Қадимги Рим динларининг пайдо бўлиши
| Римда дин бир неча кўринишли бўлиб, ўзининг тараққиётида бир неча мураккаб босқичларни босиб ўтган. Ўтмишда қадимги римликлар мажусий бўлиб, асосан юнон ва этрусск худоларига эътиқод қилишган. Кейинчалик мажусийлик маданиятининг тезкорлик билан ўсиб бориши афсонавий даврни ўзгартирди. Охир-оқибатда эса диний дунёқараш ниҳоясида Қадимги Римда сиёсий куч сифатида христианлик ғалаба қозонди. IV асрда Рим империясининг Ғарбий ва Шарқий қисмларга бўлиниб кетиши натижасида католиликнинг аниқ кўриниши вужудга келди.
Римликларнинг қадимги диний дунёқараши табиатни илоҳийлаштирувчи деҳқончилик билан ва одатда оила бошлиғи томонидан амалга ошириладиган сеҳргарлик расм-русумлари ва аждодлар руҳи билан боғлиқ бўлган. Кейинчалик давлатнинг расм-русумларни ўтказиш ва такомиллаштиришни ўз қўлига олиши олдинги худолар ҳақидаги тасаввурни ўзгартирган расмий динни вужудга келтирди. Рим пантеони (худолар уйи)да дастлаб осмон худоси Юпитер, уруш худоси Марс ва худо Квиринлар, кейинчалик бошқа учлик: Юпитер, Юнона (Юпитернинг хотини, никоҳ илоҳаси) ва Минерва (донишмандлик, санъат ва ҳунармандчилик илоҳаси)лар асосий худолар саналган. Мазкур худолар давлат ҳимоячилари ҳисобланиб, уларнинг Капитолиядаги ибодатхонаси давлат даражасидаги культларнинг асосий маркази бўлган.
Рим динларида ҳам бошқа итальян культларида бўлгани каби тотемизм қолдиқлари чуқур сақланиб қолган. Буни Рим асосчиларини эмизган она бўри ҳақидаги афсоналарда ҳам кўриш мумкин. Бўри билан боғлиқ Фавнга бағишланган луперкалий (лотинчада бўри – lupus) байрами ва Луперкал ибодатхонаси мавжуд. Бошқа худоларнинг ҳам ўзларига аталган хайвонлари бўлган. Масалан, бўри ва буқа Марсга, ғозлар эса Юнонага аталган ҳайвонлар ҳисобланади. Лекин шуни таъкидлаш жоизки, тарихий жараёнда Римда ҳайвонларни муқаддаслаштирувчи тотемистик культларнинг хусусиятлари кузатилмаган. Маънавий ривожланишнинг бу босқичи итальян қабилалари томонидан ўтиб бўлинган жараён эди.
Тарихий ривожланиш босқичида Римда оила илк ижтимоий тузилма ҳисобланган. Ўз навбатида мазкур ижтимоий тузилма дастлаб динда намоён бўлганини кузатишимиз мумкин. Ҳар бир оила ўз зиёратгоҳи, ҳомий-худоси ва культига эга бўлган. Мазкур культларнинг марказий ўчоғи олдида pater familias турли муҳим маросимлари бажарилган. Масалан, оила бошлиғи ўчоқ олдида янги туғилган чақалоқни ўз фарзанди деб эълон қилган. Уйни қўриқчилари пенатлар деб аталган ва улар оиланинг тинчлиги ва фаровонлиги ҳақида қайғурганлар. Мазкур илоҳлар ичида уй остонасини қўриқловчи ва оилани асровчи Янус худоси ўзига хос алоҳида ўринга эга бўлган.
Ҳар бир оила аъзосининг ўз ҳомий руҳи бўлган, улар ўша оила аъзосининг куч-қудратини, қувватини, фазилатларини ва унинг бутун борлиғини ифодалаш билан бирга, унинг қўриқчиси ҳам бўлган. Оила бошлиғининг ҳомий руҳи бутун оила ҳурматига сазовор бўлган ва у genius familiae ёки genius domus деб аталган. Оналарнинг ҳам Юнона деб аталган ҳомий илоҳалари бўлган ва у оилага янги келин олиб келиш, аёлларнинг туғруқ жараёнини осонлаштириш каби вазифаларни бажариши назарда тутилган.
Оила аъзоларининг ўтган аждодлари ҳақида қайғуришидан римликларнинг қабр ҳаёти ҳақидаги тасаввурлари етарли даражада шаклланмаганини кўрсатади. Улар инсон ўлгандан сўнг унинг руҳи қабрда яшайди, деб ҳисоблаганлар ва шу сабабли мурда қўйилган жойга озиқ-овқатлар олиб келишган. Дастлаб бинафша, пирог, вино ва бир ховуч ловия каби жуда оддий нарсалар олиб келинган. Қадимги Римда авлодлари ҳақида қайғурадиган аждодлар руҳи – мета, яъни яхши худо деб ҳисобланган. Авлодлари ҳақида қайғурмайдиган руҳлар эса – лемур, яъни ёвуз ва қасоскор худоларга айланадилар, деган тасаввур мавжуд бўлган. Аждодлар руҳи саналмиш ҳомий руҳ ўз аксини оила бошлиғи ҳисобланган отада ифода этган.
Қадимги Римдаги оила ҳаёти ва уруғ-қабила динига тегишли бўлган диний эътиқодлар, шунингдек, ўлимдан кейинги ҳаёт ҳақидаги тасаввурлар Рим динларининг асоси анимизмдан иборатлиги ҳақида хулоса чиқаришга асос бўлади. Рим анимизмининг ўзига хослиги унинг мавҳумлиги ва шахссизлигидадир. Оиланинг ҳомий руҳлари, пенатлар ва ларлар, манлар ва лемурлар дуо ва қурбонлик келтириш орқали таъсир қилиш мумкин бўлган оила тинчлигини сақловчи шахссиз кучлар ва руҳлар ҳисобланади.
Римликларнинг қишлоқ хўжалигидаги ҳаёт тарзи турли табиат кучларига сиғинишларида ўз аксини топган. Аммо антропоморфизмдан узоқ бўлган Рим динига табиатни инсон фазилатлари билан уйғунлашган худолар билан тасвирлаш хос эмас ва бу томондан у юнон динига мутлақо қарама-қарши эди. Рим анимизмининг ўзига хос жиҳати табиат ҳодисаларига тегишли бўлган мистик кучлар ҳақидаги тасаввурлар бўлган. Бу кучлар инсонга ҳам фойда, ҳам зарар келтириши кутилган худолар (numina) эди. Сиёсий ҳаёт ва жамиятнинг ривожланиши жараёнида йўқ бўлиб кетаётган “умид”, “номус”, “ҳамжиҳатлик” каби тушунчалар муқаддаслаштирила бошланди. Шу тарзда, Рим худолари мавҳум ва шахссиз бўлган.
Айни пайтда кўп сонли худолар ичидан бутун жамият учун аҳамиятли бўлган худолар ажралиб чиқа бошлаган.
Рим пантеони бошқалар учун ҳам ёпиқ бўлмаган, шунинг учун, римликлар бошқа худоларнинг пантеонга қабул қилинишига қарши бўлмаганлар. Улар бошқа халқлар билан доимий алоқада бўлиб, баъзи диний тасаввурларни ўзлаштирганлар ва ўз навбатида бошқа халқларнинг диний тасаввурларига ҳам таъсир ўтказиб келганлар.
Юнон дунёси билан яқинлашув мобайнида Рим худолари юнон худолари билан бир қаторга қўйила бошланди: Юпитер – Зевс, Юнона – Гера, Диана – Артемида, Венера – Афродита, Виктория – Ника, Марс – Арес, Меркурий – Гермес ва бошқалар. Натижада юнон афсоналари ҳам ўзгара бошлади, улардан энг машҳури Геракл ҳақидаги афсона бўлиб, римликлар уни Геркулес деб аташган. Пантеонга рим мифологиясида йўқ бўлган юнон худолари ҳам қўйилди: Эскулапа, Аполлона ва бошқалар. Кейинроқ Римга Мисрнинг асосий культлари – Исида, Осирис, Кибела каби бошқа шарқ культлари ҳам кириб кела бошлади.
Римликлар этруск қабилаларидан ҳам бир қатор худоларни ўзлаштириб олишган. Улардан баъзилари аввал маълум бир этруск уруғларининг ҳомийси бўлган, кейинроқ эса умумхалқ аҳамиятга эга бўлган. Масалан, Сатурн аввал Сатрий этрусклар уруғининг муқаддас илоҳи саналган ва кейинчалик бутун халқнинг муқаддас илоҳига айланган. Римликларда эса у экин худоси ҳисобланиб, унинг исми лотинча sator – тарқатувчи сўзи билан боғлиқ, дейилади. У биринчи бўлиб инсонларга озиқ-овқат бериб, дунёни бошқарган. Унинг фаолияти инсонлар учун олтин давр бўлган. Сатурналий байрамида ҳамма тенг ҳуқуқли ҳисобланган, унда инсонлар на хўжайин, на хизматкор ва на қулга ажратилган. Кейинчалик эса мазкур байрам афсонага айланиб қолган.
Римликларнинг диний маросим ва анъаналари қадимий диний тараққиёт босқичида ўз аксини топган. Бир қатор диний таъқиқлар кўҳна табуга бориб тақалади. Масалан, Силван (ўрмон худоси)га ибодат қилишда аёллар, Яхшилик илоҳаси (Бона dea) учун аталган маросимда эса эркаклар иштирок этишмаган.
Рим культида асосий ўринни барча турдаги сеҳргарлик ва жодугарлик эгаллаган. Римликлар культини ҳайвонлар ва ўсимликларни қурбонлик қилиш, ибодат ва махсус расм-русумлар ташкил этади. Римликлар учун ибодат худо билан боғланиш ёки қандайдир илоҳий кучга магик таъсир этиш воситаси бўлган. Худога қурбонлик қилиш эвазига сўралган ниятлари амалга ошади деб ҳисоблашган.Улар ҳеч нарсани назардан четда қолдирмаганлар ва худоларидан илоҳий ваъдани талаб қилиш учун узоқ ибодат қилишган.
Шунингдек уларда агар худога “сенга келтирган виноимни қабул қил” демасак, худо “ертўладаги барча винолар менга экан” деб ўйлайди, мазмунидаги тасаввур мавжуд бўлган. Қадимий афсонада Нума Помпила ва Юпитернинг савдоси ҳақида шундай ёзилади: Юпитер Нума Помпиладан “қурбонлик учун менга бош олиб кел”, деб талаб қилади. Нума Помпила “яхши, мен ҳозир сенга томорқамдан саримсоқ пиёзнинг бошини олиб келаман”, дейди. Шунда Юпитер “йўқ, мен инсоннинг бошини назарда тутяпман”, дейди. Нума Помпила эса “яхши, унда инсоннинг сочини олиб келаман”, дейди. Юпитер “йўқ, мен тирик нарсани назарда тутяпман”, деганда. Нума Помпила “хўп, майли унда шу нарсаларга кичкина балиқ ҳам қўшиб бераман”, деб жавоб беради. Шунда Юпитер кулиб юборади ва барча нарсага рози бўлади.
Римликларнинг ибодатларида жозибадорлик ва ҳаяжон етишмасди. Улар учун бу ибодатлар оддий ирим-сирим, бидъатдан бошқа нарса эмас эди. Худоларга оила аъзолари ва бошқаларга нисбатан қандай муносабатда бўлсалар худди шундай бўлишган. Ушбу муносабатлар ҳақиқат ва диёнатга асосланган. Римликларнинг динларида маълум бир ахлоқ нормалари мавжуд бўлмаган. Улар учун энг муҳими диний маросимларни тўла бажариш ва таъқиқларга риоя қилиш бўлган. Муҳими, (милоддан аввалги 1 аср ва ундан кейинги даврларда) Рим ёзувчилари religio сўзидан алоқа қилмоқ, боғланмоқ маъноларини англатувчи religare сўзини истеъмолга киритдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |