387-модда. Бозорларга солиқ солиш тартиби
Бозорларнинг ушбу Кодекс 385 ва 386-моддаларида кўрсатилган даромадларидан ушбу Кодексда назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ундирилмайди.
Бозорлар зиммасида тўлов манбаида солиқлар ва мажбурий тўловларни ундириш бўйича мажбуриятлар ҳамда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига қуйидагиларни тўлаш мажбуриятлари сақланиб қолади:
божхона тўловлари;
ягона ижтимоий тўлов;
давлат божи;
товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғим;
давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар;
автотранспорт воситаларини олганлик ва (ёки) вақтинчалик олиб кирганлик учун Республика йўл жамғармасига йиғим.
Бозорлар даромадларининг умумий суммасидан, бозорлар даромадидан тўланадиган давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар чегириб ташлангандан кейин қолган маблағларнинг 50 фоизи бозорлар жойлашган жойдаги тегишли маҳаллий бюджетларга белгиланган тартибда йўналтирилади. Қолган 50 фоизи бозорлар маъмурияти тасарруфида қолади ва улардан жорий харажатларни қоплаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, бозорлар томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг рўйхатини кенгайтириш, сифатини яхшилаш учун фойдаланилади.
(387-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-196-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 52-сон, 512-модда)
Қатъий белгиланган солиқ солинадиган фаолият турлари бозорлар томонидан амалга оширилганда, бундай фаолиятдан олинган даромадларга ушбу Кодекснинг 58-бобига мувофиқ қатъий белгиланган солиқ солинади. Бунда мазкур даромадларга ушбу модда учинчи қисмининг қоидалари татбиқ этилмайди.
(387-модда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-241-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 556-модда)
Олинган даромадлар тўғрисидаги маълумотларни бозорлар солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқлаган шаклда тақдим этади.
Маблағларни бюджетга ўтказиш олинган даромадлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш муддатидан кечиктирмасдан бир ойда бир марта амалга оширилади.
Ушбу боб қоидалари устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 51 фоиздан кам бўлмаган юридик шахслар — савдо комплексларига татбиқ этилади.
(387-модда Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-274-сонли Қонунига асосан еттинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 51-сон, 485-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |