Урф-одат – тушунчаси эса, кенг бўлиб, у ўз ичига халқ ҳаётининг барча томонини – оддий кундалик удум, расм-русмлар, ўзаро муомала тарзи ҳамда барча маросимларни бутунича қамраб олади.
Урф-одат деганда кишиларнинг тушунчасига сингиб кетган, маълум муддат такрорланиб турувчи хатти-ҳаракат, кўпчилик томонидан қабул қилинган хулқ-атвор қоидалари кўникмаси тушунилади.
Демак, маросим ва урф-одатлар белгиланган қисқача қайдлардан ҳам кўриниб турибдики, урф-одат тушунчаси халқ ҳаётининг барча соҳасини ўз ичига қамраб олса, маросим тушунчаси ҳаётнинг муайян соҳаларигагина алоқадор холос. Урф-одат бир вақтнинг ўзида бир шахс ёки кўпчилик томонидан бажариши мажбурий қоида бўлса, маросим белгиланган шахслар томонидан бажарилиши лозим бўлган ҳатти-ҳаракатдир. Хусусан, кичикнинг каттага биринчи салом бериши ёки кўпчиликка камчиликнинг салом бериши ёҳуд меҳмонларга алоҳида ҳурмат кўрсатиш, байрам арафасида яқинлари, кекса қариялар, қўни-қўшнилар ҳолидан хабар олиш каби кўринишлар ўзбекларга хос миллий урф-одатлардир.
Урф-одат ва расм-русумлар бир-бирларига жуда яқиндан боғлиқдир, бири иккинчисининг таркибий қисми ҳисобланади. Урф-одат ва расм-русумлар ҳар бир миллат ва элатнинг тарихи, турмуш тарзи ва бошқа омиллар таъсирида ўзига хос равишда шаклланади. Ўз навбатида, у миллат ва элатнинг ўзига хос қиёфасини белгиловчи хусусиятлардан биридир.
Байрам – туркийча катта йиғин, тўй маъноларини англатади. Истилоҳда эса кенг нишонланадиган тантанали кундир. Ижтимоий-иқтисодий тараққиёт давомида келиб чиқиши, мазмуни, ижтимоий ҳаётда қарор топишига кўра анъанавий, диний, миллий байрамлар вужудга келади.
Авлоддан-авлодга мерос тариқасида ўтиб келадиган байрам анъанавий байрам дейилади (масалан, Наврўз байрами). Бу турдаги байрамлар бирор халқ ёки миллатнинг айни вақтдаги ижтимоий ҳаёти, турмуш тарзи билан бевосита боғлиқ бўлмайди.
Диний байрамда эса ҳар бир диннинг ақидаларида белгилаб қўйилган маросимлар нишонланади. Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда диний маросим ва байрамлар тўғрисида кўплаб маълумотлар берилган. (Масалан, Рўза ҳайити ва Қурбон ҳайити).
Миллий байрамларда у ёки бу миллатнинг тарихидаги муҳим воқеа-ҳодисалар нишонланади. (Масалан, Мустақиллик куни ва бошқа кунлар). Шунингдек, байрам кунлари расман дам олиш кунлари деб эълон қилинади3.
Байрам тушунчасига “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да уч хил таъриф келтирилган:
Байрам – муҳим тарихий воқеа, ҳодиса шарафига шодлик, расмий тантана ўтказиш учун белгиланган муборак кун (Масалан, Мустақиллик куни).
Байрам – бирор муносабат билан қувонч, шодлик, тантана ва ўйин-кулги билан кутиб олиш, нишонлаш одат бўлиб қолган кун (Масалан, Янги йил, Ҳосил байрами).
Байрам – муҳим, қувончли ҳодиса юз берган, катта муваффақият қўлга киритилган ва шу сабабли шодлик ўтказиладиган кун (Масалан, Оилавий байрам)4.
Do'stlaringiz bilan baham: |