72-модда. Шаҳар атрофи зоналари
Шаҳар атрофи зонаси шаҳар чегарасидан ташқаридаги, шаҳар билан ягона ижтимоий, табиий, хўжалик ҳудудини ташкил этувчи, ушбу шаҳар ҳудудини, шаҳар атрофи зонасига кирувчи аҳоли пунктлари ҳудудларини, аҳоли пунктлариаро ҳудудларни (шаҳарни ривожлантириш учун захира ҳудудни) ривожлантириш учун ҳамда саноат, коммунал, омборхона объектларини, муҳандислик, транспортга оид инфратузилмалар объектларини, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилигини юритиш учун ер участкаларини, аҳоли дам олиш жойларини жойлаштириш учун, шунингдек қишлоқ хўжалигини юритиш ҳамда муҳофаза ва санитария-гигиена вазифаларини бажариш учун мўлжалланган ерларни ўз ичига олади.
Шаҳар атрофи зоналари чегараларини белгилаш ушбу Кодексга ҳамда ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ шаҳарсозлик ва ер тузиш ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
73-модда. Шаҳар атрофи зонаси ҳудудидан фойдаланиш
Шаҳар атрофи зонаси ҳудудидан фойдаланиш ҳамда унинг чегараларидаги шаҳарсозлик фаолияти юридик ва жисмоний шахсларнинг, жамият ва давлатнинг, шаҳар атрофи зонасига кирувчи аҳоли пунктлариаро ҳудудларнинг манфаатлари инобатга олинган ҳолда амалга оширилади.
Шаҳар атрофи зоналари ҳудудларининг зоналаштирилиши Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини режалаштириш тарҳларида, туманни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳаларида, шунингдек шаҳарларнинг ўз шаҳар атрофи зоналари билан биргаликда ишлаб чиқиладиган бош режаларида белгиланади.
Шаҳар атрофи зоналарида санитария-ҳимоя ва рекреация вазифаларини бажарадиган ҳудудлар ажратилади. Ушбу ҳудудларда атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатадиган хўжалик фаолияти ва бошқа хилдаги фаолият тақиқланади.
Шаҳар атрофи зонаси чегаралари доирасида биноларни, иншоотларни ҳамда уларнинг мажмуаларини қуриш, реконструкция қилиш ва кенгайтириш шаҳарнинг ижро этувчи ҳокимият органи билан келишган ҳолда амалга оширилади.
10-боб. Шаҳарсозлик фаолиятини алоҳида тартибга солиш
74-модда. Шаҳарсозлик фаолиятини алоҳида тартибга солиш
Агар ҳудуддан фойдаланишнинг махсус қоидаларини жорий этмай туриб, шаҳарсозлик соҳасида юридик ва жисмоний шахсларнинг, жамият ва давлатнинг манфаатларини таъминлаш мумкин бўлмаса ёки қийин бўлса, шаҳарсозлик фаолияти алоҳида тартибга солиниши лозим.
Шаҳарсозлик фаолиятини алоҳида тартибга солиш:
ҳудудлардан фойдаланишнинг махсус қоидаларини жорий этиш;
махсус шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини жорий этиш;
шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишнинг, тасдиқлашнинг ва амалга оширишнинг алоҳида тартибини жорий этиш;
ҳудудларни ва аҳоли пунктларини зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш бўйича махсус тарҳлар ҳамда лойиҳаларни ишлаб чиқиш;
шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун махсус рухсатномалар бериш йўли билан амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |