281-модда. Зиённи ундириш асослари, шарт-шароити, ҳажми ва усули тўғрисидаги қоидаларнинг қўлланилиши. Даъво муддати
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фуқаровий даъво бўйича иш юритишда зиённи ундириш асослари, шарт-шароити, ҳажми ва усули фуқаровий, меҳнат ва бошқа соҳа қонунчилиги қоидаларига мувофиқ аниқланади.
(281-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бошқа соҳа қонунчилигида белгиланган даъво муддати жиноят процессидаги фуқаровий даъвога нисбатан қўлланилмайди.
(281-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
282-модда. Даъвони тан олиш, тарафларнинг ўзаро келишуви ва даъводан воз кечиш оқибатлари
Айбланувчи, судланувчи ёки фуқаровий жавобгарнинг даъвони тан олганлиги, шунингдек фуқаровий даъвогар, айбланувчи, судланувчи ёхуд фуқаровий жавобгарнинг ўзаро келишганлик тўғрисидаги аризаси фуқаровий даъво бўйича иш юритишнинг тугатилишига олиб келмайди ва суриштирувчини, терговчини фуқаровий даъвога доир ҳолатларни синчковлик билан, тўла, ҳар томонлама ва холисона текшириш мажбуриятидан, судни эса фуқаровий даъвони кўриш ва ҳал қилиш мажбуриятидан озод этмайди.
Даъводан воз кечишнинг қабул қилиниши даъво бўйича иш юритишни тугатишга асос бўлади ва жиноят процессида ҳам, фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида ҳам фуқаровий даъвогарни ўша шахсга худди шу асос билан даъвони қайта қўзғатиш ҳуқуқидан маҳрум қилади.
283-модда. Суднинг фуқаровий даъвога оид ҳукми ва ажрими
Айблов ҳукмини чиқаришда, шунингдек тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш ёки содир этган қилмишнинг хусусиятига ва ўзининг руҳий ҳолатига кўра шахс ижтимоий хавфли бўлмаган ҳолларда бундай чорани қўлламаслик ҳақида ажрим чиқаришда суд асосларнинг исботланиши ва даъво ҳажмини эътиборга олиб, уни тўлиқ ёки қисман қаноатлантиради ёхуд уни қаноатлантиришни рад этади.
Суд оқлов ҳукмини чиқараётганда, шунингдек тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш бўйича ишни тугатиш ҳақида ажрим чиқараётганда фуқаровий даъвони қондиришни қуйидаги ҳолларда рад этади, башарти:
1) жиноят ёки ижтимоий хавфли қилмиш ҳодисаси юз бермаган бўлса;
2) судланувчининг ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш масаласи ҳал этилаётган шахснинг содир этилган жиноятга ёки ижтимоий хавфли қилмишга дахли йўқлиги аниқланган бўлса;
3) судланувчининг ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш масаласи ҳал этилаётган шахснинг мулкий зиён келтирган ҳаракати зарурий мудофаа чегарасидан чиқмаган ҳолда содир этилган бўлса.
Судланувчи томонидан содир этилган қилмиш жиноят деб топилмаганлиги сабабли у оқланган тақдирда, шунингдек ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган асослардан бошқа асосларга кўра тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш бўйича иш юритиш тугатилганда суд даъвонинг исботланиш даражаси ва ҳажмини эътиборга олиб, уни тўлиқ ёки қисман қаноатлантиради ёки қаноатлантиришни рад этади.
Даъвонинг ҳажми жиноят тавсифига ва айбдорга жазо чораси тайинлашга таъсир этмаса, фуқаровий даъвони қаноатлантиришда суд даъво талаби чегарасидан чиқишга ҳақлидир.
Жиноят процессида қўзғатилган фуқаровий даъво қаноатлантирилмаган тақдирда даъвогар шу шахсга ва худди шу асослар бўйича фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида даъво қўзғатиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |