26-модда. Ер участкаларидан
иморат қуриш учун фойдаланиш
Ер участкаларини (ҳайдаладиган ерлар бундан мустасно) доимий эгалик қилишга ва фойдаланишга, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга, узоқ муддатли вақтинча фойдаланишга, ижарага ва мулк қилиб олган юридик ва жисмоний шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ ер участкасини сақлаш вазифасига оид мажбуриятлар бажарилган тақдирда ўзлари олган корхоналар, бинолар, иморатлар, иншоотларни белгиланган тартибда қуриш, бузиш ёки реконструкция қилишга ҳақлидир.
Фанда ернинг табиий хусусиятлари, унинг иқтисодий муомалада тутган ўрни, қолаверса юридик мақоми ҳақида турли қарашлар, фикрлар билдирилади. Ундаги энг асосий ғоялар, қатъий фикрлар эса қонун нормаларида мустаҳкамланади. Ердан фойдаланишнинг асосий мақсади унда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришга қаратилади. Аммо ернинг инсон фаолиятини ташкил этишнинг операцион базиси сифатидаги хусусиятлари ундан турли бино-иншоотлар, иморатларни жойлаштиришда ҳудудий асос сифатида фойдаланиш мақсадини белгилайди.
Шарҳланаётган моддада давлатнинг ваколатли органлари, яъни маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ажратиб берилган ер участкаларида бинолар, иморатлар, иншоотларни қуриш, бузиш ёки реконструкция қилиш ҳақида сўз боради. Маълумки, ер участкалари юридик ва жисмоний шахсларга қонунда белгиланган мақсадларда берилади ҳамда ер участкаси эгаси, фойдаланувчиси, ижарачи ёки мулкдор ўзига тегишли бўлган ер участкасидан фақатгина ана шу қатъий белгиланган мақсадларда фойдаланиши мумкин бўлади. Агар ер участкаси ажратиб берилаётганда белгиланган мақсад унда бино-иншоот, иморат қуришни назарда тутса ушбу ер участкасида тегишлича турли қурилмаларни қуришга рухсат берилади. Бино-иншоотларни қуриш уларни бузиб қайта қуришни, масалан бир нечта бинони бирлаштириш ёки аксинча битта бинони икки ёки ундан ортиқ қисмларга бўлиш, зарур ҳолларда қайта таъмирлаш, яъни реконструкция қилишни назарда тутади.
Амалдаги ер қонунчилигида юридик ва жисмоний шахслар ер участкаларидан доимий эгалик қилиш ва фойдаланиш, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, узоқ муддатли вақтинча фойдаланиш, ижара ва мулк ҳуқуқи асосида фойдаланиши мумкинлиги белгиланган. Ўзбекистон Республикасида юридик ва жисмоний шахслар ер участкасидан савдо ва хизмат кўрсатиш мақсадларида мулк ҳуқуқи асосида фойдаланишлари мумкин, ердан фойдаланишнинг бошқа масадлари белгиланганда эса Ер кодексида белгиланган бошқа ҳуқуқлар қўлланилади. Бунда юридик ёки жисмоний шахснинг корхонаси, у томонидан қурилган бино-иншоот, иморат хусусий мулк бўлгани ҳолда у жойлашган ер участкаси шахсга ер қонунчилигида белгиланган муайян ҳуқуқ асосида тегишли бўлади (22-модда шарҳига қаранг).
Ер участкасида бино-иншоот, иморатлар қуришга рухсат беришнинг зарурий шартларидан бири бу – юридик ёки жисмоний шахснинг ер участкасини сақлаш вазифасига оид мажбуриятларни бажаришидир. Бунда ер участкасини сақлаш вазифаси Ер кодексининг 29-моддасида белгиланган умумий асослардан келиб чиқади. Ушбу модданинг ўзига хос жиҳати шундан иборатки, унда ер участкаси эгаси, фойдаланувчиси, ижарачи ҳамда мулкдорининг ер участкасидан фойдаланиш жараёнида ер қонунчилиги билан бирга шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига ҳам риоя қилиш мажбурияти борлиги белгиланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |