3. Ер тузишни, ер мониторинги ўтказилишини ва давлат ер кадастри юритилишини ташкил этиш.
Ер тузишнинг маъноси Ер кодексининг 12-моддасида ўз аксини топган бўлиб, унга кўра ер тузиш ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни ташкил этишга, ер ресурсларини ҳисобга олиш ва баҳолашга, қулай экологик муҳитни вужудга келтиришга ва табиий ландшафтларни яхшилашга, ер тузишнинг ҳудудий ва ички хўжалик режаларини тузишга қаратилган тадбирлар тизимини ўз ичига олади.
Ер тузиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органи қарорига ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг талабномаларига мувофиқ ер тузиш хизмати органлари томонидан амалга оширилади.
Ер тузиш қуйидаги турларда амалга оширилади:
истиқболга мўлжалланган (лойиҳалаш олдидан) ер тузиш, яъни ерларнинг ҳолатини ўрганиш, ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни ташкил этишни режалаштириш;
хўжаликлараро ер тузиш, бундай турдаги ер тузиш ишлари натижасида янги объектлар ҳосил бўлади ёки мавжудлари тартибга солинади, уларнинг чегаралари жойида белгиланади;
ички хўжалик ер тузиш, бунда юридик ва жисмоний шахслар томонидан қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришининг амалга оширилиши учун ер участкаларидан оқилона фойдаланиш ишлари ташкиллаштирилади.
Хўжаликлараро ер тузиш лойиҳалари вилоят ҳокими томонидан тасдиқланади. Юридик ва жисмоний шахсларга ер ажратиб бериш лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан тасдиқланади.
Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ички хўжалик ер тузиш лойиҳалари туман ҳокими томонидан тасдиқланади. Ер тузиш лойиҳаларига ўзгартишлар ушбу лойиҳаларни тасдиқлаган органларнинг рухсати билан киритилади.
Ер тузишни ер тузиш хизмати органлари давлат бюджети маблаҳлари ҳисобидан амалга оширади. Қишлоқ хўжалик экинзорларини жойлаштириш, ерларни яхшилаш ва муҳофаза қилиш, эрозияга қарши ва мелиорация тадбирларини амалга ошириш борасидаги ер тузиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш юридик ва жисмоний шахсларнинг талабномаларига мувофиқ улар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.
Ер мониторинги ер таркибидаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш, ерларга баҳо бериш, салбий жараёнларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш учун ер фондининг ҳолатини кузатиб туриш тизимидан иборат.
Ўзбекистон Республикасида давлат ер кадастрини юритишни, ердан фойдаланишни, ер тузишни, ер фондидан белгиланган мақсадда ва оқилона фойдаланиш устидан давлат назоратини амалга оширишни, ерларни муҳофаза қилишни ахборот билан таъминлаш ер мониторинги асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 23 декабрдаги 496-сон қарорига асосан (28.02.2003 й.; 14.04.2004 й.; 19.10.2004 йилларда ўзгартиришлар киритилган) “Ўзбекистон Республикасида ер мониторинги тўғрисида”ги Низом қабул қилинган. Ушбу Низомда кўрсатилишича, муддатлари ва даврийлигига кўра ерларнинг ҳолатини учта гуруҳда кузатишлар амалга оширилади:
базавий (ер мониторингини юритишнинг дастлабки босқичида кузатиш объектларининг ҳақиқий ҳолатини қайд этувчи бошланҳич) кузатишлар;
даврий (йиллик ва табиий тусдаги даврлар бўйича) кузатишлар;
тезкор (жорий ўзгаришларни қайд қилувчи), бир йилдан кам оралиқ даврда мунтазам ёки бирйўла бажариладиган кузатишлар.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ерларнинг базавий ва даврий мониторинги - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари томонидан юритилади.
Корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва жисмоний шахслар ер мониторинги маълумотларидан белгиланган тартибда ҳақ тўлаган ҳолда фойдаланадилар.
Ер мониторингини юритиш бўйича ишлар давлат бюджети маблаҳлари ҳисобига амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |