар) комиссиялари қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда вояга етмаганларга нисбатан қуйидаги таъсир кўрсатиш чораларини қўллашлари мумкин:
- вояга етмаганга жабрланувчидан узр сўраш мажбуриятини юклаш тўғрисида туман (шаҳар) судига тақдимнома киритиш;
- огоҳлантириб қўйиш;
- ўн беш ёшга тўлган вояга етмаган зиммасига, агар у мустақил иш ҳақига эга бўлса ва зарар миқдори белгиланган энг кам ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаса етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ёки уни бартараф этиш мажбуриятини юклаш ёки белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан ортиқ бўлмаган моддий зарарни ўз меҳнати билан қоплаш мажбуриятини юклаш тўғрисида туман (шаҳар) судига тақдимнома киритиш;
- ўн олти ёшга тўлган ва мустақил иш ҳақига эга бўлган вояга етмаганга Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган ҳолларда ва миқдорларда жарима солиш;
- вояга етмаганни ўз ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёхуд жамоат тарбиячилари назоратига, шунингдек уларнинг розилиги билан меҳнат жамоаси ёки нодавлат нотижорат ташкилот кузатувига топшириш;
- вояга етмаганни қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш.
Ҳар бир аниқ ҳолат бўйича қабул қилинган таъсир кўрсатиш чоралари тўғрисида комиссиялар вояга етмаганнинг яшаш, ўқиш ёки иш жойи бўйича ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси бўлинмалари томонидан вояга етмаганлар ўртасида якка тартибда профилактика ўтказилишини таъминлаш учун ички ишлар тегишли ҳудудий органларини хабардор қилишга мажбур.
Қарор раислик қилувчи ва комиссиянинг масъул котиби томонидан имзоланади ва қабул қилингандан кейин эълон қилинади.
Комиссия қарорининг нусхаси уч кун мобайнида вояга етмаганга, унинг ота-онасига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга, зарур ҳолларда эса — вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар ва муассасаларга топширилади ёки почта орқали юборилади.
Қабул қилинган қарор тўғрисида комиссия вояга етмаган ҳуқуқбузарнинг ишлаб, ўқиб турган жойига ёки яшаш жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, шунингдек унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар яшаб турган жойдаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига хабар беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |