380-модда. Ишончли шахсда биргаликдаги фаолиятга солиқ солиш тартиби Ишончли шахс биргаликдаги фаолиятга солиқ солишнинг ушбу моддада назарда тутилган ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда биргаликда чиқариладиган маҳсулотни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ҳисобини алоҳида-алоҳида юритади.
Ишончли шахс биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотни реализация қилиш оборотлари бўйича ушбу Кодексда белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи (акциз тўланадиган товар реализация қилинган тақдирда) ва давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар тўлайди.
Қўшилган қиймат солиғини тўловчи бўлмаган ишончли шахс биргаликдаги фаолиятни амалга оширишга тааллуқли қисм бўйича қўшилган қиймат солиғини тўловчи сифатида давлат солиқ хизмати органида ҳисобга туриши шарт.
Ишончли шахс ҳисобварақ-фактурани расмийлаштирган ҳолда биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотни ушбу Кодекснинг 222-моддасида назарда тутилган тартибда реализация қилади.
Биргаликдаги фаолият натижасида олинган даромад биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотни реализация қилишдан тушадиган, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар чегириб ташланган ҳолдаги соф тушум билан реализация қилинган биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга тўғри келадиган биргаликдаги фаолиятга киритилган маблағлар суммаси ўртасидаги фарқ тарзида аниқланади.
(380-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-241-сонли Қонуни таҳририда— ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 556-модда) Биргаликдаги фаолият натижасида олинган даромад биргаликдаги фаолият шериклари (иштирокчилари) ўртасида ҳар бир шерикнинг (иштирокчининг) ҳиссаси улуши асосида ёки оддий ширкат шартномаси шартларига мувофиқ тақсимланади ҳамда ҳар бир шерикнинг (иштирокчининг) бошқа даромадлари таркибига киритилади.
Оддий ширкат шартномасининг амал қилиши тугатилган ва мол-мулк ушбу шартнома шерикларига (иштирокчиларига) қайтарилган тақдирда, ҳар бир шерикнинг (иштирокчининг) ўзи киритган ҳиссаси миқдори доирасида олинган маблағлари оддий ширкат шартномаси шеригининг (иштирокчисининг) даромадлари таркибига киритилмайди.
Агар биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулот реализация қилинмасдан оддий ширкат шартномаси шериклари (иштирокчилари) ўртасида тақсимлаб олинса, ишончли шахс томонидан биргаликдаги фаолият шерикларидан (иштирокчиларидан) ушбу Кодекс 381-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларига мувофиқ олинган қўшилган қиймат солиғи суммасига мазкур Кодекснинг 220-моддасида белгиланган тартибда тузатиш киритилиши ва бу сумма илгари уни ишончли шахсга топширган шерикка (иштирокчига) қайтариб берилиши лозим. Бунда ушбу қисмга мувофиқ тузатиш киритилиши лозим бўлган солиқ суммаси топшириладиган биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг қийматига киритилмайди ва биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг тегишли ҳиссасини оладиган шериклар (иштирокчилар) томонидан ҳисобга олинади. Тузатиш киритилган солиқ суммаси ушбу модданинг тўққизинчи қисмига мувофиқ мазкур мол-мулкни топшириш расмийлаштириладиган ҳужжатларда кўрсатилади.
Ишончли шахс биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотни шерикларига (иштирокчиларига) топшираётганда ушбу модданинг саккизинчи қисмида назарда тутилган тартибга мувофиқ аниқланадиган қўшилган қиймат солиғи суммасини кўрсатган ҳолда ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиради. Биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотни топшириш учун расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура бюджетга тўланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобида шерикнинг (иштирокчининг) ушбу солиқ суммасини ҳисобга олиши учун асос бўлади. Ҳисобварақ-фактурадаги «товар жўнатиш ҳужжатларининг ёки шартномаларнинг рақами ва санаси» сатрига «биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг тақсимоти» деган белги қўйилади;
(380-модда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-241-сонли Қонунига асосан саккизинчи ва тўққизинчи қисмлар билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 556-модда)