439-модда. Суд ҳужжатларини қайта кўриш тўғрисида ариза бериш
Янги очилган ҳолатлар бўйича ҳал қилув қарорини, ажрим ёки қарорни қайта кўриш ҳақидаги ариза ҳал қилув қарорини, ажримни ёхуд қарорни чиқарган судга ишда иштирок этган шахслар томонидан берилади. Ишда иштирок этувчи шахслар бундай аризани ҳал қилув қарорини, ажримни ёки қарорни қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар маълум бўлган кундан эътиборан уч ой муддат ичида бериши мумкин.
(439-модданинг 1-қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-661-сон Қонуни таҳририда - ҚҲММБ, 13.01.2021 й., 03/21/661/0011-сон)
Ариза билан мурожаат этган шахснинг илтимосномасига кўра, ўтказиб юборилган аризани бериш муддати, агар илтимоснома қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, суд томонидан тикланиши мумкин.
440-модда. Ариза бериш муддатини ҳисоблаш
Ариза бериш муддати:
1) ушбу Кодекс 437-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандида назарда тутилган ҳолларда - иш учун жиддий аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар очилган кундан эътиборан;
2) ушбу Кодекс 437-моддаси иккинчи қисмининг 2 ва 3-бандларида назарда тутилган ҳолларда - суднинг ҳукми қонуний кучга кирган кундан эътиборан;
3) ушбу Кодекс 437-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган ҳолларда - қайта кўрилаётган ҳал қилув қарорига, ажримга ёки қарорга асос бўлган ҳукмга, ҳал қилув қарорига, ажримга ёхуд қарорга мазмунан қарама-қарши бўлган суд ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан ёхуд бошқа органнинг ана шундай қарори чиқарилган кундан эътиборан ҳисобланади.
441-модда. Аризанинг шакли ва мазмуни
Ҳал қилув қарорини, ажримни ёки қарорни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза судга ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат тарзида берилади. Ариза уни бераётган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Суд қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) ариза берилаётган суднинг номи;
2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми (номи), уларнинг яшаш жойи (жойлашган ери) ва почта манзили;
3) аризачи янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни талаб қилаётган суд ҳужжатини қабул қилган суднинг номи, ишнинг рақами, суд ҳужжати қабул қилинган сана;
4) аризачининг фикрига кўра, суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўлаётган янги очилган ҳолатлар, уларни тасдиқловчи ҳужжатлар;
5) ариза бераётган шахснинг талаби;
6) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.
Аризага қуйидагилар илова қилиниши керак:
1) янги очилган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари;
2) аризачи қайта кўрилишини талаб этаётган суд ҳужжатининг кўчирма нусхаси;
3) ариза вакил томонидан имзоланган тақдирда, вакилнинг уни имзолашга бўлган ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат.
Do'stlaringiz bilan baham: |