4. КАСБИЙ КОМПЕТЕНТЛИКНИ ШАКЛЛАНТИРИШ МЕТОДЛАРИ
Таълим методи деганда ўқитувчи ва талабаларнинг биргаликдаги фаолият йўллари тушунилади. Буларнинг ёрдамида талабалар билим, малака кўникма, касбий маҳоратларни эгаллашга эришадилар, ақлий ва жисмоний куч ва ижодий қобилият ривожланади.
Таълим методларини танлашда қуйидагилар инобатга олиниши лозим: замонавий дидактиканинг етакчи ғоялари, таълим, тарбия ва ривожлантиришнинг умумий мақсадлари; ўрганилаётган фан мазмуни ва методлари, мавзуларининг ўзига хослиги; муайян дарс материалининг мақсади, вазифалари ва мазмуни; у ёки бу мавзуни ўрганишга ажратилган вақт; талабаларнинг билиш имкониятлари, даражаси; талабаларнинг дарсга тайёргарликлари; ўқув муассасалари, аудиторияларнинг моддий таъминланганлиги, жиҳозлар, кўрсатмали қуроллар, техник воситалар мавжудлиги; ўқитувчининг имкониятлари, назарий ва амалий жиҳатдан касбий тайёргарлик даражаси, педагогик маҳорати, шахсий сифатлари; ўқув муассасаларида фанлараро ҳамкорликнинг ўрнатилганлиги.
Методика ва технология сифат жихатдан ўзаро фарқлари бўлишига қарамасдан бирбири билан чамбарчас боғлиқдир. Агар методикани педагогик жараённи ташкил этиш методларининг йиғиндиси деб ҳисобласак, технология бу уни амалга ошириш методларидир. Методика ва технология ўртасида “тўғридантўғри ва инверсион (ўрин алмашган) боғлиқлик” мавжуд.
Таълим методларини тўғри танлаб олиниб, машғулотларни олиб боришда талабаларнинг билимларини назорат қилиб бориш яхши самара беради. Назорат қилишда ёзма ишлар, амалий машқлар, тестлар, кроссвордларни ечиш ва бошқалардан фойдаланиш орқали талабаларни фан юзасидан олган билимларини қай даражада эгаллаганликларини аниқлаш мумкин бўлади.
Ёзма текшириш талабаларнинг билим, кўникма ва малакаларини назорат қилиш ва баҳолашнинг энг самарали усулларидан бири бўлиб, уларнинг ижодий қобилиятларини баҳолаш имконини беради. Унга кўра ўқитувчи алоҳида мавзу ёки ўқув дастурининг маълум бўлимини ўтиб бўлганидан сўнг талабаларнинг билимларини назорат қилиш ва баҳолашни ташкил этади. Ёзма машқлар – таълимнинг таркибий қисми сифатида зарурий кўникма ва малакаларни шакллантириш ва мустаҳкамлаш учун қўлланилади.
Амалий ишлар методи ўзлаштирилган билимларни амалий масалалар ечимини топишга йўналтирилган жараёнда қўллашни тақозо этади, бунда назарий билимларни амалиётда қўллаш кўникмаси ҳосил қилинади
Тест. Аниқ мақсад асосида муайян ҳолат даражасини сифат ва миқдорий кўрсаткичларда белгилашга имкон берувчи синов воситаси. Тестнинг афзалликлари:
1) назорат учун вақтнинг кам сарфланиши;
2) назарий, амалий билим даражасини объектив аниқлаш имконининг мавжудлиги;
3) бир вақтда кўп сонли ўқувчилар билан назоратни ташкил этиш мумкинлиги;
4) билим натижаларининг ўқитувчи томонидан қисқа муддатда текширилиши;
5) барча ўқувчиларга бир хил мураккабликдаги саволлар берилиб, улар учун бир хил шароитнинг яратилиши.
Кроссвордлар ечимини топишда талабадаги билимларнинг аниқлиги муҳим ҳисобланади. Чунки кроссвордда келтирилган горизонтал ва вертикал саволлардаги жавоблар ўзаро бир-бирига боғлиқ тарзда ечилиши керак. Бу эса талабадан ниҳоятда эътиборликни ва ижодий ёндошувни талаб этади.
Касб таълими (Хизматлар соҳаси) ва (Либос дизайни) таълим йўналишларидаги талабаларда касбий компетентликларини шакллантиришда “Тикувчилик буюмларини конструкциялаш” ихтисослик фанидан назарий ва амалий машғулотлар якунида мустақил равишда фан юзасидан берилган техник-технологик топшириқ вариантларини бажариш орқали юқори натижаларга эришиш мумкин.
Методик қўлланмада тавсия этилаётган «Тикувчилик буюмларини конструкциялаш» фани бўйича техник-технологик топшириқ вариантлари шу фан юзасидан барча назарий машғулотлар мавзулари талабаларга етказилгач, уларни мустақил тарзда бажарилиши кўзда тутилган. Техник-технологик топшириқ вариантлари ҳаммаси 5 турдан иборат бўлиб, биринчисида талаба фан ўқитувчиси томонидан берилган назарий маълумотни интернет тизимидан олинган маълумот билан тўлдириб ёритиши керак бўлади. Иккинчи турдаги топшириқда тест ечимини тўғри ҳал қилиниши талаб этилади. Учинчи турдаги техник-технологик топшириқ вариантлари бир оз мураккаб бўлиб, талаба ўзига берилган буюм конструкциясини қуриш учун маълум гавда ўлчамларини ГОСТ асосида ёки шу ўлчамдаги гавда туридан керакли размер ўлчамларини олиб, сўнгра буюм конструкциясини қуради ва андозасини тайёрлайди. Тўртинчи турдаги топшириқда талаба берилган буюм ассортименти учун бир неча эскизларни тавсия этади ва шулардан бирини моделлаштириб, андозалар тўпламини ҳосил қилади ҳамда ҳар бир андозани тўғри расмийлаштириб бажариши керак бўлади. Бешинчи турдаги топшириқда тавсия этилган кроссворд ечилади, бунинг учун талабалар томонидан маъруза машғулотларидаги олинган барча назарий билимлар ва интернет маълумотларидан фойдалинишлари керак бўлади. Бундан кўриниб турибдики, талаба фан юзасидан барча мавзуларни ўзлаштирган бўлиши ва уларни амалиётда қўллай олиши талаб этилади
Do'stlaringiz bilan baham: |