382-модда. Фақат якка тартибдаги тадбиркорлар амалга оширадиган биргаликдаги фаолиятга солиқ солиш Оддий ширкат шартномаси бўйича биргаликдаги фаолият фақат якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан амалга оширилган тақдирда, биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотни реализация қилишни амалга оширувчи ишончли шахс мазкур маҳсулотни реализация қилишдан олинган тушумдан микрофирмалар ва кичик корхоналар учун белгиланган ставкалар бўйича ягона солиқ тўлови, шунингдек, агар биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулот акциз тўланадиган маҳсулот бўлса, акциз солиғи тўлайди.
Ягона солиқ тўлови биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулот реализация қилинмасдан, биргаликдаги фаолият шериклари (иштирокчилари) ўртасида тақсимлаб олинган тақдирда ҳам тўланади. Бунда ягона солиқ тўлови суммаси биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
Биргаликдаги фаолиятни амалга ошириш доирасида якка тартибдаги тадбиркорлар учун ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобининг шакли Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланади.
(382-модда Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-196-сонли Қонуни асосида иккинчи ва учинчи қисмлар билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 52-сон, 512-модда) 61-боб. Деҳқон хўжаликларига солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари 383-модда. Деҳқон хўжаликларига солиқ солиш тартиби Юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликлари ушбу Кодексда жисмоний шахслар — солиқ тўловчилар учун назарда тутилган тартибда солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар тўлайди.
Юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда деҳқон хўжаликлари қуйидаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлайди:
1) жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
2) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
3) жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ;
4) божхона тўловлари;
5) ушбу Кодекснинг ХVII бўлимида бошқача қоидалар назарда тутилган бўлмаса, давлат божи;
6) автотранспорт воситаларини олганлик ва (ёки) вақтинчалик олиб кирганлик учун Республика йўл жамғармасига йиғим.
Юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжалиги аъзолари ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган солиқлар ва мажбурий тўловларни тўлаш билан бир қаторда ушбу Кодекснинг 311-моддасида назарда тутилган тартибда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлайди.
Юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжалиги аъзолари қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш, ўзлари етиштирган маҳсулотни қайта ишлаш ва реализация қилиш билан боғлиқ бўлмаган фаолият билан шуғулланган тақдирда, улар якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйхатдан ўтишлари ҳамда ушбу Кодекснинг 58-бобида назарда тутилган тартибда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашлари шарт.