399-модда. Чет давлатларнинг дипломатик почтасини ва консуллик почта қопларини божхона чегараси орқали олиб ўтиш Дипломатик почтани ва консуллик почта қопларини ўз ичига олган жойлар ушбу жойларнинг хусусиятини кўрсатадиган кўзга ташланувчи ташқи белгиларга эга бўлиши керак.
Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган чет давлатларнинг дипломатик почта ва консуллик почта қоплари очилиши ҳам, ушлаб турилиши ҳам мумкин эмас. Консуллик почта қопида ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилмаган нарсалар бор деб гумон қилиш учун жиддий асослар мавжуд бўлган тақдирда, божхона органи божхона органининг мансабдор шахслари иштирокида тегишли чет давлатнинг ваколатли шахслари томонидан консуллик почта қопи очилишини талаб қилишга ҳақли. Почта қопини очишдан бош тортилган тақдирда консуллик почта қопи жўнатилган жойига қайтариб юборилади.
Дипломатик почтада фақат дипломатик ҳужжатлар ва расмий фойдаланиш учун мўлжалланган товарлар, консуллик почта қопида эса, фақат расмий хат-хабарлар ва фақат расмий фойдаланиш учун мўлжалланган ҳужжатлар ёки товарлар бўлиши керак.
58-боб. Чет эллик бошқа шахслар учун божхона имтиёзлари 400-модда. Чет давлатларнинг дипломатик ва консуллик курьерлари учун божхона имтиёзлари Чет давлатларнинг дипломатик ва консуллик курьерлари ўз шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган товарларни ўзаро келишув асосида божхона кўригидан ўтказишдан ва божхона тўловлари тўланишидан озод этилган ҳолда божхона ҳудудига олиб кириши ва ушбу ҳудуддан олиб чиқиши мумкин, бундан товарларни сақлаганлик, белгиланган жойлардан ташқарида ёки божхона органларининг белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда товарларнинг божхона расмийлаштирувини ўтказганлик учун божхона йиғимлари мустасно.
401-модда. Чет давлатларнинг вакиллари ва делегациялари аъзолари учун божхона имтиёзлари Давлатлараро музокараларда, халқаро конференциялар ва кенгашларда қатнашиш учун ёки бошқа расмий топшириқлар билан Ўзбекистон Республикасига келаётган чет давлат вакилларига, парламент ва ҳукумат делегациялари аъзоларига, шунингдек ўзаро келишув асосида чет давлат делегацияларининг аъзоларига чет давлат дипломатик ваколатхонасининг дипломатик агентлари учун ушбу бўлимда назарда тутилган божхона имтиёзлари берилади. Худди шундай имтиёзлар мазкур шахсларга ҳамроҳ бўлиб келган оила аъзоларига ҳам берилади.
402-модда. Божхона ҳудуди орқали транзит тарзида ўтадиган дипломатик агентлар, консуллик мансабдор шахслари, чет давлатларнинг вакиллари ва делегация аъзолари учун божхона имтиёзлари Чет давлатнинг дипломатик агентларига ва консуллик мансабдор шахсларига, уларнинг оила аъзоларига, шунингдек ушбу Кодекснинг 401-моддасида кўрсатилган шахсларга божхона ҳудудидан транзит тарзида ўтаётганда чет давлатлар дипломатик ваколатхоналарининг дипломатик агентлари учун назарда тутилган божхона имтиёзлари берилади.