40-боб. Солиқни ҳисоблаб чиқариш, солиқ ҳисоб-китобларини тақдим этиш ва солиқни тўлаш тартиби
223-модда. Солиқ даври. Ҳисобот даври
Календарь йил солиқ давридир.
Ҳисобот даври қуйидагилардир:
қўшилган қиймат солиғи тўлайдиган микрофирмалар ва кичик корхоналар учун — йил чораги;
микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган солиқ тўловчилар учун — бир ой.
(223-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги ЎРҚ-379-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 49-сон, 579-модда)
224-модда. Солиқни ҳисоблаб чиқариш тартиби
Солиқ солинадиган оборотлар бўйича қўшилган қиймат солиғи солиқ солинадиган база ва белгиланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
Бюджетга тўланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғи солиқ солинадиган оборот бўйича ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси билан ушбу Кодекснинг 218-моддасига мувофиқ ҳисобга олинадиган солиқ суммаси ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.
Товарларни импорт қилиш бўйича қўшилган қиймат солиғининг суммаси солиқ солинадиган база ва белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
225-модда. Солиқ ҳисоб-китобларини тақдим этиш тартиби
Қўшилган қиймат солиғининг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига ортиб борувчи якун билан:
қўшилган қиймат солиғи тўловчи микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан — йилнинг ҳар чорагида ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса — йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда;
микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган солиқ тўловчилар томонидан — ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади.
(225-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги ЎРҚ-379-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 49-сон, 579-модда)
Солиқ тўловчилар, бундан кредит ва суғурта ташкилотлари мустасно, қўшилган қиймат солиғининг ҳисоб-китоби билан бир вақтда солиқ даври мобайнида олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестрини тақдим этади. Солиқ тўловчилар, бундан кредит ва суғурта ташкилотлари мустасно, қўшилган қиймат солиғининг ҳисоб-китоби билан бир вақтда солиқ даври мобайнида олинган ва реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестрларини тақдим этади.
(225-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-343-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 52-сон, 584-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |