Ҳиндуийликнинг пайдо бўлиши
Ҳиндуийлик (Индуизм) мураккаб дин бўлиб, у ижтимоий ташкилот, турли динлар қоришмасидир. У кастачилик асосига қурилган. Брахманлик билан буддавийлик ўртасида каста таълимоти бўйича курашни ифодаловчи ҳиндуийлик дини шаклланди. Бу динга Ҳиндистон аҳолисининг 83% эътиқод қилиб, унинг асосий шарти Ҳиндистондаги каста тизимини қабул қилишдир. Ҳиндуийликда беш қоида ва ақида тан олинган.
Ведаларнинг муқаддаслиги;
Гуру (пир, устоз) нинг тан олиниши;
Муқаддас жойларга зиёратга бориш;
Санскрит муқаддас тил эканлиги;
Сигирнинг муқаддас эканлиги тан олинган.
Ҳиндуийликда брахманлар асосий ўрин эгаллаб, кенгроқ “Маҳобхорат” муқаддас ёзувлар қаторига қўшилган. Брахманлар эски ақидалар замон талабига жавоб бермаслигини кўргач, янги қонун -қоидаларга хос турли оқимларни юзага келтириб, буддавийликка қарши кураш олиб бордилар. Ҳиндуийлик брахманликдан фарқ қилиб унда “Маҳобхорат” ва бошқа шеърий матнлар санскрит тилидан замонавий ҳинд тилига таржима қилиниб, асл матни билан бир хил ҳисобланган. Ҳиндуийликда брахманлар нафақат олий табақа вакилларидан, балки оддий халқ ичидан ёки аёллардан бўлиши мумкин.
Ҳиндуийликда тримурти (учлик) – Брахма, Вишну, Шива худолари асосий бўлиб, Брахма уларнинг энг каттаси, дунёни яратган худоси. Шунга қарамай, ҳиндуийликда асосан Вишну ва Шивага топинадилар. Ҳиндуийлик икки асосий оқимга бўлинади:
Шивага сиғинувчилар оқими.
Вишнуга сиғинувчилар оқими.
Шива –камбағаллар худосидир. У Ригведанинг биринчи нусхаларида Пудра номи билан зикр этилган. У Ишана, Шивара, Махадева (Буюк худо) номлари билан ҳам аталади. Шиваизм Ҳиндистонда 13 га яқин асосий оқимлари мавжуд. Бу оқимлар тридандина, смарт, данди, лингачилар, йоглар мактра, шакта ва бошқа оқимлар бўлиб, халқ орасида Шиванинг бир минг саккизта номи мавжуд.
Вишну. Ҳозир Ҳиндистонда биринчилик учун курашаётган иккинчи илоҳдир. Ригведада у қуёш худоси – биринчи даражали худо ҳисобланиб, ибодат пайтида уни Савитар Рохита, Суря, Аудита номлари билан атайдилар. У “Кришна билан қўшилиб ярим инсон, ярим худо шаклидаги қаҳрамон деб тан олинади”.
“Маҳобхорат” ва “Рамаяна” достонларида “Аватара” – инсоннинг Вишнуга қўшилиб кетиши ҳақида сўз юритилади. Вишну баъзида тўртқўлли қилиб тасвирланади. Вишну ҳеч қачон инсон ва ҳайвонни қурбонлик қилишларини талаб қилмаган.
Кришна мураккаб образ бўлиб у ҳақда олов, чақмоқ, момақалдироқ, осмон, қуёш билан боғлиқ афсоналар мавжуд. Кришна жанговар, енгилмас қаҳрамон сифатида таърифланади.
Вишнуизм байрамлари турли-туман бўлиб, улар бир неча кунларга чўзилиб кетади. Улар дуолар ўқиш, таъзим бажо келтириш, оммавий диний маросимларда қатнашиш, ҳадя, қурбонликлар аташ, ибодатхона яқинидаги ёки ичидаги ҳовузларда чўмилиш кабилар бўлган. Бу маросимлар фақат руҳонийлар бошчилигида бажарилади. Сигир муқаддас ҳайвон ҳисобланганлиги учун у худолар қаторида эъзозланади. У кейинчалик “тирик бут”га айланиб, Шиванинг маъбудлик ўрнини тўлдирди. Вишнуизмда муқаддас ҳайвон маймун бўлиб Ригведада “Вришакани (эркак маймун) тимсолида Хануманнинг тимсолини кўришимиз мумкин”,-деган ривоят келтирилган. Маймун Рам (Рамаяна достонидаги одам-худо) нинг иттифоқчиси маймун –худо Хануманнинг вакили сифатида улуғланади.
Ҳиндуийликда Ҳиндистоннинг ҳар бир ҳайвони худо ёки худонинг ҳамроҳи деб эътиқод қилинади. Ҳиндуийликнинг ақидавий, маросимий, рамзий соҳаларидаги тизими мураккаблашиб кетади. Халқ оммаси доирасида ҳозирда ҳам содда, бут ва руҳларга сиғиниш давом этмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |