1. Ушбу Низом олий таълим муассасаларига хотин-қизларни қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартибини белгилайди. Хотин-қизларнинг республика олий таълим муассасаларига ажратилган қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиши учун тақдим этиладиган тегишли тавсияномалар иккинчи ва ундан кейинги олий таълим олиш учун танловда иштирок этишга нисбатан татбиқ этилмайди. 2. Республика олий таълим муассасаларига умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан хотин-қизлар учун тўрт фоизли қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари (кейинги ўринларда қўшимча қабул кўрсаткичлари деб аталади) ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисидаги тегишли қарори қабул қилинганидан сўнг икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб аталади) томонидан тасдиқланади. 3. Қўшимча қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этувчилар тоифасига умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини (академик лицейини) тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатга ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан берилган махсус тавсияномаларга эга хотин-қизлар (кейинги ўринларда тавсияномага эга бўлган қизлар деб аталади) киради.
2-боб. Ҳужжатларни қабул қилиш ва ўрганиш
4. Тавсияномага эга бўлган қизлар олий таълим муассасасининг қабул комиссиясига тақдим этиши лозим бўлган ҳужжатларга қўшимча равишда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан бериладиган махсус тавсияномани тақдим этиши талаб этилади. 5. Барча тавсияномага эга бўлган қизлар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг (кейинги ўринларда Давлат тест маркази деб аталади) абитуриентлар базасига киритилади. 6. Давлат тест маркази ҳар йили 16 июлга қадар тавсияномага эга бўлган қизлар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига ўрганиб чиқиш учун тақдим этади. 7. Ўрганиш натижалари Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ҳар йили 20 июлга қадар Давлат тест марказига маълум қилинади. 8. Ўрганиш натижаларига кўра, тавсияномага эга бўлган қизлар тоифасига кириши тасдиқланмаган шахслар қўшимча қабул кўрсаткичлари доирасида ўқишга қабул қилиш бўйича ўтказиладиган кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон)га қўйилмайди.