Сиёсий партияжамоат бирлашмаси шаклида ташкил этилувчи ва фаолият юритувчи фуқаролик жамиятининг ўзига хос институти бўлиб, у муҳим ижтимоий-сиёсий ва вакиллик вазифаларини амалга оширади.
“Партия” сўзи лотинча “part” сўзидан келиб чиққан бўлиб, “иш”, “қисм” деган маъноларни англатади. Сиёсий партия — аҳолининг, синфнинг, ижтимоий қатлам ёки қатламларнинг бир қисми. Илмий нуқтаи назардан сиёсий партиялар учун берилган қуйидаги таърифни асос сифатида қабул қилиш мумкин: сиёсий партия– фуқароларнинг энг фаол, муштарак мафкура асосида боғланган, давлат ҳокимиятини қўлга киритиш, уни сақлаб қолиш ва амалга оширишга интилувчи қисми, ихтиёрий иттифоқи. Сиёсий партиялар жамоат бирлашмаси шаклида ташкил этилувчи ва фаолият юритувчи фуқаролик жамиятининг ўзига хос институти бўлиб, у муҳим ижтимоий-сиёсий ва вакиллик вазифаларини амалга оширади.
Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини барпо этиш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, кўппартиявийлик тизимини такомиллаштиришда 1996 йилнинг 29-30 августида бўлиб ўтган Олий Мажлиснинг VI сессияси янги бир даврни бошлаб берди, дейиш мумкин. Ўзбекистон Республикаси биринчи Президент Ислом Каримовнинг "Ҳозирги босқичда демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг муҳим вазифалари тўғрисида"ги маърузаси жамиятга янгича демократик руҳ бағишлади. Маърузада ҳақиқий демократиянинг зарур ва қонуний белгиси бўлган туб маънодаги кўппартиявийликни шакллантириш учун жамият сиёсий тизимини янгилашнинг назарий асослари белгилаб берилди.
Мамлакатда бозор иқтисодининг ривожланиши, молиявий инфраструктура тизимининг қарор топиши, ишлаб чиқаришнинг такомиллашуви, хусусий мулкдорлар қатламининг ўсиши натижасида жамиятда янги сиёсий қатлам вужудга келди. Бу қатлам жамият ривожини модернизация қилишга қодир бўлган ишбилармонлар ва тадбиркорлар эди. Улар иннавацион ғояларни умумлаштирадиган, ўз мақсадларини жамият манфаатлари билан уйғунлаштирадиган сиёсий бирлашманинг вужудга келишига замин яратади. Шундай қилиб, 2003 йил 15 ноябрда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Лебирал Демократик партиясига асос солинади.
Собиқ маъмурий-буйруқбозлик тизими сиёсатининг оқибатида атроф-муҳитга беписанд муносабатда бўлиш, табиий ресурслардан ваҳшиёна фойдаланиш оқибатида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг генофондига салбий таъсири, биологик хилма-хилликнинг қисқариши, катта ҳажмдаги саноат ва бошқа тур чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, чўлланиш, ер ва сув ресурсларининг деградацияси, Орол денгизи ҳалокати каби минтақавий ва глобал миқёсда ечилиши зарур бўлган экологик муаммолар ўз ечимини кутиб ётган эди. Айнан шу каби муаммоларни ҳал этишга қаратилган сиёсий куч сифатида 2008 йилнинг 2 августида Ўзбекистон экологик ҳаракати ташкил этилади. 2017 йилда Ўзбекитонда янги партия Ўзбекистон экологик партияси ташкил этилди. Таъкидлаш лозимки, ташкил топган ҳар бир сиёсий ташкилот ва мазкур Ҳаракат давр ва ижтимоий шароит тақозоси ва жамият талаблари асосида вужудга келганлигини кузатамиз. Яъни, унда ўзиб ҳам, ортда қолиб кетмаслик - бу эволюцион йўлнинг шарти.
Мамлакатда кўппартиявийлик тизимининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашда сайлов институти ва уни ҳуқуқий жиҳатдан ривожлантиришга қаратилган хатти-ҳаракатлар алоҳида ўрин тутади. 1993 йил 28 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловлар тўғрисида", 1994 йил 5 майда қабул қилинган "Вилоят, туман, ва шаҳар халқ депутатлари кенгашига сайловлар тўғрисида"ги ва "Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар негизида Олий Мажлисга демократик ва кўппартивийликка асосланган илк сайловлар 1994 йил 25 декабрда ўтказилиши ўзбек парламентаризми тарихида янги даврни очиб берди.
Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизимининг қарор топиши ва сиёсий партиялар такомиллашувида 1996 йил 25 декабрда Олий Мажлис томонидан қабул қилинган “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонун катта аҳамиятга эга бўлди. Қонун 17 моддадан иборат бўлиб, унда сиёсий партияларнинг демократик қонунлар асосида фаолият юритишлари учун етакчи ва илғор мамлакатлар мезонлари талабларидаражасидаги ҳуқуқий асослар киритилди. Масалан, қонуннинг 12-моддасида сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари аниқ ва равшан кўрсатиб берилган. Ушбу қонун сиёсий партияларни тузиш, уларнинг фаолият кўрсатиши, партияга аъзолик, партия фаолиятининг кафолатлари, унинг уставини рўйхатга олиш, партияларнинг мулкий муносабатларига доир барча ҳуқуқий мақомларининг мужассамлашгани Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизимини қарор топтиришда муҳим ўрин тутди.
Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизимининг тадрижий ривожи шундан далолат бермоқдаки, мустақиллик йилларида мамлакатда демократик сайловларнинг ҳуқуқий асослари яратилди ва сайловлар тўғрисидаги қонунлар ҳаётда ўз ифодасини топмокда. Шу билан бирга, сайлов кампаниялари даври сиёсий партиялар учун сиёсий кенгликлар сифатида фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятлари юксалишига сезиларли таъсир кўрсатди.
Ўзбекистонда ҳокимият бўлиниши тамойилларига амал қилган ҳолда 2002 йил 27 январида ўтказилган референдумга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси икки палатали парламент тизимига ўтказилди. Бундай ўзгариш тўғрисидаги қарор мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида янги саҳифани очиб берди. Унинг натижаларига биноан Олий Мажлиснинг VIII сессиясида «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги конституциявий қонун қабул қилинди. Бу ҳужжатлар асосида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги конституциявий қонунлар қабул қилинди. Мазкур қонунлар Олий Мажлис палаталарининг мақомини, уларни шакллантириш тартибини, ваколатларини, ўзаро ҳамда бошқа ҳокимият органлари билан ҳамкорлик қилиш механизмларини аниқлаб берди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҳокимиятлар ўртасидаги мувозанатнинг ташкил этилиши таъминланди. Қонун чиқарувчи вакилларнинг нафақат масъулияти, балки профессионал даражаси ошди. Ҳудудий манфаатлар ва уларнинг аниқ ҳимоячилари вужудга келди. Ҳокимиятнинг монопол ва маъмурий усулидан ўзаро тенг ҳамкорлик механизмлари яратилди. Ижро ҳокимияти устидан депутат назорати қонунга мувофиқ ўрнатилди. Сенатор ва депутатни чақириб олиш, айни пайтда, унинг мақоми тўғрисида қонунлар қабул қилинди.
2006 йил 9 ноябрда қабул қилинган “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонун бу йўлда ташланган дастлабки қадамларнинг табора кенгайишига шароит яратди. Унга мувофиқ Халқ депутатлари вилоят, шаҳар кенгашларидаги сиёсий партияларнинг депутатлик гуруҳлари билан маслаҳатлашиб, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодлари Президент томонидан халқ депутатлари Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади. Бунда ҳоким фаолиятини назорат қилиш ва қониқарсиз деб топилган ҳолларда вазифасидан озод қилиш бўйича тавсия киритиш ҳуқуқлари берилади. Мазкур концепция конституцион қонуннинг узвий давоми, уни ривожлантирувчи кейинги босқич сифатида такомиллашиб келаётганлигини кузатамиз. Бу ўз ўрнида Ўзбекистонда давлат ҳокимиятини шакллантиришда сиёсий партияларнинг бевосита иштирокининг ошишига олиб келди.
Юртбошимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузасида давлатимизнинг яқин ва узоқ истиқболига мўлжалланган эволюцион ривожланишнинг мантиқий давоми бўлиб, бу янги бир даврни бошлаб берди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловларда энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партиялар томонидан таклиф этилиши демократик ислоҳотлар йўлидаги ҳаракатларимизнинг изчиллигини яна бир бора тасдиқлайди. Бунда сиёсий партияларнинг ҳокимият учун курашиш ва уларни шакллантириш борасидаги фаолиятлари учун жамиятда реал сиёсий майдоннинг ҳуқуқий асослари яратилади. Айни пайтда, сиёсий партиялар ўз дастурий вазифаларини амалга оширишда партиялараро рақобат муҳитининг янада кучайишига, соғлом сиёсий мухолифатларнинг вужудга келишига ҳамда демократик ислоҳотларни янада чуқурлатиришга хизмат қилади.
Мазкур Концепциянинг 5-бўлими фуқaролик жaмияти институтлaрини шaкллaнтириш вa ривожлaнтиришга бағишланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |