396-модда. Апелляция инстанцияси судининг ишни кўриш доираси
Суд ишни апелляция тартибида кўраётганда суд ҳужжатларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширади. У янги далилларни ўрганиб чиқиши ва янги фактларни аниқлаши мумкин.
Апелляция инстанцияси суди суд ҳужжатини тўлиқ ҳажмда текшириб чиқиши шарт.
(396-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-661-сон Қонуни таҳририда - ҚҲММБ, 13.01.2021 й., 03/21/661/0011-сон)
397-модда. Апелляция инстанцияси судида ишларни кўриш тартиби
Апелляция инстанцияси судида суд муҳокамаси мазкур моддада белгиланган хусусиятларни инобатга олган ҳолда, ушбу Кодекснинг 22-бобида белгиланган қоидалар бўйича ўтказилади.
Апелляция инстанцияси судининг мажлисида раислик қилувчи ушбу Кодекснинг 211 ва 212-моддаларига амал қилган ҳолда, суд мажлисида тегишли тартибни таъминлашга доир зарур чораларни кўради.
Раислик қилувчи суд мажлисини очади ва кимнинг шикояти (протести) бўйича ҳамда қайси суднинг ҳал қилув қарори устидан қандай иш кўрилишини эълон қилади. Раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахсларнинг қайси бири келмаганлигини, келмаганлик сабаблари тўғрисида қандай маълумотлар борлигини аниқлайди, судга келганларнинг шахсини аниқлайди, шунингдек мансабдор шахсларнинг ва вакилларнинг ваколатларини текширади.
Раислик қилувчи суд таркибини эълон қилади, суд мажлисининг котиби, прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон сифатида кимлар иштирок этаётганлигини эълон қилади ва ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг рад қилишга доир ҳуқуқларини тушунтиради.
Арз қилинган рад қилишлар ушбу Кодекснинг 4-бобида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг процессуал ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради.
Ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида белгиланган тартибда хабардор қилинганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлмаган ишда иштирок этувчи шахсларнинг бирор-бири суд мажлисига келмаган тақдирда, суд ишнинг муҳокамасини кейинга қолдиради.
Ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида белгиланган тартибда хабардор қилинган ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд мажлисига келмаганлиги ишнинг муҳокамасига тўсқинлик қилмайди. Бироқ суд бундай ҳолларда ҳам судга келмаганлик сабабларини узрли деб топиб, ишнинг муҳокамасини кейинга қолдиришга ҳақли.
Прокурорнинг ёки адвокатнинг судга узрли сабабларсиз келмаганлиги тўғрисида суд хусусий ажрим чиқариб, бу ҳақда тегишли юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига хабар беради.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция инстанциясида ишнинг муҳокамаси билан боғлиқ бўлган барча масалалар бўйича илтимосномалари ва аризалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фикрлари эшитилгандан кейин суд томонидан ҳал этилади.
Апелляция инстанцияси судида ишни кўриш раислик қилувчининг ёки судьялардан бирининг маърузаси билан бошланади.
Маърузачи ишнинг ҳолатларини, биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг мазмунини, апелляция шикоятида (протестида) келтирилган важларни ва улар юзасидан берилган тушунтиришларни (эътирозларни), янги далилларнинг мазмунини, шунингдек суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш учун суд кўриши зарур бўлган бошқа маълумотларни баён қилади.
Суд раислик қилувчининг ёки судьялардан бирининг маърузасидан кейин суд мажлисига келган ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини эшитади, бу шахслар апелляция шикоятида (протестида) кўрсатилмаган важларни келтиришга ва қўшимча материаллар тақдим этишга ҳам ҳақли.
Дастлаб апелляция шикояти берган шахс ва унинг вакили ёки, агар иш протест бўйича кўрилаётган бўлса, прокурор сўзга чиқади. Ҳал қилув қарори устидан ҳар иккала тараф томонидан шикоят қилинган бўлса, биринчи бўлиб даъвогар сўзга чиқади.
Ушбу Кодекснинг 52-моддасида назарда тутилган тартибда ишда иштирок этувчи давлат бошқаруви органларининг, ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек фуқаролар, агар улар суднинг ҳужжати устидан шикоят қилмаган бўлса, апелляция инстанцияси судида тарафлар ва учинчи шахслардан кейин сўзга чиқади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларидан сўнг прокурор суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги тўғрисида фикрини баён этади, бундан прокурорнинг протести бўйича қайта кўрилаётган суд ҳужжатлари мустасно.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари ва прокурор фикри эшитилгандан сўнг апелляция инстанцияси суди ажрим чиқариш учун алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киради.
Апелляция инстанцияси судининг ажрими иш кўрилгандан сўнг дарҳол чиқарилади.
Алоҳида ҳолларда, асослантирилган ажримни тайёрлаш беш кунгача бўлган муддатга кечиктирилиши мумкин, бироқ ажримнинг хулоса қисмини суд апелляция муҳокамаси тамомланган мажлиснинг ўзидаёқ эълон қилиши керак.
Судьяларнинг маслаҳатлашуви, ажрим чиқариш ва уни ўқиб эшиттириш ушбу Кодексда белгиланган тартибда амалга оширилади.
(397-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-661-сон Қонуни таҳририда - ҚҲММБ, 13.01.2021 й., 03/21/661/0011-сон)
Do'stlaringiz bilan baham: |