88-модда. Мажбурлов чоралари
Вояга етмаган шахсларга нисбатан қуйидаги мажбурлов чоралари қўлланилади:
а) суд белгилайдиган шаклда жабрланувчидан узр сўраш мажбуриятини юклаш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
б) ўн олти ёшга тўлган шахс зиммасига етказилган зарарни ўз маблағи ҳисобидан ёки меҳнати билан тўлаш ёки бартараф қилиш мажбуриятини юклаш. Ушбу чора агар етказилган зарар белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ошиб кетмаган бўлса қўлланилади. Бошқа ҳолларда етказилган зарар фуқаровий ҳуқуқий тартибда ундирилади;
(88-модда биринчи қисмининг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
в) вояга етмаганни махсус ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вояга етмаган шахсларни махсус ўқув-тарбия муассасаларида бўлиш муддати ва шартлари Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги билан белгиланади.
(88-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
89-модда. Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўн саккиз ёшга тўлмасдан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилишга, озодликни чеклашга ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш тартиби қўлланилиши мумкин.
(89-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 10 августдаги ЎРҚ-389-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 32-сон, 425-модда)
Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган жазо турлари учун белгиланган тартиб-қоида талабларини бажарган меҳнат ва ўқишга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумга нисбатан қўлланилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш:
а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят учун тайинланган жазо муддатининг камида тўртдан бир қисми;
б) оғир жиноят учун тайинланган жазо муддатининг камида учдан бир қисми;
в) ўта оғир жиноят учун, шунингдек қасддан содир этган жинояти учун, агар шахс илгари қасддан содир этилган жиноят учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, тайинланган жазо муддатининг камида ярмини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин қўлланилади.
(89-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августдаги 254-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 9-10-сон, 165-модда)
Жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш қўлланилган шахс жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этса, суд унга нисбатан ушбу Кодекснинг 60 ва 86-моддаларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |