ХV БЎЛИМ. ИЖТИМОИЙ ЖАМҒАРМАЛАРГА МАЖБУРИЙ ТЎЛОВЛАР
51-боб. Ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари
305-модда. Солиқ тўловчилар
Ягона ижтимоий тўловни тўловчилар қуйидагилардир:
юридик шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари;
Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса, чет эллик юридик шахсларнинг ваколатхоналари ва филиаллари орқали амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари.
Жисмоний шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий равишда яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини (бундан буён матнда суғурта бадаллари деб юритилади) тўловчилардир.
(305-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-196-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 52-сон, 512-модда)
Суғурта бадалларини ҳисоблаш ва ушлаб қолиш мажбурияти, шунингдек уларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши учун жавобгарлик иш берувчи зиммасига юклатилади, бундан ушбу Кодекснинг 311-моддасида назарда тутилган тартибга мувофиқ суғурта бадаллари тўловчи айрим тоифадаги жисмоний шахслар мустасно.
(305-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-359-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 685-модда)
306-модда. Солиқ солиш объекти
Ушбу Кодекснинг 172-моддасида кўрсатилган иш ҳақи тарзидаги даромадлар ягона ижтимоий тўловнинг ва суғурта бадалларининг солиқ солиш объектидир. Бунда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахслар учун ягона ижтимоий тўловнинг ва суғурта бадалларининг солиқ солиш объекти уларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига ишлаш учун юборилгунига қадар охирги иш жойи бўйича олинган, Ўзбекистон Республикасида бюджет муассасалари ходимлари учун иш ҳақи оширилиши ҳисобга олинган ҳолда қайта ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
(306-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги ЎРҚ-379-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 49-сон, 579-модда)
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаш учун чет эллик ходимларни бериш бўйича хизматлар кўрсатиш шартномасига мувофиқ юридик шахс — Ўзбекистон Республикаси норезидентига тўланадиган чет эллик ходимларнинг даромадлари ҳам ягона ижтимоий тўловнинг солиқ солиш объектидир.
(306-модда Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-313-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 52-сон, 556-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |