75-модда. Алоҳида тартибга солиниши лозим бўлган шаҳарсозлик фаолияти объектлари
Алоҳида тартибга солиниши лозим бўлган шаҳарсозлик фаолияти объектлари умумдавлат ёки маҳаллий аҳамиятга молик бўлиши мумкин.
Шаҳарсозлик фаолияти қуйидаги ҳолларда алоҳида тартибга солиниши лозим, агар:
ҳудудлар ҳамда аҳоли пунктлари табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар таъсирига дучор бўлган бўлса;
ҳудудлар йўл қўйиладиган энг юқори концентрациялардан ортиқча кимёвий ва биологик моддалар, зарарли микроорганизмлар, йўл қўйиладиган энг юқори даражалардан ортиқча миқдорларда радиоактив моддалар билан ифлосланган бўлса;
шаҳарсозлик фаолияти муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда амалга оширилаётган бўлса.
Алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектлари жумласига қуйидагилар ҳам киритилиши мумкин:
муҳофаза этиладиган ноёб ландшафтларга эга ҳудудлар;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар;
курорт учун мўлжалланган ҳудудлар;
рекреация учун мўлжалланган ҳудудлар;
махсус иқтисодий зоналарнинг ҳудудлари;
кичик саноат зоналарининг ҳудудлари;
сув ресурсларининг муҳофаза зоналари;
Тошкент шаҳри ҳудуди;
Нукус шаҳри ҳудуди;
вилоятларнинг маъмурий марказлари бўлган шаҳарлар ҳудудлари;
Тошкент ва Нукус шаҳарларига, вилоятлар ва туманларнинг маъмурий марказларига туташ зоналар;
маданий мерос объектлари мавжуд бўлган аҳоли пунктлари;
курорт аҳоли пунктлари;
қўриқхона аҳоли пунктлари;
туристик салоҳиятига эга бўлган аҳоли пунктлари;
алоҳида (экстремал) табиий-иқлим шароитларига эга бўлган аҳоли пунктлари;
ҳаёт фаолиятининг алоҳида режими белгиланган аҳоли пунктлари (ҳарбий объектлар ва бошқа режимли ҳудудлар, давлат қўриқхоналарининг ҳудудида ҳамда бошқа қўриқланадиган табиий ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари).
76-модда. Алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларини умумдавлат ва маҳаллий аҳамиятга молик объектлар жумласига киритиш ҳамда уларнинг чегараларини белгилаш
Алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларини умумдавлат аҳамиятига молик объектлар жумласига киритиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан:
табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар таъсирига дучор бўлган ҳудудларда — Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ижро этувчи ҳокимият органлари маълумотлари асосидаги тақдимномасига кўра;
йўл қўйиладиган энг юқори концентрациялардан ортиқча кимёвий ва (ёки) биологик моддалар, зарарли микроорганизмлар билан, йўл қўйиладиган энг юқори даражалардан ортиқча радиоактив моддалар билан ифлосланган ҳудудларда — Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг тақдимномаларига кўра;
Тошкент шаҳри ҳудудида — Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг ҳамда Тошкент шаҳар ижро этувчи ҳокимият органининг тақдимномаларига кўра;
моддий маданий мерос объектлари мавжуд бўлган шаҳарлар ҳудудларида — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг тақдимномаларига кўра;
курорт шаҳарлар ҳудудларида — Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг тақдимномаларига кўра;
қўриқхона шаҳарлар ҳудудларида — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг тақдимномаларига кўра;
ҳаёт фаолиятининг алоҳида режимига эга бўлган аҳоли пунктлари (ҳарбий объектлар, бошқа режимли ҳудудлар, давлат қўриқхоналаридаги ва бошқа қўриқланадиган табиий ҳудудлардаги аҳоли пунктлари) ҳудудларида — манфаатдор вазирликларнинг, давлат қўмиталарининг, идораларнинг тақдимномаларига кўра;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда — манфаатдор вазирликларнинг, давлат қўмиталарининг ва идораларнинг тақдимномасига кўра амалга оширилади.
Алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларини маҳаллий аҳамиятга молик (умумдавлат аҳамиятига молик объектлар жумласига киритилмаган) объектлар жумласига киритиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан:
табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар таъсирига дучор бўлган ҳудудларда — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ижро этувчи ҳокимият органларининг тақдимномаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан келишилган ҳолда;
йўл қўйиладиган энг юқори концентрациялардан ортиқча кимёвий ва (ёки) биологик моддалар, зарарли микроорганизмлар билан, йўл қўйиладиган энг юқори даражалардан ортиқча радиоактив моддалар билан ифлосланган ҳудудларда — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ижро этувчи ҳокимият органларининг тақдимномаларига кўра ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларини маҳаллий аҳамиятга молик (умумдавлат аҳамиятига молик объектлар жумласига киритилмаган) объектлар жумласига киритиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан:
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда — Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан келишилган ҳолда;
ҳаёт фаолиятининг алоҳида режимига эга бўлган аҳоли пунктлари (ҳарбий объектлар, бошқа режимли ҳудудлар, давлат қўриқхоналари ҳудудларида ва қўриқланадиган бошқа табиий ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари) ҳудудларида — манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан келишилган ҳолда;
Нукус шаҳри ҳамда вилоятларнинг маъмурий марказлари бўлган шаҳарлар ҳудудларида, шунингдек маданий мерос объектлари мавжуд бўлган шаҳарлар ҳудудларида — тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг тақдимномасига кўра амалга оширилади.
Алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг чегаралари аҳоли пунктларининг ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш ва қуриш тўғрисидаги тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида белгиланади ҳамда маъмурий-ҳудудий бирликлар чегаралари билан мос келмаслиги мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |