28-модда. Рад қилиш ҳақида ариза бериш
Ушбу Кодекснинг 25, 26 ва 27-моддаларида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлса, прокурор, судья, эксперт, мутахассис, таржимон, суд мажлисининг котиби бу ҳақда судга арз қилиши (ўз-ўзини рад қилиши) шарт. Ишда иштирок этувчи шахслар ҳам юқоридаги асослар бўйича рад қилиш ҳақида арз қилишлари мумкин.
Рад қилиш ҳақидаги арз асосланган бўлиши ва ишни мазмунан кўриш бошлангунига қадар маълум қилиниши лозим. Рад қилиш ҳақида кечикиб арз қилишга рад қилиш учун асослар судга ёки рад қилишни сўраб арз қилган шахсга ишни кўриш бошлаб юборилганидан сўнг маълум бўлиб қолган ҳоллардагина йўл қўйилади.
29-модда. Рад қилиш тўғрисидаги аризани ҳал қилиш тартиби
Рад қилиш тўғрисида арз қилинган тақдирда, суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг фикрини, агар рад қилиниши талаб қилинаётган шахс тушунтириш беришни хоҳласа, унинг сўзларини ҳам эшитиши керак.
Судьяни рад қилиш масаласи рад қилиниши талаб қилинган судьянинг иштирокисиз, қолган судьялар томонидан ҳал қилинади. Рад қилишни ёқлаб ва унга қарши берилган овозлар сони тенг бўлиб қолса, судья рад қилинган ҳисобланади.
Икки судьяни ёки суднинг бутун таркибини рад қилиш талаб қилинганида рад қилиш масаласи шу суднинг тўлиқ таркибида оддий кўпчилик овоз билан ҳал қилинади.
Ишни якка тартибда кўрадиган судьяни рад қилиш масаласи суд раиси томонидан, суд таркиби бир кишидан иборат бўлса, шу судья томонидан ҳал этилади.
Прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон ва суд мажлисининг котибини рад қилиш масаласини ишни кўриб чиқаётган суд ҳал қилади.
Рад қилиш масаласини ҳал қилиш учун судья (суд) алоҳида хонага (маслаҳатхонага) чиқади ва рад қилиш талабини қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисида ажрим чиқаради.
30-модда. Рад қилиш тўғрисидаги аризани қаноатлантириш оқибатлари
Судья рад қилинган тақдирда иш фуқаролик ишлари бўйича шу туманлараро, туман (шаҳар) судида, лекин бошқа судья томонидан кўрилади ёки иш кўриш учун фуқаролик ишлари бўйича бошқа туманлараро, туман (шаҳар) судига ўтказилади.
Иш Ўзбекистон Республикаси Олий судида, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий судида, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судида кўрилаётганида судья ёки суднинг бутун таркиби рад қилинган тақдирда иш шу суднинг ўзида, лекин бошқа суд таркибида кўрилади.
Агар Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий судида, фуқаролик ишлари бўйича вилоят судида ёки фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида ушбу Кодекснинг 27-моддасида кўрсатилган сабабларга кўра рад қилиш қаноатлантирилганидан кейин шу ишни кўриш учун суднинг янги таркибини ташкил қилишга имкон бўлмаса, иш Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўтказилиши лозим. Бундай ҳолларда иш Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кўрилади ёки Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг фармойишига биноан кўриш учун бошқа тегишли судга юборилади.
(30-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда - Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |