227-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари
Иш тўғрисида маъруза қилинганидан сўнг суд даъвогар ва унинг тарафида иштирок этаётган учинчи шахснинг, жавобгар ва унинг тарафида иштирок этаётган учинчи шахснинг, шунингдек ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг тушунтиришларини эшитади.
Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ариза берган прокурор, шунингдек бошқа шахслар арз қилган талаблари бўйича тушунтиришлар бериш ёки уларни асослаш учун биринчи бўлиб сўзга чиқади.
Ишда иштирок этувчи шахслар бир-бирига саволлар беришга ҳақли.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ёзма тушунтиришлари ва ушбу Кодекснинг 76, 83, 103 ва 104-моддаларида назарда тутилган тартибда суд томонидан олинган тушунтиришлар ўқиб эшиттирилади.
228-модда. Далилларни текшириш тартибини белгилаш
Суд тарафларнинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг тушунтиришларини эшитиб, гувоҳларни, экспертларни, мутахассисларни сўроқ қилиш ҳамда бошқа далилларни текшириш тартибини белгилайди.
229-модда. Гувоҳни сўроқ қилиш тартиби
Ҳар бир гувоҳ алоҳида сўроқ қилинади.
Сўроқ қилинмаган гувоҳлар ишни муҳокама қилиш вақтида суд мажлиси залида бўлиши мумкин эмас.
Раислик қилувчи гувоҳни сўроқ қилишдан олдин унинг шахсини, ёшини, машғулоти турини, ушбу ишга алоқасини ҳамда тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар билан ўзаро муносабатларини аниқлайди, шунингдек уни била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238-моддасига мувофиқ жавобгар бўлиши тўғрисида огоҳлантиради. Шундан кейин раислик қилувчи гувоҳга: «Иш юзасидан ўзимга маълум бўлган барча маълумотларни судга айтиб беришга қасамёд қиламан. Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни гапириб бераман, ҳақиқатдан ўзга нарсани гапирмайман» деб ошкора қасамёд қилишни таклиф этади.
Гувоҳдан унга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги тўғрисида тилхат олинади. Қасамёднинг матни ва тилхат суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйилади.
Раислик қилувчи гувоҳга иш бўйича шахсан ўзи билган барча маълумотларни судга айтиб беришни таклиф қилади. Шундан сўнг гувоҳга саволлар берилиши мумкин.
Гувоҳ кимнинг аризаси бўйича чақирилган бўлса, шу шахс ва унинг вакили биринчи бўлиб, кейин эса ишда иштирок этувчи бошқа шахслар гувоҳга саволлар беради. Суднинг ташаббуси билан чақирилган гувоҳга саволларни биринчи бўлиб даъвогар беради.
Судья (судьялар) гувоҳга у сўроқ қилинаётганида исталган вақтда савол беришга ҳақлидир.
Сўроқ қилинган гувоҳлар ишнинг муҳокамаси тамом бўлгунига қадар суд мажлиси залида қолиши керак. Суд сўроқ қилинган гувоҳлар ишнинг муҳокамаси тамом бўлмасидан олдин суд мажлиси залидан чиқиб кетишига тарафларнинг розилиги билан рухсат бериши мумкин.
Зарур бўлган тақдирда суд гувоҳни ўша мажлиснинг ўзида ёки келгуси мажлисда такроран сўроқ қилиши, шунингдек гувоҳларнинг кўрсатувларидаги зиддиятларни аниқлаш учун уларни юзлаштириши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |