385-модда. Апелляция шикоятини (протестини) бериш тартиби
Апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси суди номига йўлланади, лекин ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни чиқарган судга берилади.
Апелляция шикояти (протести) судга ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига қараб кўчирма нусхалари билан бирга тақдим этилади, бундан электрон ҳужжат тарзида юбориладиган апелляция шикояти (протести) мустасно.
Зарур ҳолларда, судья апелляция шикояти берган шахснинг ёки протест келтирган прокурорнинг зиммасига апелляция шикоятига ёхуд протестга илова қилинган ёзма материалларнинг кўчирма нусхаларини ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига қараб тақдим этиш мажбуриятини юклатиши мумкин.
(385-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-661-сон Қонуни таҳририда - ҚҲММБ, 13.01.2021 й., 03/21/661/0011-сон)
385-1-модда. Апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати
Апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин.
Белгиланган муддат ўтгандан кейин берилган апелляция шикояти (протести) апелляция шикоятини (протестини) берган шахсга қайтарилади.
Ўтказиб юборилган муддат, агар муддатни ўтказиб юбориш сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра биринчи инстанция судининг ажримига биноан тикланиши мумкин.
Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги масала ушбу Кодекснинг 155-моддасида назарда тутилган тартибда ҳал қилинади.
(Кодекс Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-661-сон Қонунига мувофиқ 385-1-модда билан тўлдирилган - ҚҲММБ, 13.01.2021 й., 03/21/661/0011-сон)
386-модда. Апелляция шикоятининг (протестининг) мазмуни
Апелляция шикоятида (протестида) қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
1) шикоят (протест) йўлланаётган суднинг номи;
2) шикоят (протест) бераётган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), унинг яшаш жойи ёки жойлашган ери (почта манзили);
3) шикоят қилинаётган ёки протест келтирилаётган ҳал қилув қарори, ажрим, қарор ва ушбу суд ҳужжатларини чиқарган суд;
4) ҳал қилув қарорининг, ажримнинг, қарорнинг нотўғрилиги нимадан иборат эканлиги;
5) шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимоси;
6) шикоятга (протестга) илова қилинган ёзма материалларнинг рўйхати.
Апелляция шикоятини шикоят бераётган шахс ёки унинг вакили имзолайди. Апелляция протестини прокурор ёки унинг ўринбосари келтиради ва имзолайди.
Апелляция шикоятида (протестида) шикоятни (протестни) берган шахснинг ёхуд унинг вакилининг телефонлари ва факслари рақамлари, электрон почта манзили кўрсатилиши мумкин.
(386-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-661-сон Қонуни таҳририда - ҚҲММБ, 13.01.2021 й., 03/21/661/0011-сон)
Do'stlaringiz bilan baham: |