27-модда. Банкларнинг Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг касса ижросига доир операцияларни бажариши
Марказий банкнинг топшириғига кўра банклар Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг касса ижросига доир операцияларни бажарадилар.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасининг 2016 йил 24 мартдаги 20, 2016-14, 01-02/8-10-сонли қарори билан тасдиқланган «Бюджет тизими бюджетлари даромадларининг касса ижроси тўғрисидаги йўриқнома».
28-модда. Банкларнинг кредит ставкалари ва воситачилик ҳақи миқдорини белгилаш ҳуқуқлари
Банк операциялари бўйича фоиз ставкалари ва воситачилик ҳақи миқдори банклар томонидан мустақил белгиланади.
Давлат дастурларини молиялаш учун Марказий банк томонидан банкларга бериладиган кредитлар бўйича Марказий банк ушбу банклар қарздордан ундириб оладиган фоиз ставкаларининг энг кўп миқдорини белгилаши мумкин, бунда марказлаштирилган ресурслар учун тўлов ва банкларнинг харажатлари ўрнини қоплаш ҳисобга олинади.
29-модда. Банкларнинг ҳисобот ва бошқа ахборотни тақдим этиш мажбуриятлари
Банклар ўз фаолиятларига доир ҳисобот ва бошқа ахборотни Марказий банкка ўз вақтида тақдим этишлари шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
291-модда. Банкларнинг молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналар банк ҳисобварақлари бўйича ахборот тақдим этиш мажбурияти
Корхоналар олти ой мобайнида (савдо ва савдо-воситачилик корхоналари эса уч ой мобайнида) банк ҳисобварақлари бўйича пул операцияларини ўтказиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган ҳолларда, деҳқон ва фермер хўжаликлари бундан мустасно, банклар бундай корхоналар тўғрисидаги ахборотни улар ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ хизмати органига тегишли чоралар кўриш учун тақдим этишлари шарт.
Банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш тўғрисида суд қарори мавжуд бўлган тақдирда, корхоналарнинг ёпилаётган ҳисобварақларидаги маблағлар қолдиқлари банк томонидан фойдаланиш ҳуқуқисиз махсус ҳисобварақларга киритиб қўйилади, корхонанинг тўланиши учун банкка тақдим этилган кредиторлик қарзи эса, кўзда тутилмаган ҳолатларнинг алоҳида ҳисобварағига ўтказилади.
(291-моддасининг номи, биринчи ва иккинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрдаги ЎРҚ-59-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2006 й., 41-сон, 405-модда)
Корхоналарнинг банк ҳисобварақлари ёпилгандан кейин уларнинг номига келиб тушаётган маблағлар фойдаланиш ҳуқуқисиз махсус ҳисобварақларга киритиб қўйилади.
Фойдаланиш ҳуқуқисиз махсус ҳисобварақларда жамланган маблағлар банклар томонидан биринчи навбатда корхоналарнинг бюджет ва бюджетдан ташқари фондлар олдидаги қарзларини қоплаш учун, қолган сумма эса уларнинг кредиторлик қарзини тўловларнинг календарь навбати бўйича қоплаш учун йўлланади.
Корхоналарни тугатиш бўйича махсус комиссия корхона фаолиятини давом эттиришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилинган ёки белгиланган тартибда тугатиш комиссияси тайинланган пайтдан эътиборан бу корхонанинг ҳисобварақлари тасарруфи тегишинча корхонанинг ўзига ёки тугатиш комиссиясига ўтади.
(291-модда Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 20 августдаги 832-I-сон Қонунига мувофиқ киритилган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1999 й., 9-сон, 229-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |